Фаолиятга танқидий назар – ташаббускорлик ва қатъиятликка ундайди

16 Август, 17:25 • Муносабат, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 81 марта кўрилди • Комментариев к записи Фаолиятга танқидий назар – ташаббускорлик ва қатъиятликка ундайди нет

Жорий йил 12 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган учрашув аҳамияти жиҳатидан парламентимиз ва сиёсий партиялар фаолиятида янги даврни бошлаб берган тарихий воқеа бўлди. Юртбошимизнинг мазкур  видеоселектор йиғилишидаги  таҳлилий-тавсиявий ҳамда танқидий фикр-мулоҳазалари шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги даврда иш услубига танқидий-таҳлилий назар билан қараш, фаолиятимиздаги ютуқ ва камчиликларни элакдан ўтказиш пайти келганини англатади.

Давлатимиз раҳбари “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузаларида таъкидлаганидек, айни пайтда бугун замоннинг ўзи барчамиздан, биринчи навбатда, сиёсий партияларнинг вакиллари, депутат ва сенаторлардан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этмоқда.

Президентимиз томонидан ўринли қайд этилганидек, ҳозирга қадар партиямиз дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида, сайловчиларга берилган ваъдалар бўйича олиб борилган ишларимиз қониқарли эмаслиги аён бўлмоқда.

Ваҳоланки, “Адолат” партияси ўз номи билан жамиятда қонун устуворлиги ва адолатли жамият қуришни мақсад қилган сиёсий куч сифатида майдонга чиқиши бизнинг танлаган йўлимиздан чекинишга ҳаққимиз йўқлиги, адолат йўлида курашга доимо шай туришимиз, ўз хатти-ҳаракатимизда адолат туғини баланд кўтариб, инсон манфаатларини таъминлашда сидқидилдан хизмат қилиш лозимлигини англатади.

Айниқса, биз партиямиз сайловолди дастурида белгиланган соғлиқни сақлаш, таълим соҳасидаги муаммоларга ечим топиш, муқобил энергия, инновацион технологияларни кенг жорий этиш, ёшлар ўртасида инновацион ишланмаларни ривожлантириш, ёш олимлар авлодини етиштириш бўйича энг муҳим йўналишларда кўзланган мақсадга эриша олмаганимизни тан олиш керак.

Эндиликда, танқидий фикр-мулоҳазалардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда олдимизда турган вазифаларни адо этишда, аҳоли билан мулоқот олиб боришда депутатлар, қуйи бўғин вакиллари ва партия фаоллари бир ёқадан бош чиқариб, белни маҳкам боғлаб ишга киришиш, тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш учун кунни кун тунни тун демай ишлаш кун тартибида турган биринчи масаладир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ҳудудларда электоратни ўйлантираётган муаммо ва камчиликларни аниқлаш мақсадида жорий йил февраль ойидан бошлаб “Адолат-қонун устиворлигида” лойиҳаси доирасида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни туманлардаги биттадан маҳаллаларда аҳоли билан мулоқот олиб борилмоқда. Шу кунгача 120 дан ортиқ маҳаллаларда аҳоли билан юзма-юз учрашувлар ўтказиб, фуқаролар томонидан келиб тушган 150 га яқин мурожаатлар мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганилди ва уларнинг аксарияти ўз ечимини топди. Масалан, Олмазор туманидан Дадабоева 2-тор кўчаси, 26-уйда яшовчи фуқаро Сегентаева Феруза эри ва 3 нафар фарзанди вафот этгани, 2006 йилда бир оёғидан айрилгани, аммо унга III гуруҳ ногиронлиги берилгани боис ушбу қарорни қайта кўриб чиқиб I гуруҳ ногиронлиги берилишини сўраб мурожаат қилди. Туман тиббий меҳнат экспертизаси ва соғлиқни сақлаш бўлимига мурожаат қилиниши натижасида фуқаро Сегентаева Ферузага II гуруҳ ногиронлиги белгиланди. Яна бир мисол фуқаро Гулбаҳор Мамадиева 2005 йилда туғилган қизи Ш.Холматова авто ҳалокатга учрагани туфайли бош мия очиқ жароҳати олганлиги, шу боис даволанишида ордер олишда ҳамда Республика Нейрохирургия илмий марказида 2017 йил давлат бюджети ҳисобидан бош суяк пластик операциясини амалга ошириш учун ёрдам сўради. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Ф.Абдуллаевнинг Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасига депутат сўрови билан мурожаат этилди. Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи А.Ибодов ҳамда бошқарманинг болаларга амбулатор хизмат бўйича мутахассиси Д.Ҳидоятованинг кўмагида бемор биринчи босқичда даволанди ва операция ўтказилди. Бироқ бу ҳали кўзланган натижага эришдек, дегани эмас. Сабаби фуқаролар билан учрашувлар чоғида ечимини кутаётган долзарб масалаллар ҳали кўплиги, уларни бартараф этишда жамоат ташкилотлари ҳамкорликда ишлашимиз кераклиги намоён бўлмоқда. Шу билан бирга, аниқланган муҳим масалаларни маҳаллий Кенгашга олиб чиқиб, сессия кун тартибига масала киритишимиз, депутатлик гуруҳи ташаббуси билан соғлиқни сақлаш, таълим, бандликка кўмаклашиш  соҳаларида ижроия органлари ҳисоботларни эшитиш бўйича ташаббус билан чиқишимиз зарурдир.

Президентимиз ўз маърузаларида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб, сиёсий партиялар вакиллари ёшлар билан етарлича иш олиб бормаётгани ҳақида танқидий фикр билдирдилар. Шу боис, Тошкент шаҳар партия Кенгаши Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев маърузаларидан келиб чиқиб, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, унга кўра маҳаллаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларимиз билан янада яқин алоқа ўрнатиб, “Ёшлар қаноти” фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди.

Жумладан, таълим тизимида ўқитиш тизимининг таълим стандартларига мослиги ҳолатини ўрганиш ва мавжуд ҳолат бўйича халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши доимий комиссия ва сессияларига масала киритиш, ёш олимларни ва иқтидорли талабаларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда вилоятдаги олий ўқув юртларида тадбирлар ташкил этиш, таълим муассасаларидаги иқтидорли ёшларни аниқлаш бўйича маълум вазифаларни белгилаб олдик.

 Шунингдек, ёшларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда “Ёш нотиқлар”,  “Адолат билимдони”, “Йилнинг энг яхши ғоя инноватори” кўрик-танловларини ўтказиш, уюшмаган ёшлар орасида тушкунликка тушиш, ўз жонига қасд қилиш, норасмий гуруҳларга кириб кетиш сабабларини ўрганиш, олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлимлари билан ҳамкорликда жамоатчилик асосида психологлар қабулини ташкил этиш ва бошқа йўналишларни бажаришни ўз олдимизга вазифа қилиб олдик.

Хулоса қилиб айтганда, электоратимиз манфаатини самарали ҳимоя қилиш йўлида вазифамизга масъулият билан ёндашиш, ишимизга бор куч-ғайратимизни сафарбар этишимиз партиямизга бўлган ишончни ортиши, хайрихоҳлар сафи ошишига, эртанги кунимиз фаровонлиги, юрт ободлигига хизмат қилади.

Адилжон АМАНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши раиси в.б.

Фаолиятга танқидий назар – ташаббускорлик ва қатъиятликка ундайди was last modified: Август 16th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »