Халқаро пресс-клуб – водийда

14 Август, 18:52 • Наманган вилояти, Янгиликлар • 205 марта кўрилди • Комментариев к записи Халқаро пресс-клуб – водийда нет

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва янгиланиш жараёнларида аҳолининг фикрини ўрганиш, одамлар билан доимий мулоқот олиб боришнинг аҳамияти ниҳоятда катта, буни шу йил апрель ойида Тошкентда тақдимоти ўтказилган Халқаро пресс-клуб (ХПК) фаолияти ҳам тасдиқлаб турибди. Унинг ҳозиргача бўлиб ўтган тадбирларида ҳаётимизда учраётган муаммо ва камчиликлар ўртага ташланмоқда, уларни бартараф этиш масалалари муҳокама этилмоқда.

Халқаро пресс-клуб ўз фаолиятини бошлаганда миллий ахборот мақонини ривожлантириш, мамлакатимиз иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган янгиланишлар, ўзгаришлар ҳақида халқаро жамоатчиликни тезкор ва холисона хабардор этиб боришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Бунга эришиш учун янги медиа-маконда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари жамоатчиликка ҳисобот бериши, экспертлар ва журналистлар билан фикр алмашиш кўзда тутилганди. Шу туфайли жамият ҳаётидаги шаффофликни, манфаатлар мувозанати таъминланади. Айни вақтда мазкур жараёндан жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг бир воситаси сифатида фойдаланиш имконияти юзага келади.

Халқаро пресс-клуб фаолияти 2016 йилда мамлакатимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш жараёнида дастлабки синовдан муваффақиятли ўтганди. Эндиликда мазкур тузилма очиқ мулоқот кўмагида мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида учрашув ва мулоқотларни йўлга қўйиш, журналистлар учун янги имкониятлар яратишга кўмаклашмоқда.

Шу йил августидан бошлаб пресс-клуб мамлакатимиз вилоятлари бўйлаб сайёр йиғилишлар ўтказишни йўлга қўйди. Бу иш «Мобил пресс-клуб» лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Дастлаб клуб ижодкорлари Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятлари бўйлаб сафар уюштирдилар. Ўтган ҳафта охирида эса ХПК Фарғона водийсига ташриф буюрди. Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида ўтказилган очиқ ва ошкора мулоқотларда вилоят, шаҳар, туман ҳокимлари, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, тадбиркорлар ва фермерлар, ёшлар вакиллари, оммавий ахборот воситаларининг раҳбарлари иштиролк этдилар.

Ушбу сатрлар муаллифи ҳам Наманган шаҳрида ўтказилган тадбирда иштирок этди. Таассуротларга тўхталадиган бўлсак, ҳозирча жуда яхши ва мароқли. Пресс-клубнинг ижодий жамоаси ўзининг ташаббуси ва амалиётга жорий этган янгилиги билан миллий матбуотимизда бутунлай ўзгача саҳифа очди, десак бўлади. Чунки ҳаётимизнинг энг долзарб масалалари бўйича очиқ ва ошкора мулоқот қилиш, ҳеч қандай қинғирликка ёки хаспўшлашга йўл қўймаслик жамиятда бугунги кунда рўй бераётган янгиланишларга ҳамоҳанг, боз устига халқ кутган жараёндир. Айниқса, кўтарилган муаммоларнинг ечими бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарларини, ҳокимларни бир жойга тўплаш ва мурожаатларга аниқ ҳамда батафсил жавоб беришни талаб қилиш ҳам эътиборга молик жиҳат. Энди ана шу кўтарилган масалаларнинг ижроси устидан назоратни таъминлаш, яъни билдирилган камчилик ва нуқсонларнинг тўла бартараф этилишига эришиш муҳим аҳамият касб этади.

«Ялпи йиғилиш» олдидан вилоят ҳокимлари билан ўтказилаётган суҳбатлар ҳам кўпчиликка маъқул тушади, деб ўйлайман. Бу, барча раҳбарларни қилаётган ишлари, келгусидаги режа ва истиқболлар тўғрисида оммага ҳисоб бериб туришнинг ўзига хос кўринишидир. Айни пайтда маълум муддатдан кейин улардан аввал ишлаб чиқилган лойиҳалар амалиётга жорий этилдими, қандай натижага эришилди, деган маънода жавобгарлик талаб қилиш имконияти ҳам вужудга келади. Мазкур интервьюларда одатда муайян мавзу белгиланмайди. Суҳбат қайсидир бир масаладан бошланади, кейинчалик эса «конвейер»га ўхшаб йўналишлар бир-бирига уланиб кетаверади. Бу, бир жиҳатдан табиийликни таъминлаб, ясамачиликка барҳам берса, иккинчидан, кузатувчида жараёнга қизиқишни оширади. Яъни томошабин ёки тингловчи энди нима ҳақда гап бўларкин, дея кутади ва ўйлайди, пировардида эса ўз фикрини таҳлил қилади.

Биз иштирок этган «Наманган: ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, бунёдкорлик ва стратегик ривожланиш» мавзуига бағишланган йиғилиш жуда жонли ва қизиқарли бўлди. Тадбирни одатдагидай, пресс-клуб раиси, таниқли журналист Шерзод Қудратхўжаев олиб борди. Интерфаол мулоқот тарзида ўтказилган йиғилиш вилоят аҳолисининг диққат марказида бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Буни қисқа муддат ичида  ижтимоий тармоқлар орқали вилоят фуқаролардан 800 дан зиёд таклиф, мулоҳаза ва мурожаатлар келиб тушди.

Шу ўринда уларнинг  мавзу доираси бениҳоя кенглиги билан ажралиб туришини файд этиш лозим. Масалан, фуқаро Ҳ. Мамадалиев Наманган шаҳридаги Навоий номли театр, Ёшлар маркази, «Паҳлавон» спорт мажмуаси ёзда совутилмаслиги, қишда эса иситилмаслиги улардан фойдаланишда қийинчилик туғдираётганини маълум қилди. «Пахталикўл» санаторийси даволанувчилари эса ушбу масканнинг моддий-техник негизи бугунги кун талабига жавоб бермаслигига эътибор қаратдилар.Вилоятдаги, хусусан, Наманган шаҳридаги автомобиль йўлларининг ҳолати ҳам қаттиқ танқидга учради. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С. Мўминовга аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда камчиликлар ҳаддан ташқари кўплиги эслатилди.    Соҳадаги аҳволни ўнглаш учун бутун фаолиятни қайта қуришга тўғри келади.

Албатта, мурожаатларнинг бир қисмига тадбир давомидаёқ жавоб топилди ёки  ҳал этилишига эришилди. Қолганлари эса ўрганиш ва ҳал этиш учун тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларига ҳавола этилди. Уларнинг натижаси назоратга олинади, деб ўйлаймиз.

 – Мулоқот жараёнида жуда кўп қизиқарли ва фойдали таклиф ҳамда мулоҳазалар янгради, — дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Наманган вилоят бўлими раисининг ўринбосари Дилноза Акрамова. – Агар яхшилаб қулоқ солсангиз, кўпинча кўтарилган муаммонинг ечими ҳам бирга келтирилади. Фақат билдирилган фикрга синчковлик билан ёндошилса кифоя. Интерфаол жараённинг ўзи ҳар бир кишини ишга шундай ёндошишга даъват этади.

 Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларида сезиларли ўзгариш ва янгиланишларга сабаб бўлмоқда. Халқаро пресс-клубнинг кўчма йиғилишлари ҳам буни яна бир тасдиқламоқда. Тадбирнинг барча иштирокчиларида намоён бўлган фавқулодда жўшқинлик ҳам шундан далолатдир. Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларини астойдил қўллаб-қувватладилар, шунингдек турли соҳаларда учраб турган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш юзасидан ўринли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Бу каби тадбирларнинг «Ўзбекистон 24» ва бошқа қатор телеканаллар орқали жонли эфирда намойиш этилганлиги ҳам унинг нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Халқаро пресс-клуб – водийда was last modified: Август 14th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »