Кўрик-танлов: “Адолатли қайнона”лар беллашди

17 Август, 18:21 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Қашқадарё вилояти, Янгиликлар • 68 марта кўрилди • Комментариев к записи Кўрик-танлов: “Адолатли қайнона”лар беллашди нет

Мамлакатимизда хотин-қизлар фаоллигига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Негаки, улар нафақат она, севимли рафиқа балки ўз куч салоҳияти ила жонажон юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган фидоий  зотлардир.

Айни кунларда улар партиявий-ташкилий ишларда ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатаяптилар. Айниқса, туман, шаҳарларда ўтказилган “Адолатли қайнона” кўрик–танлови  кўтаринкилик руҳида уюштирилгани кўпчиликка катта таассуротлар қолдирди. Шу сабабли ҳам бугун Қарши шаҳридаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби тадбиргоҳида бўлиб ўтган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг вилоят босқичида тумонат одам тўпланди. Қайноналарни олқишлагани келган келинлар, фарзандлар, оталар учун партиянинг бу қизиқарли тадбири жуда ҳам маъқул бўлди.

Кўрик-танловни партия вилоят Кенгаши раиси Рўйиддин Раупов очиб, барча иштирокчиларни вилоят босқичига қатнашаётганликлари билан қизғин муборакбод этди ва омад тилади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши аъзоси Саодат Очилова бошчилигида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси  вакилларидан иборат ҳайъат аъзолари танловда қатнашаётган иштирокчиларни ҳар томонлама ижодий ёндашуви, оилада ҳаётий тажрибаларга таянгани, нотиқлик қобилияти, урф-одат, анъаналар, қадриятларни қай даражада  ўзлаштиргани, бола тарбиясида энг мақбул усулларни излаб топа олганлиги, оилада никоҳнинг муқаддаслиги, кўп ривоят, мақол билиши, жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллиги, амалдаги қонунлар ва “Адолат” СДП фаолиятидан хабардорлиги  каби  ҳаракатларини босқичма –босқич баҳолаб бордилар.

Ниҳоят қизғин баҳслар, қизиқарли саҳна кўринишлари остида ўтган танловда ўзининг латофатлиги, адолатлилиги, зийраклиги, сиёсий билимдонлиги билан алоҳида устунликка эришган Қарши шаҳри иштирокчиси Азима Зайнуддинова ғолиб деб топилди. Иккинчи ўрин эса Қамаши туманидан ташриф буюрган онахон Зулфия Қиёмовага насиб этди. У ўзининг зукколиги, ижодкорлиги, кўп ривоят ва мақоллар, хорижий тилларни  яхши билиши билан ҳайъат аъзоларини лол қолдирди. Шунингдек, қайноналик бобида ҳар томонлама пухта тайёргарлик билан келган Косон тумани вакили Раҳима Қандаҳарова оилада маданият, маънавият-маърифатни янада юксалтириш, фарзандлар тарбиясида адолат тамойилларига қатъий риоя қилиб оила ва никоҳнинг муқаддаслигини умуман, қайнона келин муносабатлари борасида рақибларидан қолишмай тортишди ва 3-ўрин соҳиби бўлди.

Тадбир ниҳоясида ғолиб иштирокчилар партия вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Биринчи ўринга лойиқ кўрилган Азима Зайниддинова эса танловнинг Республика босқичига қатнашадиган бўлди. Биз иштирокчи “Адолатли қайнона”ларни тақдирлаш маросими тугагандан сўнг, унинг ташкилотчилари билан мулоқотда бўлдик.

Тадбирни ўтказишдан мақсад, оилада қайнона – келин муносабатларини яхшилаш, оилавий ажримларни олдини олиш, хотин – қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва уларнинг фаол фуқаролик позициясини ҳамда партиянинг маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада кучайтиришдан иборатдир,- деди партия вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Рўйиддин Раупов.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Кўрик-танлов: “Адолатли қайнона”лар беллашди was last modified: Август 17th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »