Китобхонлик маданиятини ошириш – давр талаби

8 Август, 15:32 • Муносабат, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 27 марта кўрилди • Комментариев к записи Китобхонлик маданиятини ошириш – давр талаби нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда кўтарилган масалалар ва уларнинг ечими бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида том маънода Ўзбекистоннинг Жаҳон маданияти марказига айланиши учун шаҳдам қадам ташланди, десак муболаға бўлмайди.

Гапнинг очиғини айтадиган бўлсак, йиғилишда билдирилган фикрлар мамлакатимиздаги барча зиёлилар, миллат келажаги, унинг маънавий баркамоллиги учун ташвишда бўлганларнинг юрак-юрагидаги гап бўлди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилиш маълумотлари билан танишар экансиз, Президентимизнинг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси нақадар шиддат билан амалга оширилаётганлигига амин бўласиз. Хусусан, ушбу анжуманда ўртага ташланган бир қатор ғоялар 2016 йил 19 октябрдаги сайловчилар билан учрашувда “…ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишга,  аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Бунинг учун, аввало, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор беришимиз муҳим аҳамият касб этади”, дея таъкидлаган эди Ўзбекистон Республика Президенти Ш.Мирзиёев.

Шундан сўнг муҳтарам Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши 2017 йил 12 январь куни эълон қилинган эди.

Ушбу қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилингандан сўнг, орадан бир неча ой ўтиб-ўтмасдан, бугун яна шу масалага қайтилгани, китоб, китобхонлик маданиятининг жамият, маънавий ҳаётидаги ўрни ва роли нақадар муҳим эканлигидан далолат беради.

Маърузани диққат билан тинглар эканман, нега ёшларимиз, умуман, фуқароларимиз ўртасида китобхонлик маданияти пасайиб кетди, нима учун ердан кўкка кўтарадиган, бизни баркамоллик сари етаклайдиган, инсонлар қалбига ёруғлик ва илиқлик киритадиган, оқ билан қора, яхшилик билан ёмонлик, вайронкорлик билан бунёдкорликнинг фарқини онгли равишда англатишга ёрдам берадиган, инсоният томонидан яратилган энг ноёб кашфиёт – китобнинг қадри нега тушиб кетаётганлиги тўғрисида мулоҳазага бордим.

Ҳаттоки, айримлар китоб ўқиганларни замондан орқада қолаётганлар қаторига қўшиб қўймоқдами?

Ушбу саволларга Президентимизнинг фикрлари айнан жавоб бўлди. Яъни, “Биз бугун китобхонлик маданиятини ошириш, илмий, бадиий, сиёсий адабиётларни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор беряпмиз. Аммо бу ишларни ҳар томонлама пухта ўйлаб амалга оширишимиз, бошлаган олижаноб ҳаракатимизни обрўсизлантиришга йўл қўймаслигимиз шарт”.

Тўғри, йиғилишда танқидий-таҳлилларга асосланган ҳолда, ҳозирги кунда маданият ва санъат аҳлида фаоллик, янги-янги ижодий ғоя ва ташаббуслар билан яшаш, изланиш руҳи етишмаётганини таъкидлаб ўтди. Айниқса, бугунги кунда зиёлилар даврасида енгил-елпи китоблар, саёз, олди-қочди газета-журналлар, теле-радио станциялар кўпайиб бораётгани тўғрисида ҳақли эътирозлар бўлди.

Шулардан келиб чиқиб, биз партия вакиллари олдида турган яна бир муҳим масала ҳам ойдинлашди. Яъни айни пайтда юртимизда оммавий ахборот воситаларининг миллий ғоямизни ривожлантириш, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётганлигини кенг таҳлил этиш, айниқса, баъзи бир нашриётларнинг бу борадаги фаолиятини танқидий ўрганиб чиқиш орқали мавжуд муаммоларни қонуний асосда ҳал қилиш бўйича амалий таклифлар беришимиз лозим.

Зеро, китоб ўқишни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, айниқса ёшлар ўртасида мутолаани ривожлантириш, юртимизнинг барча нуқталаридаги касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида кутубхоналар ва электрон кутубхоналар фаолиятини кучайтириш ва кенгайтиришга алоҳида аҳамият бериш муҳим вазифадир.

Шерали Холбоев,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Термиз шаҳар Кенгаши раиси.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »