Адолат бор жойда турмуш фаровон бўлади

3 Август, 12:50 • Давра суҳбати, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 71 марта кўрилди • Комментариев к записи Адолат бор жойда турмуш фаровон бўлади нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Бўка тумани Кенгаши томонидан ташкил этилган давра суҳбатида Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 13 июнь куни суд органлари ходимлари билан учрашувдаги “Қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш – барча эзгу мақсадларимизга эришишнинг энг муҳим шарти” мавзусида сўзлаган нутқидан келиб чиқадиган Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик корпуси ҳамда фаоллари олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига эътибор қаратилди.

Бўка тумани ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган тадбирда партиянинг туман Кенгаши аъзолари, Жиноий ишлар бўйича туман суди, туман Табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси, туман Ободонлаштириш бўлими, туман Ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлими ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатини туман Кенгаши раиси Миродилла Ҳасанов кириш сўзи билан очиб берар экан, Давлатимиз раҳбари маърузасининг мазмун-моҳиятига кенг тўхталди. — Президентимиз адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келгани, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Куч – адолатда” деган ҳикматга амал қилиб, давлат бошқарувини ташкил қилиш, эл-юртнинг тинчлиги ва ободлигини таъминлашга эришганини қайд этиб, бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш энг муҳим вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Шарифжон Абдувалиев, Жиноий ишлар бўйича Бўка тумани суди девонхона мудири:

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий органи сифатида давр талаблари асосида янгидан шакллантирилгани, одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган ҳолат – судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани тизим ривожи йўлида муҳим қадам бўлгани фаолиятимизда туб бурилиш ясади, десам янглишмайман. Партия томонидан ўтказилган бугунги тадбир ҳам фуқароларимизни суд органларига бўлган қарашларини, ҳуқуқий саводхонлигини яна бир карра оширишда катта аҳамиятга эгадир.

Учрашув давомида ташкилотлар вакиллари ўзларининг турли ҳуқуқий саволларига соҳа эгалари томонидан атрофлича жавоб олишга муваффақ бўлишди. Мавзунинг долзарблиги тингловчиларни ҳам фаолликка ундадики, суҳбат баҳс-мунозарага айланиб кетди. Жонли мулоқот, хилма-хил фикрлар барчада бирдек қизиқиш уйғотди. Дарҳақиқат, бугун ижро органлари вакиллари халқнинг орасига кириши, мавжуд муаммоларга адолатли ечим топиб, фуқароларга енгиллик яратишга интилиши  уларнинг бош вазифасига айланди. Албатта, буларнинг замирида турмушимиз фаровонлиги, халқнинг ҳуқуқ ва манфаатлари энг юксак ўринда турганлиги барчамизга яққол намоёндир.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Адолат бор жойда турмуш фаровон бўлади was last modified: Август 3rd, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »