Кадрлар — ислоҳотлар ижодкорлари

4 Август, 19:09 • Марказий аппарат, Муносабат, Янгиликлар • 125 марта кўрилди • Комментариев к записи Кадрлар — ислоҳотлар ижодкорлари нет

Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида “одамлар ўзларининг ҳаётидан рози бўлиши керак”, деган ҳаётбахш ғоя ётади. Шу маънода, бугун Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳасини изчил ривожлантириш, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратишга интилишлар давом этмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси эса ушбу мақсадга эришиш учун инновацияларни амалиётга кенг татбиқ этиш, профессионал таълимни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, илмий ишланмалар сифатини ошириш ҳамда аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳим ўрин тутади, деб ҳисоблайди.

Президентимизнинг олий таълим тизимини буткул қайта кўриб чиқиш, хусусан, соҳада белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратиб келаётгани диққатга сазовордир. Бу масалалар мамлакатимизни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топгани партиямизнинг дастурий мақсадларига ҳам ҳамоҳанг.

Ушбу йўналишдаги ислоҳотлар давлатимиз раҳбарининг шу йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида яна бир карра ўз аксини топди.

Зеро, изчил ислоҳотлар, яратилган кенг шарт-шароитларга қарамай, республикамиздаги ўқув муассасалари учун замонавий талабларга жавоб берадиган етук кадрлар тайёрлаш тобора долзарб аҳамият касб этаётир. Бунда, айниқса, ахборот-коммуникация технологияларини мукаммал эгаллаган, илғор хорижий тажриба ютуқларини ўзлаштирган малакали мутахассисларга талаб ортиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари айрим йўналишлардаги муаммоларнинг асосий сабаби — кадрларни танлаш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш жараёнлари билан бевосита боғлиқ эканига алоҳида урғу бергани “Адолат” социал-демократик партияси фаолларини ҳам бу масалаларга яна бир бор жиддий эътибор қаратишга ундади. Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда ҳудудларда мутахассислар етишмаётганлиги жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни янада самарали ҳал қилишда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот технологиялари, юридик хизмат каби муҳим соҳаларда бу борада ўз ечимини кутаётган долзарб масалалар тўпланиб қолгани ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларида ойдинлашаяпти. Бу каби муаммолар кўп жиҳатдан олий таълим муассасаларида кадрларнинг ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиқмаган ҳолда тайёрланаётганлиги сабабли пайдо бўлаётир.

Қабул қилинган қарор янги ўқув йилидан бошлаб ҳар бир олий таълим муассасасида барча курсларда камида 2 та гуруҳда мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитишни босқичма-босқич ташкил этишни, ўз навбатида, инглиз тилида дарс ўтадиган профессор-ўқитувчиларни мақсадли тайёрлаш жараёнига бошқача ёндашувни талаб қилади. Шу мақсадда профессор-ўқитувчиларнинг хорижда тегишли тайёргарликдан ўтишини ташкил этиш, машғулотларни олиб боришга хорижий мутахассисларни жалб қилиш каби масалаларга жиддий эътибор қаратилган.

Қарорда жорий ўқув йилидан олий таълим муассасалари талабаларининг тегишли таълим йўналишлари бўйича муайян ташкилотлар ва корхоналарда малакавий амалиётлари тизимли равишда ўтказилиши, шунингдек, уларнинг амалий машғулотларини бевосита ишлаб чиқаришда ташкиллаштириш ҳамда битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш белгилаб берилди. Ижтимоий соҳада ёш олимлар, изланувчилар ва докторантлар учун кенг имкониятлар яратиш ҳам ҳужжатда ўз ифодасини топган бўлиб, унда амалиётга татбиқ этилган иш муаллифларини, ихтиро эгаларини моддий рағбатлантириш назарда тутилган.

Президентимизнинг мазкур қарори ижросини таъминлашда, албатта, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча даражадаги депутатлик тузилмалари ҳамда ҳудудий кенгашларининг фаол иштироки талаб этилади. Зеро, давлат олий таълим тизимини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш тарафдори сифатида “Адолат” СДП илмий тадқиқот ишлари, мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш, олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ғояларини илгари суради.

Қарорда назарда тутилган яна бир муҳим масала — педагогларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш партиямиз ғоясига мос. Хусусан, қарорда турли танловларда совриндор бўлган, ўқувчи-талабалари республика ва халқаро олимпиадаларда юқори натижаларни қўлга киритган педагогларга уй-жой, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомобиль, маиший-хўжалик жиҳозлари сотиб олишлари учун имтиёзли ипотека ва истеъмол кредитлари ажратиш тартибини жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш киритилган. Бу, ўз навбатида, таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган педагог кадрларнинг ижтимоий нуфузини ошириш, жамиятда педагогик фаолиятнинг обрўсини юксалтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бу партиямиз электорати бўлган педагогларларга бўлган ҳурмат, улар меҳнатини қадрлаш, қолаверса, давлатимиз томонидан уларнинг машаққатли, шу билан бирга, шарафли фаолияти эътироф этилганлиги ифодасидир.

Умуман айтганда, мазкур қарор ижросини таъминлашда “Адолат” СДП ўзини масъул санайди ва ундан тўла манфаатдор. Зеро, таълим тизимини янада тараққий топтириш мамлакат ривожининг энг муҳим шартларидан биридир.

Собир ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари,

педагогика фанлари доктори.

Кадрлар — ислоҳотлар ижодкорлари was last modified: Август 4th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »