Эл ардоғидасиз, ҳамкасблар

22 Август, 12:20 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 48 марта кўрилди • Комментариев к записи Эл ардоғидасиз, ҳамкасблар нет

Қўшиқ жон озиғи, дейдилар. Мен ҳар гал яхши қўшиқ эшитганимда, ўзим куйлаётгандек, шу садолар менинг юрагимдан чиқаётгандек ҳаяжонланаман. Кўз олдимда акс садо берувчи юксак пурфиқор тоғлар, шовуллаб турувчи уйғоқ дарёлар, ойдин тунда бир-бирининг дийдорига тўймаган ошиқ-маъшуқлар, мунис оналар кўз олдимга келаверади. Шу топда юрагим нозик туйғулар билан тўлиб-тошади. Гўё қанот пайдо қилгандек узоқларга учгим, армон бўлган ҳисларни қайтаргим, яна ўн саккиз ёшга киргим, ёниб-ёниб яшагим келади.

Дарвоқе, мана шундай минглаб одамларга ҳис-туйғу, орзу улашадиган мусиқа ва санъат соҳасида ижод қилаётган барча ижодкорлар бугун давлатимиз ҳимоясига олинди, десам асло хато қилмаган бўламан. Негаки, ҳурматли Президентимизнинг “Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори айни пайтда барча санъат аҳлининг кўнглини тоғдай кўтарди.

Вақтли матбуотдан қарорни ўқиб чиқдим. Унда бой мусиқа меросимизни асраб-авайлаш, шу йўналишда фаолият кўрсатаётган ижодий ташкилот ва жамоалар, композитор ва бастакорлар, хонанда ва созандалар, ёш ижрочилар фаолиятини, уларнинг истеъдод ва маҳоратини рўёбга чиқариш, ҳар томонлама зарур бўлган моддий ва маънавий ёрдам бериш учун аниқ ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, ижод аҳлининг моддий таъминотини яхшилаш, имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар билан таъминлаш, эркин ижод қилишлари учун шароит яратиш, ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиш ҳам алоҳида эътиборга олинган.

Дарҳақиқат, инсон умрини икки эшик орасидан иборат, дейдилар. Ривоят қилишларича, одамзот бир эшикдан кириб, иккинчисидан чиқиб кетар экан. Мен “Адолат” социал-демократик партияси аъзоси бўлсамда, ҳаётимни санъатсиз тасаввур қила олмайман. Касбим эгизак. Қўшиқ, мусиқа доимо мен билан ёнма-ён. Партиямиз ташаббуси билан туманимиз, вилоятимиз миқёсида уюштирилаётган барча оммавий сиёсий тадбирларда доимо ўз санъатимни намойиш этиб келаман. Баъзида қўлда торим билан дилтортар қўшиқлар ижро этсам, гоҳида мусиқа асбобида куйлар чалиб, партиядошларимни ҳушнуд этаман, кўнглини овлайман. Агар тўғрисини айтадиган бўлсам, мусиқа, қўшиқчилик санъатида юқори чўққига эришиш учун игна билан қудуқ, тирноқ билан тоғ қазишга етгулик матонат ва шижоат, сабр-чидам ҳамда ирода керак. Юртбошимизнинг ушбу қарорларидан илҳомланиб, дилимдаги қуйидаги дил изҳорларимни сиз азизлар билан ўртоқлашгим келди. Халқнинг сўнмас ҳурмати, доимий эътибору эъзози, ўчмас муҳаббатига сазовор бўлиш ҳар бир санъат аҳлига насиб этсин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, ушбу қарор Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси таркибига кирувчи барча ижодкорлар фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириш, соҳа заҳматкашларини қўллаб- қўвватлаш ва янги асарлар яратишга руҳлантириши билан аҳамиятлидир. Энди мен ҳам юртбошимизнинг бу ғамхўрликларидан руҳланиб, халқимизга, партиядошларимга янги-янги асарлар устида ишлаб, дутор, танбур ва торни созлаб, анвойи куй, қўшиқлар куйлаб беравераман.

Саодат ОЧИЛОВА,
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик
Миришкор туман Кенгаши раиси.

Комил САХАТОВ,
Журналист.

Эл ардоғидасиз, ҳамкасблар was last modified: Август 22nd, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »