Қайноналар — оила даргоҳи устунлари

21 Август, 19:17 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 161 марта кўрилди • Комментариев к записи Қайноналар — оила даргоҳи устунлари нет

Оила халқимизнинг муқаддас урф-одатлари сайқал топадиган, келажак авлод камолотига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия масканидир. Муқаддас даргоҳнинг устунлари эса қайноналар ҳисобланади. Зеро, мунис оналар эр-хотиннинг аҳиллиги, оиладаги файз-барака, тинчлик, маҳалла ва қўни-қўшнилар билан ўзаро хамжиҳатлик ришталарини боғловчи оила чароғбонларидир.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси «Маҳалла» хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда бой ҳаётий тажрибага эга, оиладаги муқаддас анъаналарни тарғиб қилувчи, жамиятда оила асослари, адолат тамойилларини мустаҳкамлашда ибрат бўладиган, қайнона ва келин муносабатларида аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган, мўтабар аёлларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида “Адолатли қайнона” кўрик-танлови жорий қилиниб, республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон миллий матбуот марказида «Адолатли қайнона» кўрик-танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.

Унда сафдошларимиз орасида фаол, ташаббускор, оилада маънавий қадриятларни шакллантира олган, хонадонларида тинчлик-хотиржамликни мустаҳкамлашда намуна бўлувчи мунис қайноналар иштирок этди.

Гулчеҳра Иброҳимбекова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

«Адолатли қайнона» кўрик-танловида ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этиб, шунга амин бўлдимки, юртимизда қайнона бўлиш муқаддас ва шарафли вазифадир. Сабаби, қайнона ва келин ўртасидаги муносабат нафақат бир оила, маҳалла балки бутун жамиятдаги аҳлоқий, тарбиявий мезонларга таъсир кўрсатади. Масалан, «Бегона баҳор» бадиий филмида ўзим ижро этган салбий образ мисолида гапирадиган бўлсам, биргина қайнонанинг оғир феъли гулдай оила бузилишига, ачинарлиси, оиладаги салбий муносабатлар туфайли бир гўдакнинг вафот этиши каби аянчли ҳолатга олиб келади. Шу боис ҳам келинларнинг оила деб аталувчи қўрғонга қадам қўйиши, ҳаётнинг паст-баландини енгишда маслаҳат бериш, хато ва камчиликларни биргаликда бартараф этиш, энг муҳими, оилада соғлом муҳитни асраш, ажримларнинг олдини олишда қайноналарнинг ўрни катта, деб ҳисоблайман.

Карима Таниқулова, «Абдулла Қаххор» маҳалла маслаҳатчиси:

Ота-боболаримиз оила муқаддаслигига алоҳида эътибор қаратишган. Бунинг учун бўлажак қудалар бир-бирини яхшилаб сўраб-суриштириб, келажакда оила қураётган ёшлар ҳар томонлама соғлом бўлса, ўзларидан кўпайиб, тиниб-тинчиб, аҳил, иноқ ва тотув яшаб кета олишига кўзи етса, тўй қилишган. Халқимизда «Қудачилик — минг йилчилик» деган мақол бежизга айтилмаган.

Афсуски айрим ота-оналарнинг бепарволиги туфайли ёшлар ҳали оила қуришга тайёр бўлмасдан, бир-бирини тўғри англамасдан, охирини ўйламасдан қурган турмушлари оқибатида бугун ажримлар кўпаймоқда. Натижада болалар бирови отаси билан, бирови онаси билан ёки умуман ота-она меҳридан мосуво бўлиб, бобо-бувиси ёки бошқа қариндошлари қарамоғида қолаётган ҳоллари ҳам учрамоқда. Кейинги вақтларда бундай салбий ҳолат кўпайиб бораётгани кишини ташвишга солади. Ажрим бўлаётган оилаларни ўрганганимизда эр-хотиннинг оила масъулиятини ҳис қилмасдан, оддийгина қилиб, «биз келиша олмаймиз, характеримиз тўғри келмайди”, — деган жавобини эшитамиз.

«Адолат» социал-демократик партияси томонидан ташкил этилган «Адолатли қайнона» кўрик-танлови жамиятимизда қайноналарнинг оиладаги ўрнини янада ошириш, эр-хотин ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга, ажримларнинг олдини олишга ва энг муҳими фарзанд, невараларнинг комил инсон бўлиб вояга етишларида ҳисса қўшишга ёрдам беради.

Эътиборлиси, «Адолатли қайнона» кўрик-танлови орқали муайян ҳудудда истиқомат қилаётган, обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга, зиёли, тарбиявий таъсир кўрсата оладиган фаол аёллар тажрибаси кенг тарғиб этилиб, қайнона ва келинлар муносабатларида ўзаро ҳамфикрлик, ҳамжиҳатликни қарор топтириш, оилада аҳилликни, муқаддас ришталарни янада кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан мазкур кўрик-танловнинг ижтимоий аҳамияти каттадир.

Танлов шартларига мувофиқ иштирокчи қайноналар оила, маҳалла ва меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари, оилавий қадриятларни қарор топтиришда ўз тажрибасига эга, фарзандларни баркамол этиб тарбиялашдаги ибратли фазилатлари, улар онгига оила ва никоҳнинг муқаддаслигини сингдира олганлиги ва бошқа шу каби мезонлар асосида саралаб олинди.

Якуний натижаларга кўра, танлов ғолиблари очиқлик, холислик, ошкоралик, кучли рақобат ва адолатлилик тамойиллари асосида аниқланиб, «Абдулла Қаххор» МФЙ маслаҳатчиси Карима Таниқулова I ўрин, Учтепа туман «Нуроний» жамғарма раиси Алимова Шарифа II ўрин ва «Гавҳар» маҳалласи маслаҳатчиси Муаттар Хамроева III ўринга сазовор бўлишди.

Танлов ғолиблари Тошкент шаҳар партия Кенгаши томонидан қимматбаҳо совға ва дипломлар билан тақдирланиб, I ўрин соҳибаси кўрик-танловнинг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Феруз ЖЎРАЕВ,
Тошкент шаҳар партия Кенгаши
Матбуот котиби.

Қайноналар — оила даргоҳи устунлари was last modified: Август 22nd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »