ДЕПУТАТГА БЕПИСАНД ҲОКИМ

11 Август, 14:41 • Адолат газетаси, Адолат шарҳи, Депутат минбари, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 130 марта кўрилди • Комментариев к записи ДЕПУТАТГА БЕПИСАНД ҲОКИМ нет

Президентимизнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзусидаги маърузасида билдирилган таҳлилий фикрлар зиммамиздаги масъулиятни тубдан оширди. Энг муҳими, биз халқимиз билан янада яқинроқ ва очиқ мулоқот қилишимиз, мамлакатимиз ҳаётида юз бераётган ўзгариш ҳамда янгиланишларни амалга оширишда шахсий намуна кўрсатишимиз лозимлигини яна бир бор англаб етдик.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари айрим маҳаллий ҳокимлик ва идоралар, корхона, ташкилот ҳамда муассасалар томонидан депутатлик сўровини жавобсиз қолдириш ҳолатлари юртдошларимиз онгида депутатга нисбатан ишончсизликни юзага келтириб, оқибатда жойларда аҳолини қийнаб келаётган кўплаб катта-кичик муаммолар ўз ечимини топаётганига ҳам эътибор қаратди.

Шу ўринда айрим мисоллар асосида фикрларимни давом эттирсам. Фарғона шаҳридаги 54-мактабгача таълим муассасасига девор-дармиён бўлган ташқи ҳудудда 4 сотихдан иборат фойдаланилмаётган ер майдони бор. Айни пайтда мазкур ер ташландиқ ҳолга келиб қолган. Гарчи ўз ҳудудига кирмаса-да, муассаса ходимлари бу жойни супуриб, тозалаб туришади. Шу боис улар ана шу ерни МТМ тасарруфига ўтказишда амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона шаҳар кенгашига мурожаат қилишди.

Бинобарин, ушбу мурожаатда келтирилган масалани ҳал қилишда партия депутатлари жалб этилиб, ушбу масала юзасидан Фарғона шаҳар ҳокими Шавкатжон Эркабоевга жорий йилнинг 29 июнь куни депутатлик сўрови юборилди. Лекин шаҳар ҳокими мазкур сўровни жавобсиз қолдирди. Ваҳоланки, Президентимиз ўз маърузасида “Депутатга беписандлик — халққа беписандлик, деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради. Шу сабабдан ҳам депутатлик сўровини кўриб чиқмагани ёки унга жавоб бермагани, кўриш муддатини бузгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим”, дея алоҳида таъкидлаб ўтганди.

Ёки айрим мутасаддилар ва масъул ходимлар депутатлик сўровига шунчаки расмиятчилик учун, юзаки ҳамда қониқарсиз жавоб қайтаришмоқда. Масалан, депутатлик сўровига Фарғона шаҳар электр тармоқлари корхонаси раҳбари У.Қосимовнинг ана шундай жавоби бизни умуман қаноатлантирмади. Яъни, шаҳримизнинг “Гулистон” маҳалласида яшовчи юртдошларимиз билан ўтказилган мулоқотда аҳоли марказий “Қувасой” кўчасидаги хонадонларнинг электр тармоқлари узиб ташлангани сабабли орқа кўчадаги хонадонлардан кабель тортиб, электр энергиясидан фойдаланилаётгани, оқибатда турли носозликлар ва узилишлар рўй бераётгани хусусида мурожаат қилди. Ушбу мурожаат юзасидан шаҳар электр тармоқлари корхонасига депутатлик сўрови юборилганди. Бироқ корхона раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 15 ноябрдаги “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1641-сонли қарорига биноан тилга олинган ҳудудда Қува туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш фойдаланиш корхонаси томонидан олиб борилган ишлар ниҳоясига етказилмагани боис электр тармоқларини улаш имкони бўлмаётганини маълум қилиб, бу борада корхона шаҳар партия кенгашидан ёрдам сўраган.

Ана сизга жавоб!

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юқорида қайд этилган қарорга асосан шаҳримизда, хусусан, “Қувасой” кўчасида амалга оширилган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари аллақачон ниҳоясига етказилган. Қолаверса, 2012 йилда бошланган ишлар 5 йилга чўзилиши мумкин эмас. Негаки, қарорда назарда тутилган бунёдкорликларни амалга ошириш муддати 2012-2015 йилларни ўз ичига олади. Шундай экан, У.Қосимовнинг жавоби асоссиз баҳонадан ўзга нарса эмас.

Албатта, бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Хулоса қилиб айтганда, фақат сўров ва эшитув билан депутатлик фаолиятини амалга ошириб бўлмаслиги оддий ҳақиқат. Депутат доимо аҳоли орасида бўлиши, мулоқот қилиши, муаммоли масалаларга оддий томошабин бўлиб турмасдан унга берилган ваколат доирасида ҳаракат қилиши, гуруҳ мажлиси, доимий комиссия мажлисларида ўз округидаги сайловчиларнинг таклиф ва муаммоларини кўтариб чиқиши ҳамда натижага эришмагунча тиниб-тинчимаслиги зарур. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек “Депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш — бу осон эмас. Бундай шараф ҳаммага ҳам насиб этмайди”.

Шаҳноза АҲМЕДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона шаҳар кенгаши раиси,

халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати.

ДЕПУТАТГА БЕПИСАНД ҲОКИМ was last modified: Август 11th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »