Жамиятнинг фаол етакчилари бўлишга муносиб бўлайлик

31 Июль, 18:39 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 173 марта кўрилди • Комментариев к записи Жамиятнинг фаол етакчилари бўлишга муносиб бўлайлик нет

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида илгари сурилган барча долзарб масалаларга  бепарволик билан ёндашиш мумкин эмас.

Масалан, Юртбошимиз томонидан ўртага ташланган ёшлар масаласини олайлик. Эътибор берадиган бўлсангиз, давлатимиз раҳбари қайси соҳа вакиллари билан мулоқот ўтказмасин, албатта ёшлар масаласини алоҳида тилга олиб ўтади ва ечимини кутаётган муаммоларга тўхталади. Мен бир партия вакили сифатида аниқ айта оламанки, бугун дунёнинг бирорта ҳам мамлакатида юртимиздагидек, ёшлар сиёсатига қайта-қайта мурожаат қилиниб, улар келажаги давлат раҳбарининг доимий эътиборида бўлмаса керак.

Дарҳақиқат, ушбу долзарб масалага биз сиёсий партиялар вакиллари етарли эътибор бераяпмизми, ўзи? Партия Кенгаши ҳузурида ташкил этилган “Ёш адолатчилар” қаноти фаолияти қониқарлими? Ушбу қанот фаоллари шаҳар Кенгашига уюшган 600 нафардан зиёд ёшлар ва 2 минг нафар хайрихоҳ ёшлар билан яқиндан, бевосита иш олиб бораяптими?

Ҳа, саволлар кетидан яна савол  туғилаверади. Хўш, уларнинг ечими қай аҳволда? Биз Президентимиз маърузаларида илгари сурилган энг муҳим вазифалардан бири-уюшмаган ёшлар билан алоҳида иш олиб боришга эътиборни кучайтирдик. Ҳозир шаҳримиздаги барча маҳаллаларда, корхона, ташкилот ва муассасаларда қанча уюшмаган ёшлар борлигини ҳисобга олаяпмиз. Шундан сўнг шаҳар партия Кенгаши ҳузурида давлат  ва нодавлат ташкилотлари, жамғармалар, олий ўқув юртлари профессор ўқитувчилари ва ҳаётий тажрибага эга фахрийлардан иборат тарғибот гуруҳлари тузиб, уюшмаган ёшлар билан иш олиб бораяпмиз. Уларни турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолишларидан ҳимоя қиламиз. Шаҳар ҳокимлиги ва унинг тасарруфидаги идоралар кўмагида ёшларни муносиб иш билан таъминлаш, янгидан оила қурган йигит-қизларни арзон уй-жой олишларига  ёрдам бериш чораларини кўраяпмиз. Бундан ташқари, касб-ҳунар эгалламоқчи  бўлган  эртамиз эгалари учун бандлик марказлари томонидан бир, уч, олти ойлик ўқув  курслари ташкил этиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида юрган ёшларга эса тижорат банкларидан кредит олишларига тўғри йўл кўрсатиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаяпмиз. Ёшлар билан турли мавзуларда юзма-юз мулоқотларни ҳар ҳафтада уюштириш учун чора-тадбирлар белгилаб олаяпмиз. Албатта, ёшлар билан ўтказиладиган бундай учрашув, мулоқотлар нафақат уларнинг ҳуқуқ  ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашга таъсир қилади, балки кўнглида эзгулик, яхшилик умидини уйғотиб,  мамлакатимиз давлат идораларига нисбатан ишончини оширишга ҳам ижобий таъсир  кўрсатади.

Айни пайтда шаҳар партия Кенгашининг 2 минг 300 нафар аъзоси 54 та бошланғич партия ташкилотларига уюшган. Халқ депутатлари шаҳар Кенгашида эса тўрт нафар депутатларимиз иш олиб боришаяпти. Йиғилишда Президентимиз томонидан айтилган ҳар бир сўз бугун барча партиядошларимизни янада шижоатли ва ғайратли, ташаббускор бўлишга ундамоқда.  Минг ачиниш билан айтишим мумкинки, ҳақиқатдан ҳам давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилганидек, биз сиёсий партиялар вакиллари аҳоли учун самарасиз тарғибот ишларини кўпайтириб юборган эканмиз. Энди бу каби фаолиятимизга чек қўйиб,  одамлар билан жонли мулоқот ташкил этиш, уларнинг дарду-ташвишларини юракдан ҳис этиб, кўмак беришнинг самарали йўл-йўриқларини излаяпмиз. Фаолиятимизда бундан буён одамлрнинг ҳар бир мурожаати беиз кетмаслиги учун қўлимиздан келган барча чораларни кўрамиз. Шу ўринда яна бир муҳим жиҳат борки, у ҳам бўлса фаолиятимиз ҳақида кенг ҳалқ оммасини воқиф қилиш учун ҳайрли ташаббус ва ишларимизни оммавий ахборот воситаларига мунтазам ёритиб боришни ҳам йўлга қўямиз.

Бугун одамларнинг дунёқараши аввалгидек эмас. Президентимиз куюнчаклик билан қайд этиб ўтганларидек, замон шиддат билан ривожланмоқда. Шундай экан, жамиятнинг фаол етакчилари ҳисобланмиш биз сиёсий партиялар вакиллари ватанимизнинг тараққиёти йўлида ўз ташаббусимиз, фидоийлигимиз билан намуна кўрсатишимиз даркор.

Гулноза РАДЖАБОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қарши шаҳар Кенгаши раиси.

Жамиятнинг фаол етакчилари бўлишга муносиб бўлайлик was last modified: Июль 31st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »