Китоб – маърифат зиёси

10 Август, 10:01 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 44 марта кўрилди • Комментариев к записи Китоб – маърифат зиёси нет

Китобхонлик маданиятини юксалтириш –

буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир.

Шавкат Мирзиёев.

Китоб – маърифат, маънавият зиёси дея таърифланар экан, у инсонни ҳар томонлама тарбияловчи, унинг онги ва тафаккурини шакллантирувчи муқаддас манбадир. Истиқлол шарофати сабаб биз ёшларга қатор имкониятлар эшиги очилди. Ҳар қандай соҳада ўз истеъдодимизни намоён эта оладиган даражада кучга эга бўлиб келяпмиз. Бугунги кунда берилган имкониятдан фойдаланиб, иқтидоримизни намоён эта олиш фақат ўзимизнинг қўлимизда.

Тўғри, ҳар бир ютуққа ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Бунинг учун изланиш, китоблар дунёсидан хабардор бўлиб, маънавиятимизни, тафаккуримизни шакллантиришимиз талаб этилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар қатори китобхонликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2017 йил 12 январда “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишининг эълон қилинганлигининг ўзи ёшлар орасида китобга бўлган талабчанликни ошириш, жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналарини таржима қилиш, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп адабиётларга бўлган қизиқишини орттиришга хизмат қилади албатта.

Бухоройи шарифда яна бир ўзгариш бўлди, яъни китобхон ёшлар сафини кенгайтириш, уларни турли адабиётлар билан таъминлаш мақсадида “Бухоро китоб олами” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

Маълумки, шаҳримиздаги “Варахша” меҳмонхонаси қаровсизлик сабабли афтода аҳволга келиб қолган эди. Ушбу мажмуа яқинда ўз кўркига эга бўлди. Ҳамкор ташкилотлар кўмагида барпо этилган ушбу масканда китобхонлар учун жуда катта қулайликлар яратилган. Миллий ганчкорлик услубидан безатилиб, уммонда сузиб бораётган оқ кемани эслатувчи бу маърифий мажмуанинг иккинчи қаватидаги савдо майдони мутахассислар томонидан китоб супермаркети деб ҳам аталмоқда.

Маърифий маскан қурувчилари мажмуа атрофини ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратишган. Бу ҳудудда дилга хуш ёқадиган микроиқлимни вужудга келтириш мақсадида суви тўққиз рангда товланадиган фавворани ҳам бунёд этишди. Ҳаво ҳарорати айни забтига олган ҳозирги жазирама кунларда фаввора атрофи ёш-у кексалар билан гавжум.

Китоб олами билан танишар эканман, 5 мингдан зиёд адабиётни ўзида бирлаштирган “Болалар адабиёти”, “Илмий, маърифий ва бадиий адабиётлар” бўлими эътиборимни ўзига тортди. Ундаги адабиётлар билан танишиб, жуда катта таассуротга эга бўлдим.

Ўйлайманки, “Бухоро китоб олами” мажмуи ҳам бошқа маърифий масканлар қатори талабчан ўқувчиларнинг турли-туман адабиётларга бўлган қизиқишларини қондириш баробарида болалар ва ёшларда китобга меҳр қўйиш, уларда мустақил юритиш, мураккаб ҳаётий вазиятларда китоблардан тўғри жавоб олиш кўникмасини шакллантиришга ҳар томонлама кўмаклашади.

Гулчеҳра ҲОШИМОВА,

партия аъзоси,

Шофиркон туман Иқтисод коллежи
“Инглиз тили” фани ўқитувчиси.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »