ФАОЛЛИК ОШМОҚДА

21 Август, 11:38 • Ишчи гуруҳ, Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 78 марта кўрилди • Комментариев к записи ФАОЛЛИК ОШМОҚДА нет

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан шу йил 12 июлда ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзусидаги маърузасидан белгиланган вазифаларни изчил бажариш юзасидан “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши ҳам қатор ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, партиямиздан сайланган депутатлар фаолиятини янада такомиллаштириш масаласи ҳам доимий диққат марказида турибди.

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси вазифасини бажарувчи Исроил Жўраев:

Сўнгги бир ой давомида халқ депутатлари вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари фаолликларини анча оширдилар. Июлнинг охирида бўлиб ўтган вилоят кенгашининг навбатдаги йигирма тўртинчи сессиясида бир қатор ижтимоий-иқтисодий масалалар кўриб чиқилди. Муҳокамага мактабгача таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим мактаблари синфларидаги ўкувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар ва тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатларини янада яхшилаш борасидаги вазифалар ҳам ташланди.маърузачи ва музокарада қатнашганларнинг сўзларидан мазкур соҳаларда анчагина муаммолар тўпланиб қолганлиги, уларни бартараф этиш учун анчагина иш қилиш лозимлиги аён бўлди. Айни вақтда эса депутатларимиз бошқа қатор масалаларни ўрганиш устида ҳам иш олиб бормоқдалар.

Мисол учун, яқинда «Адолат» СДП Наманган вилоят кенгашида архивлар фаолиятини ўрганиш юзасидан ишчи гуруҳи тузилди. Унга партия ходимлари, депутатлар, фаоллар аъзо бўлдилар. Вилоят марказидан тортиб олис қишлоқларгача жойлашган давлат ва нодавлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектларининг мазкур соҳадаги ишини танлаб ўрганиб чиқиш асосий вазифа қилиб қўйилди.

Албатта, бу масаланинг кун тартибига қўйилиши бир қатор муҳим асосларга эга. Кейинги пайтда “Адолат” қабулхоналарига пенсия ёшига етган фуқаролардан жуда кўп мурожаатлар тушди. Улар бир пайтлар ишлаган корхона ёки муассасаларида ҳужжатлар сақланмаганлигини, архив идораларида ҳам қидирувлар натижа бермаганлигини баён этишганди. Бу эса “адолат”чиларни мавзуни ўрганиш ва шу йўналишда депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини ўрганишга ундади.

“Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирлар яхши натижа берди. Наманган туманида жами 10 та ташкилотнинг шу йўналишдаги фаолияти ўрганилди. Улардан бештаси давлат бюджетидан таъминланадиган муассасалар, қолгани эса хўжалик ҳисобидаги корхоналар эди. Маълум бўлишича, ҳамма жойда ҳам ижро интизоми сустлиги оқибатида ҳужжатларни сақлаш ва архивларга топширишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари мавжуд экан. Масалшан, 16-мактабгача таълим муассасаси, Тошбулоқ саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи, “Тошбулоқ текс” қўшма корхонасида архив идоралари билан ҳамкорлик ўрнатилмаган, зарур шартномалар тузилмаган. Бунинг устига ҳужжатларни сақлаш учун алоҳида хона ажратиш лозим бўлса-да, бу талабга ҳам риоя этилмаган. Шундай ҳолат давом этаверса, келажакда кимлардир зарур ҳужжатларни керакли пайтда топа олмасдан қийналиши аниқ. Бунга йўл қўймаслик учун ўнта хўжалик субъектининг барчасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари Поп туманидаги 23-умумтаълим мактабида ҳам бўлдилар. Ўрганиш жараёнида ушбу таълим муассасасида идоравий архив мавжудлиги, бироқ унга ажратилган хонанинг ҳолати талаб даражасида эмаслиги аниқланди. Бу эса ўз навбатида ҳужжатларнинг сақланиш ҳолатига таъсир этиши мумкин. Боз устига темир шкаф ҳам йўқ. Ўрганиш жараёнида архив ходимларининг ҳам ўз вазифаларига масъулият билан ёндошмаётганлиги маълум бўлди. Улар ўзаро шартнома тузилганлигига қарамай мактабга келиб ҳужжатларни қайта ишламаганлар.

Вилоят партия кенгаши раисининг ўринбосари, мазкур масалани ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳи раҳбари Баҳодир Болтабоевнинг айтишига қараганда, депутатлар ва фаоллар ҳозир ўтказилган ўрганишларнинг натижаларини умумлаштиришга киришдилар. Яқин кунлар ичида халқ депутатлари вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳида масалани кўриб чиқамиз. Кейин тегишли доимий комиссияда ҳам муҳокама ўтказилади. Шундан сўнг масала сессияга олиб чиқилади. Кейинчалик эса бир қатор халқ депутатлари туман кенгашлари сесссияларида ҳам мазкур масалани кун тартибига қўйиш режалаштирилган.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши
матбуот котиби.

ФАОЛЛИК ОШМОҚДА was last modified: Август 21st, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »