Қайнона она бўлолмайдими?

1 Август, 12:35 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 159 марта кўрилди • Комментариев к записи Қайнона она бўлолмайдими? нет

Оила бу — келажакнинг тамал тошини қўювчи, авлодлар давомийлигини сақловчи қадимий қўрғон. Фақатгина оила аталмиш маконда меҳр-оқибат, эзгулик, садоқат каби эзгу фазилатлар шаклланади. Оила – Ватан ичра Ватан, жамиятнинг таянчи, никоҳ эса унинг пойдевори ҳисобланади. Оилани барпо қилиш билан киши катта ажрга эга бўлса, унинг барбод бўлишига сабаб бўлиш эса оғир гуноҳдир.

Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда ушбу муқаддас даргоҳга енгил қаршлар кўпайиб бораётгандек гуё, ундаги юк ва масъуллик туйғуларининг моҳиятини англаб етмаган баъзи ёшлар, билиб-билмай ҳар хил баҳоналарни рўкач қилиб оилаларнинг бузилишига сабабчи бўлаётган катталар ҳам жамиятимизда учраб турибди. Оилаларнинг ажралиб кетишида энг кўп можароларга сабаб бўладиган муносабат — бу қайнона-келин муносабатидир.

Демакки, бу борада олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, мустаҳкам оила барпо қилишга эришиш борасидаги тарғибот ишларимизни янада кучайтиришимиз, бунда кўпни кўрган, ҳаётий тажрибага эга нуроний онахонларимизнинг кўмагидан фойдаланишимиз кераклигини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Ана шундай эзгу ғоя йўлида Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгашининг барча шаҳар ва туман кенгашлари томонидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда, қайнона ва келин муносабатларида адолатни ўрнатиш, ибратли умр йўли билан намуна бўла оладиган оилаларни инсонларга ўрнак қилиб кўрсатиш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш, тенгликни таъминлаш, пировардида оилаларнинг барқарорлигига эришиш, партия сафига ташаббускор ва фаол аёлларни жалб қилиш, жойларда партия ташкилотлари “Аёллар қаноти” Кенгашларининг ўзаро рақобатини ривожлантириш орқали уларнинг салоҳиятини ошириш мақсадида “Адолатли қайнона” кўрик – танловлари бўлиб ўтмоқда.

Пастдарғом туманида партия туман Кенгаши томонидан ташкил этилган маҳаллалардаги ибратли, фаол қайноналар иштирокида ўтган беллашувда, номзодларнинг ўзи яшаёган жойнинг анъаналари, урф – одатлари, ўзига хос хусусиятлари, оилавий қадриятлари ҳақидаги тасаввурларга эгалиги, ташаббускорлиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқарашининг мустаҳкамлиги, миллий урф-одатлар, анъана ва қадриятларимизни яхши ўзлаштиргани, оилада маънавий соғлом муҳитни яратишда, баркамол авлодни тарбиялашда қўшаётган ҳиссалари, хотин – қизлар ўртасида ижтимоий – иқтисодий, сиёсий – ҳуқуқий, маънавий – маърифий ва тарғибот ва ташвиқот ишларидаги фаоллиги кабиларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг ҳар бир чиқишлари ҳакамлар томонидан адолатли тарзда баҳоланиб борилди.

Гулмира Бобоева, “Аёллар қаноти” туман Кенгаши фаол аъзоси:

Албатта, биз ўзбекларнинг ҳар бир маҳалламизда барчага ибрат бўлгувчи ёшу улуғ нуронийларимиз, “Анзират буви” каби кайвониларимиз бор. Улар нафақат ёшларни, балки келининг “йўриғига юргизиш” пайида оромини йўқотган баъзи қайноналаримиздан ҳам ўз маслаҳатларини аямайдилар, тўғри йўлга бошлайдилар. Фақат биз маҳалла билан ҳамкорликда уларни бу ишга жалб қилишимиз керак. Албатта, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, айниқса, қайнона-келин ўртасидаги низоларни бартараф этиш осон иш эмас. Бундай ҳолларда кўпни кўрган онахонларнинг ҳаётий тажрибаларию ўгитлари қўл келади. Уларнинг пурмаъно сўзлари, ҳаёт сабоқлари энг қийин масалаларнинг ҳам ечимини топишда бизга йўл кўрсатади. 

Эътиборли жиҳати шундаки оилалардаги ижтимоий аҳамиятга эга бўлган қайнона ва келин муносабатларининг барқарорлигини таъминлаш, оилаларда ўзаро соғлом муҳитни яратиш мақсадида ўтказиб келинаётган “Адолатли қайнона” кўрик — танловида маҳалларда истиқомат қилаётган, обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга, зиёли, кайвони онахонлар, бошқаларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган фаол аёллар иштирок этмоқда. Турган гапки, уларнинг бой тажрибаларини, шундай танловлар орқали  кенг тарғиб қилишга эришилади.

Шоира Ахмедова, Пастдарғом тумани Юқори пағонали МФЙ фуқороси, “Адолатли қайнона” кўрик – танлови ғолиби:

Ўзбекларда азалдан оила муқаддас даргоҳ сифатида қаралган бўлиб, бизнинг оилаларимиз  ўзларининг мустаҳкамлиги, сарамжон-саришталиги, болажонлиги, қариндош-қондошлик ришталарини  ҳурмат қилиши, меҳр-оқибатли  ва  бошқа қадриятлари билан бошқа миллатлардан ажралиб  туради. Албатта, оилада ҳар хил вазиятлар бўлиши мумкин. Ёш ниҳолни бошқа жойга кўчирсак, ўниб-ўсиб кетиши учун қансалик эътибор ва парвариш лозим эканлигини  унутмай, хонадонимизга янги келин тушганда ҳам худди шундай, унга қанча самимий бўлиб, билмаганини ўргатиб, хатоларини тузатишга имкон бериб, унинг янги оилага кўникиб, илдиз отиб кетишига кўмаклашсак, шу оилада соғлом муҳит қарор топади.Ўзим 3 ўғилни тарбиялаб вояга етказдим, 2 нафар келиним бор, қизим йўқлиги сабабми уларни ўз қизим сифатида кўраман, худога шукр маҳаллада оиламиз энг намунали оилалардан ҳисобланади. Бу каби тадбирлар, танловларни кўпроқ ташкил этиш, орамизда учраб турадиган “келин мени чизган чизиғимда юриши шарт” деб фикрлайдиган, айрим қайноналарга ёки “қайнона она бўлолмайди” деган фикрдаги келинларга ўрнак кўрсата олишига, оилалардаги тинчлик-тотувликни таъминлашга хизмат қилишига ишонаман.

Танловда  1-ўринни Мамадалиева Раъно, 2-ўринни Эшқулова Замира, 3-ўринни Қодирова Баҳоралар эгаллашган бўлса, қолган 7 нафар иштирокчилар тегишли номинацияларга муносиб топилиб партия вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари ва дипломлари билан тақдирланди.

 

Хонбуви ХАЙИТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Пастдарғом туман Кенгаши раиси.

Қайнона она бўлолмайдими? was last modified: Август 1st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »