Икки оғиз сўз: касбдошларимиз меҳнати қадрланмоқда

21 Август, 16:07 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 44 марта кўрилди • Комментариев к записи Икки оғиз сўз: касбдошларимиз меҳнати қадрланмоқда нет

Матбуотда чоп этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ўқиб, жуда ҳам мамнун бўлдик. Айниқса, масалаларга ўта жиддий ёндашадиган, ўзига нисбатан ғоят талабчан, ҳамиша беҳаловат, ишидан ўзини қониқмагандек ҳис қилиб, кўп ўқийдиган, доимо изланишда бўлган ҳамкасбларимиз меҳнати бугун юртбошимиз томонидан эътироф этилиб, қадрланаётганидан бениҳоя миннатдормиз.

Бир неча йилдирки, оммавий ахборот воситаларида ишлаб келаяпмиз. Оммавий ахборот воситалари таҳририятига ҳар куни фуқаролардан кўплаб хат-хабарлар келиб туради. Уларнинг бирида замонамиз қаҳрамони меҳнати улуғланса, иккинчисида ҳукуматимиз ғамхўрлиги мадҳ этилади. Учинчисида эса баъзи идоралар фаолларининг меҳнаткашларга кўрсатаётган турли ёрдамларидан миннатдорликлари изҳор қилинади. Баъзиларида эса ноҳақликка учраган юртдошларимиз дарду-ҳасратларини тўкиб ёрдам сўраб мурожаат қиладилар. Баъзан ўйлаб ҳам қоламиз. Фуқаролар томонидан бизга юборилаётган айрим шикоятларни ҳатто нуфузли идоралар вакиллари ҳам кўриб чиқишган. Аммо уларнинг текширувидан ариза муаллифлари қониқмай, нажот истаб бизга мурожаат қилмоқдалар. Ҳақиқатдан ҳам шундай вазиятларда оммавий ахборот воситалари давлат билан халқ ўртасидаги мустаҳкам кўприк вазифасини бажариши зарур.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг биз журналистларга бўлган эътибори ва кўрсатаётган ғамхўрлигини ҳар қадамда ҳис этиб турибмиз. Айниқса, партиянинг сайловолди дастурида журналист кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш, ижтимоий шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳам аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, шунга монанд Президентимиз қарорида ҳам биз журналистларнинг иш, қалам ҳақи, прописка масаласи, арзон уй-жой таъминоти, ўз фикрини эркин ифода этиши, профессионал малакасини ошириши, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Албатта, бу ғамхўрлик амал ва шуҳратга интилмайдиган, таъмагирликдан йироқда бўлган, унинг учун масъулият биринчи ўринда турган фидоий, заҳматкаш, жонкуяр ҳамкасбларимиз учун айни муддаодир.

Бугун “ХХI аср – ахборот технологиялари асри” дея таъриф берилаётган шиддаткор замонда яшаяпмиз. Одамларнинг мамлакатимизда, жаҳонда рўй бераётган воқеа ҳодисаларга қарашлари, қизиқишлари кучаймоқда. Шундай экан, фуқароларимизни ер юзида содир бўлаётган кундалик янгиликлардан ҳаққоний хабардор этишда биз журналистларнинг хизмати катта. Албатта, биз юртбошимиз қароридан илҳомланиб, бундан кейин ҳам ишимизда тезкорлик, ҳозиржавоблик ва албатта ҳаққонийлик бўлишига ҳаракат қилаверамиз.

Комил САХАТОВ,
Журналист.

Замира БОБОНАЗАРОВА,
Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи
раҳбари, вилоят телевидениеси муҳаррири.

Икки оғиз сўз: касбдошларимиз меҳнати қадрланмоқда was last modified: Август 21st, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »