БПТда қандай муаммо

10 Август, 16:21 • БПТ, Бухоро вилояти, Янгиликлар • 26 марта кўрилди • Комментариев к записи БПТда қандай муаммо нет

Партия сайловолди дастурларини тарғиб этишда, унинг лойиҳалари доирасида ўз фаолиятини кўрсатишда бошланғич партия ташкилотларининг ўрни беқиёс. Электорат манфаатларини ҳимоя қилувчи, уни рўёбга чиқарувчи куч дея аталувчи бошланғич ташкилотлари жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллаш, фаолияти билан боғлиқ самарали натижаларни кўрсатиш, бевосита аҳоли билан ишлаш, мавжуд муаммоларнинг олдини олишда ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Жондор туманидаги қишлоқ оилавий поликлиникасидаги БПТ ҳам ҳар қандай хайрли ишни самарали бажариб келмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қишлоқ оилавий поликлиникасида (ҚОП) 34 та ходим фаолият олиб боради. Улардан 30 нафари партиямизнинг энг фаол ва ташаббускор аъзоларидир. Партия фаоллари ўзларининг масъулиятли вазифаларига эътибор билан ёндашиб келишмоқда. Хусусан, 10 та патронаж хизмати кунига 30 дан зиёд хонадонларда бўлишади. Фуқароларнинг саломатлигига катта эътибор берган ҳолда ҳар бир кунда белгилаб қўйилган режа асосида ўз фаолиятларини олиб боришмоқда.

Қурбон Темуров, БПТ раиси, қишлоқ оилавий поликлиникаси бош шифокори:

Партияга аъзо бўлиб, бошланғич партия ташкилотини ташкил этганимиздан кейин сиёсий билимларимизни ҳамда фаоллигимизни янада шакллантириш мақсадида қатор сиёсий ўқувлар, давра суҳбатлари ташкил этдик. Дастлаб сафимизда 15 та аъзо эди. Кейинчалик қизиқувчилар сони тобора кўпайиб, 30 нафарга етдик. Фаолларимиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳудуд хонадонларида бўлиб, ўз вазифаларига ижобий ёндашиб келишмоқда. Бугунгача патронаж хизмати борасида ҳеч қандай шикоят тушгани йўқ. Бу эса албатта бизнинг ютуғимиздир.

Оилавий поликлиникадаги партия аъзолари билан партиянинг Жондор туман Кенгаши ходимлари учрашгач, улар баъзи муаммоларни айтишди. Унга кўра поликлиника замон талабига жавоб берадиган бино бўлса-да, лекин ижара шартномаси асосида ишлаб келаётганлиги, баъзи замонавий тиббий асбоб-ускуна (УЗИ аппарати)нинг мавжуд эмаслиги сафдошларимиз фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётганлигини таъкидлашди.

Шунингдек, Ўзбекистон «Адолат» СДП халқ депутатлари Жондор туман Кенгаши депутати Қурбон Темуров поликлиникадаги мавжуд муаммолар юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларига депутатлик сўрови юбориб, депутатлик назорати ўрнатилди.

Бошланғич партия ташкилоти аъзолари ҳар қандай муаммонинг ижобий ечимини топиш йўлида экан, албатта, уларни ҳал этишда ҳамда фуқароларга кўмаклашишга астойдил интилиб келишмоқда. Зеро, фуқаролар соғлигига эътибор уларнинг асосий шиоридир.

 

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »