Ишчи гуруҳнинг хонадонларга ташрифи давом этмоқда

21 Август, 16:50 • Ишчи гуруҳ, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 97 марта кўрилди • Комментариев к записи Ишчи гуруҳнинг хонадонларга ташрифи давом этмоқда нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Ўрта Чирчиқ тумани Кенгашида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари сайловчилар билан яккама-якка мулоқот ўрнатишга, уларнинг муаммоларини бартараф этишга астойдил киришиб кетишди.

Куни кеча партиянинг туман Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман Кенгаши депутатлари ҳамда партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари “Галаботир” маҳалла фуқаролари йиғини аҳли билан юзма-юз суҳбатда бўлди. Гуруҳ аъзолари маҳалладаги 14 та хонадонга ташриф буюриб, кексалар ҳолидан хабар олишди ва кам таъминланган оилаларнинг муаммолари билан ўртоқлашди. Фуқаро Ахмаджон Ҳолматовнинг хонадонида бўлган суҳбатда, турмуш ўртоғи Ҳолтурсунова Умра аяни 2 йилдан буён оёқлари ишламаслиги боис қийналаётганини баён қилди. Гапи орасида минг истиҳола билан аёли ногиронлар аравачасидан фойдаланиши учун ҳар ойда 30 минг сўмдан ижара пулини тўлашаётганини маълум қилди.

Ушбу холатга ижобий ечим топиш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари ва туман депутатлари зудлик билан тегишли ташкилотлар билан боғланишди. Партиянинг туман Кенгаши раиси Шаҳризод Ҳакимовнинг Тиббиёт бирлашмасига қилган мурожаати “Тиббий ижтимоий ёрдам кўсатиш” бўлими мудири И.Эминов томонидан 2 ҳафта муддат ичида ҳал этилди. Бемор Умра ая Ҳолтурсуновага ногиронлик аравачаси ижара тўловларидан озод этилган ҳолда топширилди.

Умра ая Ҳолтурсунова, “Галаботир” МФЙ фуқароси, 79 ёш:

Бугунги хурсандчилигим ниҳоятда чексиз. “Адолат” партияси депутатлари хонадонимга келиб, менинг аҳволимдан хабар олишгани, шу пайтгача ечилмаган муаммойиимни бир зумда бартараф этиб, енгиллик яратиб беришгани учун минг бор рахмат. Уларга халқнинг манфаати йўлида толманглар, дейман.

Ишчи гуруҳ аъзолари мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Абубакир Умаровлар хонадонида ҳам бўлишди. Суҳбат асносида уларнинг қувончу, ташвишларига шерик бўлишди. Маълум бўлишича, Абубакир ота ҳам анча йиллардан бери оёғи оғриши сабаб, бир неча бор тегишли ташкилотларга ҳасса сўраб мурожаат қилган. Бироқ, мутасадди раҳбарлар томонидан бу масалани ечишда сарсонгарчиликка йўл қўйилган. Муаммоларга тезкорлик билан ёндашаётган ишчи гуруҳ аъзолари ушбу масалага ойдинлик киритишди. Туман Кенгаши раиси Ш.Ҳакимов фуқаро А.Холматовнинг мурожаати бўйича Тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига юзланди. Мазкур масала 2 ҳафта ичида кўриб чиқилиб, “Тиббий ижтимоий ёрдам кўсатиш” бўлими мудири И.Эминов томонидан ҳасса таёғи топширилди.

Абубакир ота Умаров, “Галаботир” МФЙ фуқароси, 81 ёш:

Кексаларини улуғловчи юрт ҳеч қаерда топилмаса керак. Партия вакилларининг бугунги ташрифида ҳам буни исботини кўрдим. Бир неча йиллардан бери оёқ оғриғим борлиги боис ҳассасиз юришга қийналардим. Уларнинг кўмаги билан мушкулим осон бўлди. Мана ҳозир ҳасса ёрдамида бемалол юришга ҳаракат қиляпман. Бунинг учун миннатдорчилик билдираман.

Дарҳақиқат, жорий “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб бежизга номланмаганини жойларда олиб борилаётган ишларнинг самарасида ҳам кўриш мумкин. Маҳаллий Кенгашларда тузилган ишчи гуруҳ аъзолари сайловчиларимиз орасида бўлиб, уларнинг ишончини оқлашга интилишмоқда. Бундай эзгу ишлар Тошкент вилоятининг барча Кенгашларда ҳам амалга оширилаётгани таҳсинга лойиқдир. Фуқаролар ҳам ўз навбатида бундан мамнундирлар. Зотан, юртимизнинг ободлиги, халқимизнинг осойишта ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун барчамиз бир бўлиб қадам ташласакгина, олдимизга қўйган мақсадларимизга эришмоғимиз муқаррардир.

 Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот котиби.

Ишчи гуруҳнинг хонадонларга ташрифи давом этмоқда was last modified: Август 21st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »