Ёшлар -партиянинг ишончли қаноти

24 Июль, 11:15 • Андижон вилояти, Ёш адолатчилар, Муносабат, Янгиликлар • 127 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёшлар -партиянинг ишончли қаноти нет

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан учрашувидаги маърузасида сиёсий партиялар, депутатлар ва сенаторлар зиммасидаги масъулиятга тўхталар экан, “Ёшлар қаноти” фаолиятини ҳам таҳлилий-танқидий баҳолаш жараёнида билдирган фикрларлари фаоллигимизни янада ошириш, ташаббус билан ишлашимиз зарурлигини кўрсатди. Таъкидланганидек, ёшларнинг ғоявий, мафкуравий эҳтиёжларини қондириш шарт. Агар партиялар бунга эриша олмаса, бу бўшлиқни ғараз ниятли кучлар тўлдиришга ҳаракат қилиши шубҳасиз.

Инкор этиб бўлмайди, кейинги вақтда давлатимиз томонидан йигит-қизларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш ва инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ шунга қарамай бу борадаги ишларни талаб даражасида деб айтиш қийин. Оз бўлсада, ўсмирлар орасида ҳамон жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик холатлари  кузатилмоқда. Бу ўз ўзидан уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш зарурлигини кўрсатади.

Шу ўринда, Юртбошимиз томонидан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида ёшлар хақида билдирилган танқидий  фикрлар ёшлар билан ишловчи ҳар бир ташкилот фаолиятига берилган баҳо демакдир. Биз адолатчилар ҳам бундан тўғри хулоса қилган ҳолда эртанги кун эгаларига эътиборни янада оширишимиз зарур. Чунки партиянинг келажаги айни ана шу ўсиб келаётган авлод қўлида.

Олдимиздаги энг муҳим вазифалардан бири бу чет давлатлардаги ёшлар билан ишлаш. Чунки ноқонуний равишда ишлаш учун кетганлар билан ишлаш алоҳида эътибор талаб қиладиган масала. Улар бизнинг сафдошларимиз, тенгдошларимиз, мустақил Ўзбекистоннинг  фуқаролари. Бу масалада биз партия фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари биргаликда ишлашимиз керак. Ҳар бир фуқаронинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш зиммамиздаги долзарб вазифа  демакдир.

Яна бир муҳим вазифа уюшмаган ёшлар билан ишлаш. Уларни сафимизга қўшиш йўлида маҳалла ва ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда лойиҳалар ишлаб чиқиш, иш билан бандлигини таъминлаш зарур. Давлатимиз томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор, мавжуд имкониятлар ва яратилган қулайликларга муносиб жавоб бериш лозим.

Кези келганда Юртбошимизнинг биз-ёшларга қарата “…халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносига йигит-қизларимиз эркин кириб чиқадиган мухит ва шароит яратишимиз зарур. Токи ёшлар қонун қабул қилиш жараёнларидан бошлаб партиялар ўртасида бўладиган мажлис ва тортишувларни ўз кўзи билан кўрсин, депутатлар билан мулоқот қилсин. Демократия мактабини фақат китобдан эмас, балки мана шундай муҳитдан ўргансин. Шундагина уларда сиёсий тафаккур, баҳс маданияти шаклланади”, дея айтган фикрларидан тўғри хулоса чиқаришимиз зарур. Бу биз ёшларга бўлган ишонч ва масъулият демакдир.

Бир сўз билан айтганда, ёшлар масаласи ҳамма вақт долзарб вазифа бўлиб келган. Бугунги кун ҳам ҳар биримиздан бу вазифага эътиборли бўлишни талаб этади.

Райхона ЖЎРАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жалақудуқ туман кенгаши раиси.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »