Халқ билан мулоқот: Муаммога ечим топишнинг самарали усули

14 Август, 19:09 • Депутатлик гуруҳи, Қашқадарё вилояти, Сайловчилар билан учрашувлар, Янгиликлар • 88 марта кўрилди • Комментариев к записи Халқ билан мулоқот: Муаммога ечим топишнинг самарали усули нет

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 9 август куни Тошкентда жорий йилнинг ўтган етти ой мобайнида мамлакатимизни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ давлат ва жамият ҳаётининг барча  соҳаларини янгилаш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, давлатимиз раҳбарининг жойларда халқ билан мулоқотлари чоғида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг бажарилишига бағишланган селектор йиғилишидаги маърузасида ҳар бир юртимиз фуқароси бахтли яшашга ҳақли эканлигини, одамлар манфаати барча нарсадан устунлигини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, кундалик ҳаётимизда учрайдиган ҳар қандай жумбоқ, камчиликлар аҳолининг фаровон турмушига раҳна солмаслиги керак. Уларни ўз ўрнида бартараф этиш, енгиллик яратиш халқ олдида масъул бўлган мутасадди шахсларнинг бурчидир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан ҳар ҳафта сиёсий куч фаолларининг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, халқ билан бевосита мулоқот қилиш тизимининг йўлга қўйилгани юртдошларимиз учун фаровон, саодатли ҳаётни, яшашнинг юқори даражасини таъминлашга қаратилган.

Шунга монанд шу ҳафта  партиянинг Муборак туман Кенгаши фаоллари, депутатлар жойларга чиқиб,  аҳоли билан бевосита суҳбатлар  уюштирдилар, фуқароларни қийнаётган  масалаларга ечим топишга кўмаклашдилар.

Туман ҳокимлиги тасарруфидаги бошқарув ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар  вакиллари ва партия фаолларининг ҳамкорликда Қорақум маҳалла фуқаролар йиғини  аҳолиси билан юзма-юз мулоқотлари  ғоят самарали кечди.  Очиқ ва самимий мулоқот асносида одамлар ўзларини  қийнаб келаётган уй-жой,  моддий ёрдам, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги,  меҳнат ва бандлик, соғлиқни сақлаш, таълим, суд, ҳуқуқ тартибот, ички ишлар йўналишлари бўйича бир қатор саволлар билан мурожаат қилдилар.  Шу ҳудудда яшовчи  Сайёра Сайимова хонадонида бўлишганида  эса, оила аъзолари  паррандачиликни йўлга қўйиш  учун кредит  ололмай сарсон  бўлишаётганини маълум қилишди. Шу заҳотиёқ масалага  депутат Ҳазрат Каримов  ойдинлик киритди. У ТИФ “Миллий банк”нинг  туман филиали  раҳбари номига  депутатлик сўрови юборди. Ушбу  сўровга асосан банк томонидан Сайёра Сайимовага  паррандачиликни йўлга қўйиш,  тадбиркорлик билан шуғулланишлари  учун етти миллион сўм  кредит ажратилди.

Муборак маҳалла фуқаролар йиғинидаги юзма-юз мулоқотда эса аҳоли номидан маҳалла раиси Дўстиёр Султонов сўзга чиқиб, қуйидагича фикр билдирди:

Бундай жонли мулоқотлар маҳаллаларимиздаги ҳақиқий аҳволга холисона баҳо бериш ва камчиликларни жойида бартараф этишнинг энг яхши йўлидир. Албатта, бошқа жойларда бўлгани каби бизнинг қишлоғимизда  ҳам муаммолар бор. Хусусан, тадбиркорликни кенг йўлга қўйиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, касаначиликни ривожлантириш, тўйларни камчиқим  ўтказиш, коммунал хизмат, нақд пул тўлови  каби ечимини кутаётган масалалар бўйича “Адолат” СДПдан сайланган халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари билан гаплашиб олдик ва ушбу жумбоқларга тез орада ечим топилиши белгиланди. Депутатлар туманимиздаги газни қайта ишлаш ва пахта тозалаш заводлари имкониятларини ўрганиб, улар ҳомийлигида уйда ўтирган 30 нафар хотин –қизларга тикув машиналари олиб бериб, иш билан таъминлашга ёрдам берадиган бўлишди.

Дарвоқе, шу куни фаоллар  тумандаги Обод турмуш, Пахтакор маҳаллалари  аъзолари билан ҳам юзма-юз мулоқот ўтказдилар. Учрашув давомида ер, йўл, томорқалардаги экинларни суғориш,  боғча масалалари билан  боғлиқ савол ва мурожаатлар ҳам тушди.

Ҳазрат Каримов, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати:

Биз партиянинг туман Кенгаши билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган партия Сиёсий Кенгашининг VIII Пленумида ҳам аҳоли билан юзма- юз мулокотлар уюштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Биз ана шу Пленумда олдимизга қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, одамлар дардини эшитиш, ҳақ-ҳуқуқларини тинглаш учун кенг миқёсдаги ишларни бошлаб юбордик. Ҳар бир мурожаат эътиборимиздан четда қолаётгани йўқ.

Ҳа, фуқароларнинг талаб ва таклифларини эшитиш, муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш чораларини кўришда партия фаоллари иш юритишнинг самарали ҳамда таъсирчан усулларидан фойдаланмоқдалар. Одамлардан тушган барча таклиф ва муаммоларни ўрганиб ижросини таминлашни депутатлар назоратга олишаётгани ижобий самара бераяпти.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Халқ билан мулоқот: Муаммога ечим топишнинг самарали усули was last modified: Август 14th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »