ИНСОН МАНФААТЛАРИ- ЭНГ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

28 Август, 14:32 • Муносабат, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 54 марта кўрилди • Комментариев к записи ИНСОН МАНФААТЛАРИ- ЭНГ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ нет

Куни-кеча муҳтарам Юртбошимиз томонидан кенг аҳоли қатламларининг манфаатларига мос янгиликлар, имкониятлар ва тартиб-қоидаларни белгилаб бераётган халқчил ҳужжат – “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор эълон қилинди.

Мамлакатимизда шиддат билан кечаётган жараёнларда ушбу қарор аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, жойларда ишларнинг ҳақиқий аҳволини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатишнинг сифат жиҳатдан янги ва самарали шаклларини жорий этиш натижасида аҳолини безовта қилаётган ижтимоий соҳа, уй-жой коммунал, йўл хўжалиги, электр-энергия, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти, арзон уй-жойлар қуришни ривожлантириш масалаларини ўз вақтида ҳамда жойида ҳал қилинишига асос бўлади. Чунки қарорга асосан ҳар бир қишлоқ ва маҳалла аҳолисининг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда мазкур ҳудудни ривожлантириш йўллари ва “йўл хариталари” белгилаб олиниб, уларнинг бажарилиши тизимли равишда жавобгар шахслар томонидан назоратга олиниши тартиби жорий этилмоқда.

Марказдаги ва юқори тизимлардаги масъул мутасадди шахсларнинг кенг жамоатчилик ҳамда халқ вакиллари олдида доимий ҳисобдорлигининг жорий қилиниши жойларда (қишлоқ ва маҳаллаларда) аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлаш ва ҳар бир қуйи бўғиннинг, фуқаронинг муаммоларини бевосита ҳал қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Чунки бугунги кунда республика органларининг туман ва шаҳарлар билан (қишлоқ ва маҳаллалардан) алоқаси мукаммал йўлга қўйилмагани, ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича уларнинг ўзига хос хусусиятлари ва ривожланиш даражасини инобатга олган ҳолда манзилли амалий чораларни ишлаб чиқиш имконини бермаётганлиги, республика ва маҳаллий бюджет маблағларини шакллантириш ва тақсимлаш, инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишнинг жорий тартиби, биринчи навбатда, энг устувор лойиҳаларнинг манзилли, ўз вақтида ва мутаносиб равишда молиялаштирилишини таъминлай олмаётганлиги, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир одамнинг ҳаёти сифатини қанчалик яхшилаётгани, алоҳида олганда ҳар бир аҳоли пунктини қанчалик даражада ижтимоий-иқтисодий ривожлантираётгани эътиборга олинмаётгани қарорда реал танқидий жиҳатдан кўрилиб, энг самарали тартиб-қоидалар жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қабул қилинаётган ҳужжатлар ва дастурларнинг, айниқса, қуйи поғонада сўзсиз амалга оширилишини таъминлашга йўналтирилган.

Мазкур ҳужжат ижроия ва вакиллик ҳокимияти органларининг аҳоли дуч келаётган мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ўз вақтида барҳам бериш ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини доимий ва манзилли ўрганиш борасида ҳамкорликда олиб бориладиган тизимли фаолиятини ташкил этишни назарда тутади. Жорий этилаётган янгича тизим – “маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика” тамойилига асосан ишлар энг қуйи бўғин – маҳаллада бажарилиши зарур, яъни ҳар чоракда истисносиз барча уй хўжаликлари ва объектларга бирма-бир кирилиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилинади. Маҳаллада аниқланган муаммолар бевосита жойида бартараф этилади. Жойида ҳал этишнинг иложи бўлмаган камчилик ва муаммолар эса сектор, туман (шаҳар) ва ҳудуд кесимида “йўл хариталари”га киритилади.

Ҳукумат миқёсида давлат, ҳудудий, шу жумладан, инвестиция дастурларини тасдиқлаш ва амалга ошириш, жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича чоралар кўрилади. Бу билан маҳаллалардаги муаммолар ва уларни ҳал этиш механизмлари ўртасида республика даражасигача узлуксиз алоқа ўрнатилади.

Маҳаллий даражадаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга бўлган ёндашувнинг бутунлай ўзгараётганлигини инобатга олиб, Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини сарҳисоб қилишнинг янгиланган концепцияси жорий этилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ушбу илғор ва халқчил ҳужжат билан мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудлари ва энг қуйи бўғинларигача ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасдан, ҳар бир юртдошимизнинг манфаатини ҳисобга олишдек ўзбекона инсонпарварлик-демократия намунаси жорий этилмоқда.

Отабек МАВЛОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат”СДП
Халқ депутатлари Кенгаши
Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати.

ИНСОН МАНФААТЛАРИ- ЭНГ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ was last modified: Август 28th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »