Қайнона: оила осойишталиги посбони

14 Август, 16:53 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 156 марта кўрилди • Комментариев к записи Қайнона: оила осойишталиги посбони нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг барча шаҳар ва туман кенгашлари томонидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга, ажримларнинг олдини олишга, никоҳнинг муқаддаслигини ёшлар онгига сингдиришга, қайнона ва келин муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган “Адолатли қайнона” кўрик-танлови ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувида «Биз одатда жамиятимиз ҳаётига қарши қаратилган хавф-хатарлар ҳақида гапирганда, кўпинча четдан кирадиган таҳдидларни тушунамиз. Лекин эски замондан қолган айрим салбий ҳолатлар, афсуски, бугунги тинч ва ёруғ ҳаётимизга соя солиб турибди. Лоқайдлик, бир-бирини кўролмаслик, оилада эр-хотин, қайнона-келин, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик, аёлларга беписанд қараш – бундай ярамас иллатлар бизга, бизнинг халқимизга мутлақо ярашмайди», дея таъкидлаган эди.

Шу муносабат билан Иштихон Педагогика коллежи фаоллар залида Ўзбекистон «Адолат» СДП Иштихон туман Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Адолатли қайнона” кўрик-танловида туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, туман касаба уюшмалари бирлашмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда маҳаллаларда истиқомат қилувчи қайноналарнинг ташаббускорлиги, жамиятда кечаётган воқеа-ходисалардан хабардорлиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқараши мустаҳкамлиги, миллий ва умумбашарий қадриятларни яхши ўзлаштирганлиги, оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш, миллий оилавий тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш, ёш авлодда маънавият, маданият, маърифатни янада юксалтириш орқали оилада баркамол авлодни тарбиялашнинг энг самарали, мақбул йўллари билан ён атрофидагиларга ўрнак кўрсата олган, бой ҳаётий тажрибалари орқали, катта-ю кичикка тарбиявий таъсир кўрсата оладиган фаол аёлларнинг ҳар бир шарт бўйича чиқишлари ҳакамлар томонидан адолатли тарзда баҳоланиб борилди.

Озода Анорова, туман Кенгаши депутати:

Оилада шундай нозик ришталар боғланиб, гўзал муносабатлар ўрнатилганки, унга кўра, биз ўзбеклар менталитетига хос бўлган дунёқарашда оилада каттаю кичикнинг ўз ўрни, бурчи, маънавий жавобгарлиги бор бўлиб, уни ҳар бир аъзо ҳис қила билиши талаб этилади. Доно халқимизда бежизга “қайнона оиланинг режиссёри” деган гаплар айтилмаган, янги келинчак бегона хонадонга тушиб нима қилишни билмай, хонадон эгалари кунглиги йўл топа олармиканман? деган ҳадик билан турган бир вақтда, қайноналаримиз янги келинчакка рўзғор тутиш малакаларини, сирларини меҳрибонлик билан ўргатиб борса, ёш ниҳол бу оилада тўп қўйиб, палак ёзади, бундан қайнонанинг кўнгли хотиржам тортса, ёш оила бекаси тажрибали “устози” сабаб, рўзғорнинг синовлари бисёр йўлига қийналмай тушиб олади.

Танловда барча иштирокчилар ичида ўзининг фаоллиги, ҳаёт йўлидаги ибратли мисоллар орқали томошабинлар олқишига сазовор бўлган Шайхлар маҳалла фуқаролар йиғини фуқароси уч келин ва уч куёвнинг АДОЛАТЛИ қайнонаси Эшмуродова Ойсафар ғолиб деб топилиб, танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди

Эшмуродова Ойсафар, танловнинг туман босқичи ғолиби:

Ёшлигимда бир гапни эшитгандим, ҳар бир аёл турмушга чиққач 3 даврни бошидан ўтказар экан: 1) Қуллик даври — келин бўлганидан сўнг турмуш ўртоғига, қайнота ва қайнонасига итоаткор бўлиш дегани. 2) Вазирлик даври — фарзандларини вояга етказиб уйли жойли қилишда турмуш ўртоғи ва оиладаги катталар билан маслаҳатлашиб иш кўриш дегани. 3) Подшохлик даври — ўғлини уйлантириб ёки қизини турмушга бериб қаноналик қилиш дегани. Бу гаплар қанчалик тўғри ёки нотўғри билмадиму, лекин баъзи оилаларда маҳаллада яраштирув комиссияси раиси сифатида фаолият юритганимда 1-даврни хаддан ошириб юборган, қайноналар келин ҳудди унинг чўрисидек муомилада бўлган ҳолатларни ҳам гувоҳи бўлганман. Ёшгина келинни қўлингиздаги хамир деб тасаввур қилинг. Қўлингиздаги зувала хамир ҳам қаттиққина, пишиққина бўлиши, ҳам чиройли ёйилиши учун унга ишлов бериш лозим. Аммо бу “мушт” тарсаки ё шартаки гап кўринишида эмас, меҳрибонлик, тушунтириш орқали амалга ошсин, яхши ишларига мақтов, маслаҳат, тартибга чақиришда ўз қизингиз каби меҳр ва меъёрда бўлсангиз оила ишларида нўноқ, хонадонингизга янги тушган келин ҳам сизнинг ҳаракатларингиз билан озода, саранжом, ҳар ишда ибратли бекага айланади.

Бугунги кунда ҳам халқимизнинг ушбу эзгу қадрятларини давом эттириб оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни яратиш, кундалик ҳаётдаги турли низоларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, қайнона-келин ўртасидаги муносабатларнинг ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибатга асосланишига эришиш йўлида юқоридаги каби ибратли, адолтли қайноналаримиз, нуроний онахонларимизнинг ибратли ҳаёт йўлларини, бой тажрибаларини кенг оммага тарғиб қилишда бу каби кўрик-танловларнинг ўрни беқиёс алабтта. Зеро, оила мустаҳкамлиги жамият таянчи, юртнинг ишончли келажаги ҳисобланади. Оила тинч бўлса жамиятимиз осойишта, фаровон, болаларимиз эса ватан тақдири учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга қодир комил инсонлар бўлиб вояга етади.

 

Элдор СОДИҚОВ ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Иштихон туман Кенгаши раиси

(Самарқанд вилоят).

Қайнона: оила осойишталиги посбони was last modified: Август 14th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »