Истиқлол шукуҳи қалбларимизда мавж урмоқда

31 Август, 15:59 • Тадбир, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 52 марта кўрилди • Комментариев к записи Истиқлол шукуҳи қалбларимизда мавж урмоқда нет

Мустақиллигимизнинг 26 йиллик шодиёнаси арафасида юртимизнинг барча гўшаларида энг азиз, энг муқаддас байрам тантаналари бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Учтепа туман Кенгаши ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда ўтказилган “Бешқайрағоч” маҳалласида ўтказилган “Истиқлол машаъали тоабад порлагай Ватан!” мавзусидаги мустақиллик байрами ҳам ўзгача шукуҳ, меҳр-муҳаббат, хуш кайфият билан кутиб олинди.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, Учтепа туман ҳокими ўринбосари Ҳ.Муҳиддинов, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси А.Зикрилла, туман ҳудудий тиббиёт бирлашмаси ходимлари, маҳалланинг нуроний отахон ва онахонлари, маҳалла фаоллари ҳамда эл суйган таниқли санъаткорлар иштирок этишди.

Шунингдек, тадбирда маҳалланинг обод ва файзли бўлиши, гуллаб яшнашида, хонадонларда аҳиллик, тинчлик-тотувликни асрашда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ибратли қайнона ва келинлар қатнашишди.

Тадбирда Учтепа туман ҳокими ўринбосари Ҳ.Муҳиддинов байрам шукуҳи ўз замирида кундан-кун чирой очаётган қишлоқ ва шаҳарларимиз, озод ва обод юртимиз қиёфаси, барқарор суръатларда ривожланаётган иқтисодиётимиз, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, мана шу мўътабар заминда тотув ва баҳамжиҳат яшаётган барча миллатларнинг бугунги бахт-иқболи ва ёрқин истиқболини тўла мужассам этишини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, байрам тадбирида сўзга чиққан иштирокчилар, энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Мустақиллик кунини кенг нишонлаш истиқлол йилларида муҳим ижтимоий-сиёсий воқеага, қутлуғ анъанага айлангани, ҳар йили бу улуғ айёмга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда, кўтаринки руҳда нишонлаш учун давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида қарор қабул қилиниши ҳам бу борадаги ишларимизни ҳар гал янги босқичга кўтаришга қаратилиши билан эътиборли эканлиги ҳақида алоҳида таъкидлашди.

Беҳзод Абдухаликов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Учтепа туман Кенгаши раиси:

Мустақиллик бизга ўзлигимизни, қандай буюк инсонларнинг авлоди эканлигимизни  англаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият  сифатида қарор топиши, обод ва озод Ватанда фаровон яшаш имконини яратди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобидан жой олган маъруза ва нутқларда мустақилликка эришиш арафасидаги оғир ва суронли йилларда ҳам инсон, унинг эҳтиёж ва талаблари, жисмоний ва маънавий юксалиши республикамизда истиқболда амалга ошириладиган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг марказида бўлиши шарт, деган талаб кун тартибига қўйилган ва бугун бу ўзининг ҳаётий ифодасини топмоқда.

Бошқача айтганда, Биринчи Президентимиз ўша кезлардаёқ халқни маънавий юксалтириш, инсоннинг маънавий ва жисмоний такомили — давлат ва жамиятнинг муҳим вазифаларидан бири эканини белгилаб берди.

Тадбирда таниқли санъаткорлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тўти Юсупова ва халқ севган актриса Раъно Ярашевалар мустақилликнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритиб, оиладаги тинч-тотувликни асраш, ўзаро ҳамжиҳатликда яшаш каби кўп йиллик тажрибалари ҳамда миллий урф-одатларимиз ҳақидаги билимлари билан маҳалла ёшлари, айниқса келинлар билан фикр алмашишди.

Анжуман давомида “Бешқайрағоч” маҳалласи фаоли Шарипа Алимовага Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ўтказилган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг шаҳар босқичида фахрли ўринни эгаллагани муносабати билан фахрий ёрлиқ топширилди.

Байрамда маҳалланинг фаол, жонкуяр инсонлар ҳамда нуроний отахон ва онахонларга байрам совғалари улашилди. Тадбирда якунида эл суйган санъаткор Исроил Саидумаров ўзининг шўх қўшқлари билан йиғилганларга байрамона кайфият улашиб, барчани хушнуд этди.

Феруз ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби.

Истиқлол шукуҳи қалбларимизда мавж урмоқда was last modified: Август 31st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »