БУНДАЙ ЭЛГА ФАҚАТ ҲАВАС БИЛАН ЯШАМОҚ КЕРАК

29 Август, 14:17 • Мустақиллик байрами, Навоий вилояти, Янгиликлар • 69 марта кўрилди • Комментариев к записи БУНДАЙ ЭЛГА ФАҚАТ ҲАВАС БИЛАН ЯШАМОҚ КЕРАК нет

Мана, ҳаммамиз учун энг улуғ, энг азиз бўлган байрам арафасида турибмиз. Ҳалқимизнинг энг севимли тантанаси эса мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Навоий вилоятида ҳам ҳар йилгидек муносиб туҳфалар, ҳурсандчилик ва шодиёна билан қарши олинади. Муҳтарам Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, йилдан йилга одамларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги ортиб, фуқаролик позицияси тобора кучайиб бормоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Кармана тумани Кенгаши раиси Ориф Орипов қутлуғ айёмни муносиб нишонлаш хусусида гапирар экан, ҳудудда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва бу борада партия фаолларининг ибратини ҳам алоҳида таъкидлади. Чиндан ҳам фаровонлик ҳукм сурган жамиятга фақат яратувчанлик ва бунёдкорлик ярашади. Зеро, мустақиллик берган энг олий неъмат – тинчлик ва ҳотиржамлик ҳар қандай эзгу ишларнинг ибтидоси бўлганини бугун барчамиз яхши англаймиз.

Бугунги кунда Кармана туманида 50 нафардан ортиқ фаол аёллар партиямизнинг мақсади ва ғояларини тарғиб этиш, турли тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда муносиб ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, улар орасида сенатор, туман ва вилоят Кенгаши депутатлари ҳам бор.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Г Сатторова:

Яқинда тумандаги 4- умумий ўрта таълим мактаб партия ташаббуси билан келажагимиз эгалари – болалар ўртасида мустақиллик ва тинчликни акс эттирувчи расмлар кўргазмасини ташкил этдик. Унда ўндан ортиқ истеъдодли ва қобилиятли болалар иштирок этиб, ўз она Ватанини қандай тасаввур этишини сўзлаб бердилар. Ҳозирланган байрам совғалари эса уларга бир олам қувонч бағишлади. Мақсадимиз бу ерда таълим олган ҳар бир ўғил-қиз мана шундай бунёдкорлик жараёнларидан руҳланиб улғайсин, келажакда юртнинг корига ярайдиган, ўзи вояга етаётган маҳалласи, ҳудудини севадиган авлод бўлсин.

Чиндан ҳам биз ўзбекларда “Мен кўрмаганни болам кўрсин, мен етмаган орзуларга фарзандим етсин” деган камтарона, аммо замирида миллатнинг буюк истаги мужассамлашган гап бор. Аслини олганда ҳам бугунги дориломон кунлар юрагида ватанпарварлик жўш урган ҳар бир юртдошимиз учун ўзи хоҳлаган пок орзу-ниятларига эришиш бахтини берди.

Демак, у кунлар биз каби янги авлод вакилларига сабоқ бўлиши керак, ота-боболаримизнинг бошидан ўтган ўша оғир ва машаққатли даврлар энди ортда қолди. Аммо, у синовларни унитишга асло ҳаққимиз йўқ. Зеро, шу хотиралар боис ҳам бугунги тўкин ва осуда кунларнинг қадрини янада теранроқ англаймиз. Буларнинг бари биз кеча ким эдигу бугун ким бўлганимизни тушуниб етишимиз учун далил эмасми?

Мустақиллигимизнинг 26 йиллигини Навоий вилоятида муносиб қарши олаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолларининг ҳали режалари жуда кўп. Муҳими, мазкур саъй-ҳаракатлар замирида халқимизнинг асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган истиқлолдек бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати, тинчлик ва фаровонликнинг моҳиятини тарғиб этишдек мақсад мужассамлашган.

Садоқат ШАМСИЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Навоий вилоят Кенгаши матбуот котиби.

БУНДАЙ ЭЛГА ФАҚАТ ҲАВАС БИЛАН ЯШАМОҚ КЕРАК was last modified: Август 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »