182 та мурожаатдан 116 тасининг ижроси таъминланди

4 Август, 19:12 • Адолат қабулхонаси, Марказий аппарат, Янгиликлар • 1022 марта кўрилди • Комментариев к записи 182 та мурожаатдан 116 тасининг ижроси таъминланди нет

Партиямиз тизимида жорий йилнинг февраль ойидан иш бошлаган “Адолат” қабулхоналари ўтган вақт давомида депутатларимиз, фаолларимизнинг электорат ва сайловчилар билан яқиндан мулоқот қилишида, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топишда энг қулай воситаларидан бирига айланиб улгурди.

Июнь ойида “Адолат” қабулхоналарига республика миқёсида аҳолидан жами 182 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шулардан 116 тасининг ижроси ўз вақтида таъминланишига эришилди.

Партиямизнинг Андижон вилоятидаги ҳудудий кенгашлари қабулхоналарига йўлланган мурожаатларга эътибор қаратадиган бўлсак, фуқаролар асосан ўзларини қийнаётган ижтимоий муаммоларга ечим топишда партиямиз депутатлари ва фаолларига ишонч билдиришаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат чуқур ўрганилиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилаётгани бундай ишончга муносиб жавоб бўлмоқда. Ўз ечимини топган айрим мурожаатлар бунга мисол бўла олади.

Ўз томорқасида иссиқхона ташкил этиб, лимон етиштиришни мақсад қилган “Янгиобод” маҳалласида яшовчи ў.Рўзиев банк муассасасига керакли ҳужжатларни тақдим этганига 2 ой бўлишига қарамай ҳалигача кредит ололмаётганлиги ҳақида Бўз туман партия кенгашига маълум қилди. Туман партия кенгаши томонидан банкнинг ҳудудий филиалига чиқарилган сўров қисқа муддатда ўз самарасини берди. Фуқаро ў.Рўзиевга 7 400 000 сўм миқдорида кредит ажратилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ў.Рўзиев партия фаолларидан миннатдор.

Балиқчи туманидаги “Кўл” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Хожимуродов айни вақтда республикамиз ҳудудлари бўйлаб ғалладан бўшаган ерларга такрорий экин экишга муҳим эътибор қаратилиб, бу борада яратилаётган шароитлардан фойдаланиш мақсадида ер олиш учун амалий ёрдам зарурлигини баён этган. Халқ депутатлари Балиқчи туман Кенгаши депутати Х.Мадазимов томонидан “Гулистон” фермер хўжалигига чиқарилган депутатлик сўрови орқали фуқарога икки гектар ер ажратилиб, мош экиб, деҳқончилик қилиши учун шароит яратилди.

Асака туман партия кенгашининг “Адолат” қабулхонасига “Арғин” маҳалласида яшовчи А.Қодиров қандли диабет касаллиги билан оғриганлиги сабабли даволанишга амалий ёрдам берилишини сўраб мурожаат қилди. Ушбу масалани атрофлича ўрганиб чиққан халқ депутатлари Асака туман Кенгаши депутати Ф.Мадиярова фуқаронинг оилавий шароити билан танишганда А.Қодиров ҳақиқатдан даволанишга муҳтож эканлиги, аммо бунга моддий имконияти етарли эмаслиги маълум бўлди. Туман тиббиёт бирлашмасига чиқарилган депутатлик сўрови орқали А.Қодировнинг бепул даволаниши учун ордер олиб берилди.

Избоскан туман партия кенгаши қабулхонасига “Бирлашган” маҳалласида истиқомат қилувчи О.Мўминовадан келган мурожаатни халқ депутатлари туман Кенгаши депутати О.Ўринова ўрганиб чиқди. Депутат ушбу оила шароити билан яқиндан танишди. Фуқаронинг мурожаатида келтирилганидек, О.Мўминованинг қарамоғида ногирон фарзанди борлиги, кам таъминланган оила эканлиги сабабли электр энергиясидан қарздорликни тўлай олмагани учун тармоқдан узиб қўйилганлиги маълум бўлди. Депутат О.Ўринова шу куннинг ўзидаёқ ҳомийлик сифатида ўз ҳисобидан мурожаатчининг электр энергиясидан қарзини тўлаб, сайловчининг электр тармоғига қайта уланишига ёрдам кўрсатди. Халқ дарди, ташвиши билан яшаб, унинг муаммоларини ўз муаммоси сифатида қабул қиладиган бу каби жонкуяр, фидойи депутатлар кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда.

Шунингдек, Хўжаобод туман “Хидирша” маҳалласида яшовчи III гуруҳ ногиронлари И.Нодиров ва Р.Ҳайдаровларнинг фарзандлари ёзги оромгоҳда ҳордиқ чиқариши учун бепул йўлланма олишда амалий ёрдам беришни сўраб йўллаган мурожаати халқ депутатлари Хўжаобод туман Кенгаши депутати М.Парпиева томонидан чиқарилган депутатлик сўрови орқали ижобий ҳал этилди. Уларнинг фарзандлари Хўжаобод туманида жойлашган “Боғбон” оромгоҳига йўлланма билан таъминланди.

Албатта, астойдил ҳаракат қилинса фуқароларни ўйлантираётган ҳар қандай масалага ечим топиш мумкин. Бунинг учун мавжуд масалага халқпарварлик ва жиддий масъулият билан тўғри ёндашилса бас, пировардида фуқароларнинг манфаатлари рўёбга чиқади.

Дилноза МИРЗАМАҲМУДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходими.

182 та мурожаатдан 116 тасининг ижроси таъминланди was last modified: Август 4th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »