Бунёдкорлик: Буюк маърифатпарвар инсонга бағишлаб

14 Август, 12:14 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 141 марта кўрилди • Комментариев к записи Бунёдкорлик: Буюк маърифатпарвар инсонга бағишлаб нет

Маълумки, юртимизнинг бошқа минтақалари қатори Наманган ҳам кўплаб буюк алломаларга қанот бўлган замин. Бу кўҳна юртда Махдуми Аъзам Косоний, Бобораҳим Машраб, Фазлий Намангоний, Нодим Намангоний, Муҳаммадшариф Сўфизода сингари шоир ва маърифатпарварлар, буюк инсонлар дунёга келган ва ижод қилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 2 ноябрь куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашувда ана шундай инсонлардан бири — Исҳоқхон Ибрат ҳақида алоҳида тўхталиб, у кишига атаб замонавий боғ яратиш, ёдгорлик мажмуаси ва “Ибрат мактаби”ни ташкил қилиш ташаббусини баён этган эди. Бу таклиф жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, ҳозирги кунда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Муқаддас Аҳматова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман Кенгаши раиси:

Президентимиз томонидан улуғ ҳамюртимизга нақадар катта ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилганлигидан ниҳоятда мамнунмиз. Партиядошларимиз ҳам ўз вақтида бу ташаббусни қўллаб-қувватладилар. Бугунги кунда ХIX асрда Тўрақўрғон заминида туғилиб ўсган Ибрат домлани мамлакатимизда билмайдиган одам бўлмаса керак. Чунки бу улуғ зот  араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яхши билган, жуда кўп фанларни пухта ўрганган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлиб, Шарқ ва Европа илм-фани, маданияти ва санъати билан яқиндан танишган, юртимизга илғор маданият ва техника янгиликларини олиб киришга интилган.

Яна бир эътиборли томони — Ибрат домла ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири ҳисобланади. У 1908 йили Оренбург шаҳридан литографик машина сотиб олиб, катта машаққатлар билан поездда ва туяларда Тўрақўрғонга олиб келган. Шундан сўнг ўз ҳовлисида “Матбааи Исҳоқия” яъни “Исҳоқия босмахонаси”ни ташкил этган. Бундан ташқари, Ибратнинг кўплаб илмий, педагогик ҳамда бадиий асарлар яратган,  янги усулдаги мактаб ва кутубхона очгани,  замонавий боғ барпо қилгани ҳам яхши маълум. Айниқса,  ҳозирги кунда ҳам  ниҳоятда  ноёб ҳисобланадиган олти тилли луғат яратганига қойил қолиш керак. Унинг “Фарғона тарихи” асари эса мамлакатимиз тарихига оид нодир манбалардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу кунларда Тўрақўрғон тумани марказидаги Ибрат хотирасига бағишланган мажмуа бар по этилаётган ҳудудда бунёдкорлик ишлари қизғин давом этаётганлигининг устидан чиқиш мумкин. Бош пудратчи – “Турон мега строй” масъулияти чекланган жамияти аъзолаи жадал суръатда меҳнат қилмоқдалар. Уларга бир қатор пудратчи ёрдамчи ташкилотлар кўмаклашмоқда.

Музаффар Маҳмудов, Мажмуа қурилиши раҳбари:

Жамоамиз аъзолари ўзлари ўта масъулиятли ва мураккаб вазифа топширилганлигини юракдан ҳис этиб ишламоқдалар. Объектни муддатида битказиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Етарли миқдорда ишчи кучлари, машина ва механизмлар сафарбар этилган. Мажмуа халқимизга ҳар жиҳатдан фойда келтирадиган масканга айланишини истаймиз. Айни пайтда у улуғ маърифатпарвар бобомиз хотирасига ажойиб ёдгорлик ҳам бўлади.

Шуни айтиш лозимки, мажмуа таркибида барпо  этилаётган боғ аҳоли мазмунли ҳордиқ чиқаришига қулайлик яратиш билан бирга маънавий оламини ҳам бойитади. Бу ерда алломанинг ҳайкали ўрнатилади. Ушбу асар устида таниқли ҳайкалтарош Илҳом Жабборов иш олиб бормоқда. Шу ерда қад кўтарадиган музей биносидан эса  Исҳоқхон Ибратнинг ҳаёти, серқирра фаолияти ҳақидаги материаллар ва экспонатлар ўрин олади. “Ибрат мактаби”да ёшлар хорижий тилларни ўрганади.

Давлатимиз раҳбари яқинда Наманган вилоятига ташриф буюрганида мазкур мажмуа қурилишини ҳам бориб кўрди. Бу ердаги иншоотларни мазмун жиҳатидан такомиллаштириш, тил ўргатиш бўйича махсус мактабни Наманган давлат университети қошида ташкил этиш, бу ерда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда хорижий тилларни ихтисослаштирилган тарзда ўргатиш зарурлигини таъкидлади. Ўқитувчи ва ўқувчиларга барча шароитлар яратиш, Ибратнинг матбаачилик соҳасидаги фаолиятини давом эттирадиган замонавий босмахона ташкил этиш, мажмуа атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Айни пайтда мана шу йўл-йўриқларни амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Бунёдкорлик: Буюк маърифатпарвар инсонга бағишлаб was last modified: Август 14th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »