Андижонлик спортчи-сафдошларимиз: Биз кутган қарор

22 Август, 12:39 • Андижон вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 70 марта кўрилди • Комментариев к записи Андижонлик спортчи-сафдошларимиз: Биз кутган қарор нет

Президентимизнинг «Нуфузли халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида»ги қарори матбуотда эълон қилинди. Бу андижонлик Ўзбекистон “Адолат” СДП сафидаги спортчиларни ҳам қувонтирди.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Андижон вилоят филиали директори, партиядошимиз Неъматжон Абдураҳмонов:

Спортчиларимиз, мураббийларнинг кўпдан бери орзу қилган ниятлари рўёбга чиқмоқда. Қарорга мувофиқ жисмоний тарбия ва спорт Давлат қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари билан биргаликда «Катта спортдан кейинги фаолият» ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилмоқда.

Олимпия ўйинлари ғолиби М. Абдуллаев:

Анчадан бери «Муҳаммадқодир Абдуллаев» хусусий бокс мактаби ташкил этиш ҳаракатидаман. Очиғи, ҳаракатларим зое кетаётган эди. Ўйлайманки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қароридан кейин бу борадаги ишларим юришиб кетади. Чунки қарорнинг 8-моддасида «…спорт йўналишидаги фаолиятини сақлаб қолиш шарти билан «ноль» қийматида бўш бино ва иншоотлар берилиши ҳамда аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан ер участкалари ажратиш таъминлансин» деб ёзиб қўйилган.

Унинг сўзларини яна бир жаҳонга машҳур спортчи Баҳодир Султонов ҳам маъқуллади:

Хорижий мамлакатларда бўлганимизда спортчи ва тренерларни рағбатлантирувчи имтиёзларни эшитардик. Эндиликда мамлакатимизда ана шундай ишлар хорижданда зиёда шаклда амалга ошириляпти. Бунинг учун Президентимиздан миннатдормиз. Ўзбекистон профессионал спортга дадил қадам ташлади.

Андижон шаҳридаги футболга ихтисослашган мактаб-интернати ўқувчиси, ўсмирлар ўртасида Сочи шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнир ғолиби, жамоа сардори Абдувоҳид Атаев биз билан суҳбатда шундай деди:

Андижон республикамизда эмас, бутун дунёга машҳур. Фақат футбол бўйича акаларимиз омади чопмаяпти. Устозимиз Лутфулло Мажидов билан ўтказилаётган машғулотлар яхши натижалар беряпти. Тенгқурларимиз орасида республикада пешқадаммиз. Профессионал футболчи бўлиб, Андижон шарафини юқори даражага кўтаришни мақсад қилганман. Ўшанда Президентимиз қарорига кўра имтиёз ва рағбатлардан мен ҳам, устозим ҳам ҳақли равишда фойдаланамиз.

Истиқлол байрамининг 26 йиллиги арафасида қабул қилинган муҳим ҳужжат айни муддао, спортчи ва уларнинг устозларига улкан совға бўлди. Олдинда Япония пойтахтида ўтказиладиган «Токио-2020» Олимпия ва Паралимпия ўйинлари. Президентимиз қарори нуфузли халқаро мусобақаларда Ўзбекистоннинг обрўсини янада юксак чўққиларга кўтаришда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Тўлқин Сиддиқов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон шаҳар Кенгаши фаоли.

Андижонлик спортчи-сафдошларимиз: Биз кутган қарор was last modified: Август 22nd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »