Баландпарвоз гапларнинг даври ўтди

11 Август, 14:35 • Адолат газетаси, Адолат шарҳи, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 41 марта кўрилди • Комментариев к записи Баландпарвоз гапларнинг даври ўтди нет

Бугунги кунда сиёсий партиялар ўз салоҳияти ва мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдалана олмаётгани, қонун лойиҳаларини ўз вақтида ҳудудий кенгашларга етказиш, партияларнинг қуйи тизимидан таклиф ва фикрлар олишда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси устидан депутатлик ва парламент назорати ўрнатиш ишларида йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари таҳлилий-танқидий фикр юритди.

Ҳудудларда партия депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига киритилган масалалар юзасидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётган ҳолатлар ҳам мавжудлиги бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишни тақозо қилади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, маҳаллий Кенгаш депутатлари ўз фаолиятини тўлақонли амалга ошириш мақсадида ўзи сайланган сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказиши, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиши учун ҳар ойда ишдан ажралган ҳолда икки-уч кун белгиланиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бугунги кунда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ва депутатлик гуруҳлари томонидан жамоатчилик назорати тартибида партия лойиҳалари доирасида турли соҳалар фаолияти ўрганиб чиқилмоқда. Ушбу ўрганишлар натижаси эса фақатгина доимий комиссия ва сессиялар кун тартибида кўриб чиқилган ҳоллардагина қонуний кучга эга бўлади. Фикримча, юқорида ўрганилган маълумотларни доимий комиссия ёки сессияларда муҳокама қилишдан ташқари, ўрганиш натижалари юзасидан тегишли ташкилотларга маҳаллий Кенгаш депутатлари ва депутатлик гуруҳлари томонидан тақдимномалар киритиш ваколати берилиши мақсадга мувофиқдир. Ушбу тақдимномаларни кўриб чиқишда депутатларнинг ҳам иштироки таъминланиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режасини белгилаш ва унинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида депутатга ёки депутатлик гуруҳларига ҳисоботлар тақдим қилиниши ҳар бир соҳа ривожига хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Зеро, бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмоқда. Энди сиёсий партиялар баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан сайловчилар ишончини қозониши, уларнинг қалбидан жой олиши керак.

Улуғбек ОБЛОҚУЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »