Истиқлол нуридан мунаввар гўша

29 Август, 18:55 • Андижон вилояти, Муносабат, Тадбир, Янгиликлар • 56 марта кўрилди • Комментариев к записи Истиқлол нуридан мунаввар гўша нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бўз туман кенгаши томонидан ташкил этилган “Менинг обод юртим” номли тадбир туман ҳаётида истиқлол йилларида катта ўзгаришлар юз берганини ўзида ифода этди. Шу куни орадан ўтган 26 йил тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзишга арзигулик бўлгани эътироф этилди. Эришилган ютуқларда партиядошларимизнинг ҳам муносиб хиссаси борлиги янада қувонарли.

Тадбир баҳона туманнинг қишлоқ ва маҳаллаларини айландик, одамлар билан суҳбатлашдик. Сездикки. Ёшу кекса шукроналик хисси билан яшамоқда. Келинг, яхшиси кўрганларимизни сизга ҳам етказайлик.

Бўз тумани ҳақида гап борганда, яқин-яқингача кўз олдимизда қўриқ майдонлар, чекка қишлоқлар гавдалангани бор гап. Бўзликлар деҳқончилик борасида ўзига хос мактаб яратганини эътироф этсак-да, саноат ишлаб чиқариши, тадбиркорлик ва ободонлаштиришга келганда улар четлаб ўтиларди.

Мустақиллик бўзликлар ҳаётига катта ўзгаришлар олиб кирди. Чегарадош Улуғнор, Шаҳрихон, Балиқчи туманлари ва қўшни Фарғона вилоятидан қолишмайдиган даражада яратувчилик ва ободонлаштириш ҳаракати бошланди. Андижонликларга хос ташаббускорлик қисқа вақт ичида ҳар соҳадаги ўсиш, ривожланишда ўз ифодасини топди. Бугун тумандаги қайси бир маҳаллада бўлманг, ўзгаришлардан дилингиз яйрайди, истиқлол нури бу юртни мунаввар этаётганига гувоҳ бўласиз.

Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом:

Туманимиз кундан-кун чирой очиб, гўзаллашиб бораётганини бир сўз билан таърифлаш қийин. Қувонмай бўладими! Агар бундан йигирма-ўттиз йил илгари «бу жойларда ҳам замонавий бинолар қад ростлайди», деса ишонмасдик. Вақт мўъжиза каби орзуларни рўёбга айлантирди. Намунавий лойиҳа асосида бунёд этилган уйлар, ҳатто миллий услубда қурилаётган дала шийпонлари Бўзни чинакам бўстонга айлантирмоқда. Бу, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туманимизда ҳам кенг қулоч ёзаётганининг натижасидир.

Шу жойда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишларга назар ташлаймиз. 2017-2021 йилларда 511 та лойиҳага 1,2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади.

Ўтган йили янги лойиҳалар ишга тушиши ҳисобига ўзлаштирилган инвестиция қиймати 7 миллиард 951 миллион сўмни ташкил этган бўлса, амалдаги йилда бу кўрсаткич янада ўсиши кутилмоқда. Йилнинг биринчи ярмида 38 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада 4 миллиард 829 миллион сўм инвестиция ўзлаштирилиб, 384 та янги иш ўринлари очилди. Энг аҳамиятлиси, ишлаб чиқарувчиларнинг аксарияти ташаббус билан чиқиб, янгилик яратиш ҳаракатида.

 Мисол учун ёш тадбиркор, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли Иззатилло Муҳаммадазизов раҳбарлигидаги «Бўзфарм» масъулияти чекланган жамиятини олиб кўрайлик. Яқин-яқингача қайси бир ривожланган корхона фаолиятига назар ташласак, хорижий давлатлардан келтирилган ускуналар юқори натижа асоси бўлаётгани кузатиларди. Эндиликда бу борада бутунлай ўзгача ҳолат кўзга ташланмоқда. Аниқроғи, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан яратилаётган замонавий дастгоҳлар, тайёрланаётган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар сифати ва замонавийлиги билан дунё бозорларида юқори баҳоланмоқда. Бу борада мазкур МЧЖда амалга оширилаётган ишлар ибрат оларли.

Корхонада юқори технологиялар асосида сутни қайта ишлаш, фармацевтика маҳсулотлари ва мевани қайта ишлашда фойдаланиладиган замонавий дастгоҳлар тайёрланади. Ташкил топганига ҳали кўп вақт бўлмаганига қарамай, истеъмолчилар ишончини қозонишга эришилди. 8 турдаги ускуналар тайёрлаш йўлга қўйилди. Айниқса, сутни қайта ишловчи мини завод ва мевалардан шарбатлар тайёрловчи дастгоҳларга буюртмалар кўпаймоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли Иззатилло Муҳаммадазизов:

Бундай ускуналар асосан Хитой ва Россия давлатларидан келтириларди. Давлатимиз томонидан яратилган қулай ишбилармонлик муҳити бизга куч бўлди. Маҳсулотларимиз хорижникидан сира қолишмайди. Керакли деталларни ўзимиз тайёрлаётганимиз учун нархи ҳам арзон. Бу мижозларни қониқтирмоқда.

Корхонада 2016 йилда 532 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот сотишга эришилди. Соф фойда 78 миллион сўмни ташкил этди. Даромаднинг асосий қисми янги лойиҳаларни йўлга қўйишга сарфланмоқда.

Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида тумандаги саноат корхоналари сони яна биттага кўпайди. Пиллакор маҳалласида кир ювиш кукуни ишлаб чиқарувчи «Clean Trade Lux» масъулияти чекланган жамияти иш бошлади.

Ишлаб чиқариш устаси Абдураҳим Ўлмасов:

Сифатли ва зарарсиз маҳсулотлар тайёрлашни асосий шарт сифатида белгилаб олдик. Бу мижозлар ишончини қозонишда катта аҳамиятга эга. Ҳозирда кунига 5 тонна маҳсулот ички бозорга чиқарилмоқда. Келгуси йилдан бу кўрсаткич икки баробарга ортади ва экспорт амалга оширилади.

Янги корхонада 30 нафар ёш доимий иш жойига эга бўлди. Улар яратилган қулайликларга жавобан ташаббус кўрсатиб меҳнат қилмоқдалар.

Юқоридаги корхоналар мисолида замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқариш ва иқтисодиётимизда барқарор тараққиётга эришишни кўзда тутувчи дастурларнинг қанчалар долзарб аҳамиятга эга эканлигини кўриш мумкин. Туманда бундай лойиҳалар кўлами йил сайин кенгайиб бораётгани қувонарли.

Аҳоли бандлигини таъминлаш орқали оилаларнинг моддий фаровонлигини ошириш олдимизда турган долзарб вазифалардан. Бу борада туманда хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

Туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Раънохон Содиқова:

Аёл оиласида ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнини топиши лозим. Шу сабаб оилаларга кириб бориб, уларнинг муаммоларини ўрганиш баробарида фаоллигини оширишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Аёллар маслаҳат маркази бу борада энг ишончли институтга айланди. Марказда «Ҳуқуқшунос аёл», «Психолог», «Қайноналар мактаби» жамоатчилик уюшмалари ва «Ёш лидер қизлар» тўгараги мунтазам фаолият юритмоқда. Хотин-қизларнинг турли муаммолари ўз ечимини топмоқда.

Истиқлол нафаси билан яшаётган туман аҳлининг эришаётган ютуқлари ҳақида қанча гапирсак оз. Президентимиз бошчилигида юрт тараққиёти йўлида олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнунлик ва эртанги кунга бўлган ишонч янги марраларга бошламоқда.

Кун сайин чирой очаётган тумандан қайтар эканмиз, пойтахтлик ҳамроҳимиз йўл четидаги уйларга қараганча шундай деди:

Бўзни мутлақо таниёлмай қолдим. Шаҳардаги кўча ва уйлардан сира қолишмайди.

Бўстон МФЙ раиси Зуҳрахон Юнусова:

Янгиланишлар ҳар қандай меҳмонни ҳайратга солмоқда. Ўзгаришларга ўзимиз ҳам шунчалик ўрганиб, «бугун қаерда нима қуриляпти экан?», дея қизиқиб яшайдиган бўлиб қолдик. Фаровонлигимизга кўз тегмасин.

 Акбаржон НАЗАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят 
Кенгаши матбуот котиби.

Истиқлол нуридан мунаввар гўша was last modified: Август 29th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »