Икки кунда бир олам таассурот

29 Август, 14:54 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Партия лойиҳаси, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 157 марта кўрилди • Комментариев к записи Икки кунда бир олам таассурот нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг тақдирлаш маросими барча қатнашчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Биринчи куни бир қатор вилоятлардан ташриф буюрган ёшлар ва танлов ғолиблари бўлган онахонлар, шунинглек, Олий Мажлис биносида партия Сиёсий Кенгашининг раиси Наримон Умаров ва депутатлар иштирокидаги самимий учрашув қизиқарли мунозараларга бой бўлди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Шухрат Турсунбоев, Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаш раиси, депутат Умид Сулаймоновлар иштирокчилар билан жонли мулоқотда бўлишди. Суҳбат давомида партиянинг сайловолди дастурида белгиланган мақсад-вазифаларнинг барчаси халқнинг манфаатини ҳимоя қилишга, уларнинг хоҳиш-истакларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани таъкидланди. Айниқса, ёшлар Олий Мажлис биносига қилган саёҳатида бир олам маълумотларга эга бўлишди.

Арофат Тўлаганова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши аъзоси:

Партиямиз томонидан ташкил этилган бугунги учрашув мен каби барча ёшларда катта қизиқиш уйғотди десам, янглишмаган бўламан. Боиси, партиянинг фаол аъзоси сифатида Кенгаш томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиб бораман. Бироқ, ҳозиргина депутатлар билан бўлиб ўтган давра суҳбати аввалгиларидан тубдан фарқ қилиши билан аҳамиятлидир. Чунки қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти, тайёрланаётган лойиҳаларнинг мақсад-вазифалари ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Ёшлар ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан учрашувни янада жонлантириб юборди. Шунингдек, Олий Мажлис биносига қилинган экскурсия бизда ифтихор ҳиссини уйғотди. Сабаби мана шундай улкан иншоот ўз бағрида катта бир тарихни, буюк шахсларни, улкан режаларни жо қилгани билан ҳайратланарлидир. Партияга биз ёшларни депутатлар билан юзма-юз мулоқотда бўлишимизга имконият яратиб беришгани учун ташаккур дейман.

Шундан сўнг, иштирокчилар “Хасти-имом” ва “Абул-Қосим” мажмуаларини зиёрат қилишди. У ердаги тарихий обидалар, экспонатлар, тарихий шахслар ҳаёти билан танишишди.

Иккинчи куни ҳам ўзига хос тарзда ўтди. партия Сиёсий Кенгаши вакиллари, ибратли қайноналар, бир гуруҳ ёшлар “Мустақиллик майдони”га келишди. У ерда “Бахтиёр она” ҳайкали қаршисида бир сония сукут сақлашиб, унинг пойига гулчамбар қўйишди.

Рохила Ярлакабова, “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг Тошкент вилоят босқичи 1-ўрин соҳибаси:

Энг аввало, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкилотчиларига ўз ташаккуримни изҳор этаман. Боиси, Республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган “Адолат”ли қайноналар билан ёнма-ён туриб, “Бахтиёр она” ҳайкалига гул қўйган чоғимизда, қалбимда оналикнинг ўзгача бир ҳиссини сездим. Ўзбек аёли эканлигимдан яна бир бор, фахрландим. Шу онда ўзбек аёлининг тимсолига қараб туриб, ҳаёлимдан ажиб кечинмалар ўтмоқда. Дарҳақиқат, Ўзбекистон мана шундай матонатли, меҳри дарё, бағри кенг, оилапарвар, болажон оналар юртидир. Мен ҳам “Адолат” партиясининг фаол аъзоси сифатида бир қатор лойиҳаларда иштирок этиб келмоқдаман. Партиянинг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда аёлларнинг сиёсий мавқеини ошириш, жойларда ташаббускор аёлларни кашф қилишга эътибор қаратилгани мен каби барча аёллар ҳаётида катта аҳамиятга эгадир десам, муболаға бўлмайди.

Миллий матбуот марказида ўтказилган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг тақдирлаш маросими ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Тақдирлаш жараёнида барча вилоятлар қаторида Тошкент вилоятининг ҳам вакили эълон қилинганида вилоятимизда мана шундай меҳрибон, ширин сўз, адолатли қайнона оналаримиз борлигидан бахтиёрлик ҳисси уйғонди. Тадбир кутилмаган дақиқалар, куй-қўшиқлар жаранги билан барча йиғилганларга энг гўзал лаҳзаларни ҳадя қилди. Дарҳақиқат, бу каби танловлар жамиятимизда мустаҳкам оилалар сонини кўпайишида, никоҳнинг муқаддаслигини ёшларимиз онгига сингдиришда, ажримларнинг олдини олишда, қайнона-келин муносабатларини тўғри йўналтиришда катта аҳамиятга эгадир. Шунингдек, ҳаётий тажрибалар юзасидан фикр алмашиш билан бир қаторда сиёсий билимларни оширишда ҳам катта мактаб вазифасини ўтайди.

 Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Икки кунда бир олам таассурот was last modified: Август 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »