АДОЛАТЛИ ҚАЙНОНА ЖАМИЯТ НЕГИЗИ БЎЛГАН ОИЛАНИНГ МУСТАҲКАМ ТАЯНЧИДИР

22 Август, 17:27 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 137 марта кўрилди • Комментариев к записи АДОЛАТЛИ ҚАЙНОНА ЖАМИЯТ НЕГИЗИ БЎЛГАН ОИЛАНИНГ МУСТАҲКАМ ТАЯНЧИДИР нет

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда Вилоят Касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси катта залида “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда барча шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман кенгашлари депутатлари, маҳаллий Кенгаш раислари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган мақсад, воҳадаги фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада ибратли фазилатларга эга, маҳалла-куй орасида намуна кўрсата оладиган, савияси, сиёсий онги, халқимиз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаб, хонадонларида тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган қайноналарни рағбатлантиришдан иборат.

Шунингдек, тадбирда оилада адолат ҳамда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш, никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, оила ва жамият, оила ҳамда маҳалла муносабатларига боғлиқ анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш, шунингдек, оммалаштиришга кенг эътибор қаратилди.

Тадбирни партиянинг вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамраев очиб берди ва иштирокчиларни танлов Низоми қоидалари билан яна бир бора таништириб ўтди. Вилоят Кенгаши раиси Р.Ҳамраев сўзи давомида бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар ҳамда партиянинг Сайловолди дастурида ҳам аёлларнинг жамиятдаги сиёсий мавқеини ошириш, ҳуқуқий билимларини кучайтириш, ташаббускор аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида мақсадли вазифалар ўрин олгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Танлов қайноналарнинг оқилалиги, саришталиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқараши мустаҳкамлиги, сиёсий саводхонлиги, умумбашарий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганлиги, эртак ва аллалар айтишдаги маҳорати, амалга оширган лойиҳаларини таҳлил этиш, саралаш ва баҳолаш асосида амалга оширилди. Шунингдек, ушбу танловнинг ташкил этилиши “адолатли” қайноналар орасида энг билимдон, зукко ва фаолларини танлаш, уларни янги истиқболли режалар сари йўналтиришда муҳим омил бўлиши таъкидланди.

Иқбол Қодирова, кўрик-танлов иштирокчиси:

Танловга тайёргарлик жараёнида ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқарашим мустаҳкамланди. Биз қайноналар оила ва жамиятдаги бурч-вазифаларимизни янада мустаҳкамлаб олдик. Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган бундай тадбирлар жамиятимизда мустаҳкам оилалар сонини кўпайишида никоҳнинг муқаддаслигини ёшларимиз онгига сингдиришда, ажримларнинг олдини олишда, қайнона-келин муносабатларини тўғри йўналтиришда катта аҳамиятга эгадир. Шу билан бирга ҳаётий тажрибаларимиз билан бир қаторда сиёсий билимларимизни ҳам оширишда ўринлидир.

Иштирокчилар белгиланган шартлар асосида ўзларининг билим ва маҳоратларини намоён этишди. Танлов натижаларига кўра 3-ўринга Жарқўрғон тумани “Ғур-ғур” МФЙ иштирокчиси Қодирова Иқбол, 2-ўринга Шеробод туман “Хўжги” МФЙ иштирокчиси Улуғбердиева Манзура лойиқ деб топилди. Вилоят босқичида Сариосиё тумани “Афросиёб” МФЙ дан ташриф буюрган Камола Хидирова “Адолатли қайнона” деб топилди ва республика босиқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди. Тадбир якунида барча қатнашчиларга Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилояти Кенгашининг дипломлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилояти Кенгаши матбуот котиби.

АДОЛАТЛИ ҚАЙНОНА ЖАМИЯТ НЕГИЗИ БЎЛГАН ОИЛАНИНГ МУСТАҲКАМ ТАЯНЧИДИР was last modified: Август 22nd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »