CУРХОН ЗАМИНИДА ФАРМСАНОАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КЎЗДА ТУТИЛМОҚДА

29 Август, 14:34 • Давра суҳбати, Депутатлик гуруҳи, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 81 марта кўрилди • Комментариев к записи CУРХОН ЗАМИНИДА ФАРМСАНОАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КЎЗДА ТУТИЛМОҚДА нет

Куни кеча Вилоят Касаба уюшмалари федерацияси биносининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир тадбирлари режаси ҳамда медиа-режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан “Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлашда маҳаллий фармацевтика корхоналарининг ўрни ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сурхондарё вилоят Ҳокимлиги вакиллари, партиямиз фаоллари, вилоят Соғлиқни Сақлаш бошқармаси ва “Сурхон Дори-дармон” масъулияти чекланган жамияти ходимлари ҳамда Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, айнан Сурхон воҳасида аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлашда маҳаллий фармацевтика корхоналарининг ўрни ва уни ривожлантириш ҳамда шу хусусда Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунининг 19-моддаси “Дори воситаларини ва тиббий буюмларни улгуржи реализация қилиш” бандига баъзи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш учун аудиториядан таклиф ва мулоҳазалар олишдан иборат эди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ё.Холиёров кириш сўзи билан очиб, Сурхондарё вилоятида аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлашда маҳаллий фармацевтика корхоналарининг ўрни ва ривожланиш истиқболлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан маърузалар олиб борилиб, унда 2017 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган фармацевтика лойиҳаларни амалга ошириши ҳолати ва аҳолини арзон дори-дармонлар билан таъминлашда улгуржи ташкилотларни олдида турган вазифалар ва мавжуд муаммолар тўғрисида тўхталиб ўтишди.

Низом ШАРИПОВ, вилоят “Сурхон-Дори-Дармон” масъулияти чекланган жамияти директори:

Маълумки, давлатимиз раҳбарияти томонидан фармацевтика соҳасини ривожлантиришга кенг аҳамият берилмоқда. Фармсаноат бўйича республикада вилоятимиз етакчи ўринда туради. Сабаби, воҳамиз доривор ўсимликлар заҳирасига бой ҳудуд ҳисобланади. Айниқса, Бойсун ва Шеробод тумани айнан шу ҳудудлар сирасига киради. Ҳозирда бу ерда бир қанча кичик корхоналар ташкил этилган бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифат ва ассортименти анча юқоридир. Президентимиз ташаббуслари туфайли чет эллик инвесторлар билан ҳамкорликда қўшма корхоналар очиляпти. Ўтган йилга қараганда инвестиция тўрт баробарга кўпайган. Яна бир муҳим вазифалардан бири, аҳолини арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш бўлиб, 2020 йилгача аҳолини 116 турдаги тиббиёт буюмлари ва дори воситалари билан таъминлаш чора-тадбирлари белгиланган. Бугунги кунда воҳамизда Бойсун тумани фармацевтика соҳаси бўйича пешқадам туманлардан бири бўлиб, ўтган беш йилда 82 та лойиҳа инвестиция қилинди. Айни кунларда Бойсун туманидаги “Бойсун Фарм Ҳербс” масъулияти чекланган жамияти ер майдонида 300 гектар ерга доривор ўсимликлар етиштириш плантацияси ташкил этилган бўлиб, унда каврак, растаровша, андиз каби доривор гиёҳлар ўстирилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотни экспорт қилиш учун 2 гектар эркин иқтисодий зонага завод қурилиши мўлжалланган.

Тадбир давомида иштирокчилар ўртасида юқорида қайд этиб ўтилган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби.

CУРХОН ЗАМИНИДА ФАРМСАНОАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КЎЗДА ТУТИЛМОҚДА was last modified: Август 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »