Маҳаллам ободлиги – юртим ободлиги

16 Август, 18:17 • Бухоро вилояти, Давра суҳбати, Янгиликлар • 138 марта кўрилди • Комментариев к записи Маҳаллам ободлиги – юртим ободлиги нет

Маҳалладаги кекса тут дарахтининг мевалари кўзга кўриниб қолди. Сал кунда пишиб етилади. Болаларим, сизлардан илтимос, тутхўрлик пайтида дарахтга, унга уя қурган қушлар, ён-атрофга экилган кўчатларга озор берманг. Биласиз, яқин-яқинларгача ўша дарахт ёнидаги ариқдан сув узилмас эди. Айтсам ишонмайсизлар, болалигимизда шу ариқнинг сувида иссиқ нонни оқизиб, совитиб ер эдик. Оқар сув энди йўқ, лекин табиатнинг бир бўлаги бўлган дарахтларни йўқотиб қўймайлик. Табиатни асрайлик…

Бухоро вилояти Шофиркон туманининг “Хўжа Ориф” маҳалла фуқаролар йиғинида “Тоза табиат – соф келажак учун” лойиҳаси остида “Маҳаллам ободлиги – юртим ободлиги” мавзусида давра суҳбати интерфаол усулда ташкил этилди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши, вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва вилоят Экоҳаракат ҳудудий бўлнмаси томонидан ташкил этилган тадбирда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси ходимлари, вилоят Давлат санитария-эпидимиология назорат маркази шифокорлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Экоҳаракат ҳодимлари, маҳалла фаллари ва партия хайрихоҳ иштирок этди.

Давра суҳбати давомида маърузачилар томонидан “Аҳолининг экологик маданиятини ошириш – барқарор экомувозанатнинг асоси”, “Атроф муҳит муҳофазаси ва инсон саломатлигининг долзарб масалалари” ва “Жамоатчилик экологик назоратининг механизми” мавзуларидаги маърузалари тадбир иштирокчиларида жуда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир маърузачилари томонидан таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, деб белгилаб қўйилган. Табиатни асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш нафақат Конституциямиз, балки бир қатор қонун ва ҳукумат қарорларида ҳам ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 майда қабул қилинган “2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқтисодиёт тармоқларида барқарор ривожланишнинг экологик асосларини жорий этиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Маълумки, XXI асрнинг бошларига келиб ер юзидаги долзарб экологик муаммолар инсон саломатлиги ва она табиатга катта хавф солиб келмоқда. Айниқса, фан-техника тараққиёти ҳамда инсонларнинг табиатга қалтис муносабати туфайли атмосферага чиқарилаётган тутун таркибидаги чанг, азот оксиди, оғир металлар ва турли хилдаги концероген моддалар инсонларда аллергик ҳолатларни, турли хилдаги касалликларни келтириб чиқаради. Айниқса, пластик буюмларни, хазонларни ёқиб юбориш, ниҳоятда хавфли ҳисобланади. Ўсимликлар дунёси биологик фильтр вазифасини ўтаб, барглар барча зарарли моддаларни ўзида олиб қолади. Шунинг учун ҳам ҳеч қачон хазонларни ёқмай, уларни чуқур ковлаб кўмиш лозим. Тожи Комилов айни шу масалалар юзасидан тўхталиб ўтар экан, фан доирасидан келиб чиққан ҳолда ҳам аниқ далилларга таянди.

Тожи Комилов, Шофиркон туман давлат санитария-эпидемиология назорат маркази шифокори:

1 тонна дов-дарахтларнинг барги ва шохи ёқилганда атмосферага 9 кг тутун чиқиши ва бу барча фуқароларга зарарлидир. Шунингдек, Тутун таркибидаги заҳарли моддаларнинг организмга нафас йўллари орқали кириши натижасида ошқозон ости бези раки келиб чиқиш хавфи ортади. Қуриган шох-шаббалар, барглар, ўтлар ҳар хил чиқиндиларни ёқиб юборганда, заҳарли ва концероген моддалар ажралиб, хаво таркибини бузади. Ушбу зарарли ҳаво нафас олишни қийинлаштириб, турли хилдаги аллергик, астматик ва ўсма касалликларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, олтингугурт ангидриди, қурум, азот оксиди ва мураккаб таркибли органик бирикмаларни атроф-муҳитга ташланиши инсон саломатлиги ҳамда она табиатга салбий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуннинг ижросини самарали амалга ошириш мақсадида бир қатор қонуности ҳужжатлари, жумладан, “Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисидаги низом”, “Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Намунавий низом”лари ишлаб чиқилганлигини билдириб, давра суҳбати иштирокчиларининг эътиборини юқоридаги Низомларнинг мазмун моҳиятига Экоҳаракат вилоят ҳудудий бўлинмаси координатори Жаҳонгир Шарипов қаратди.

Маърузачи қайд этганидек, ҳар бир инсон табиатни севиб, она заминни асраб-авайлаб, дов-дарахтларга зиён-заҳмат етказмасдан, балки уларни парвариш қилишлари даркорлигини таъкидлади. Мамлакатимизда аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, экологик талабларга қатъий риоя қилиш, атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш ва инсон саломатлиги учун мақбул бўлган соғлом муҳитни яратиш борасидаги ишларда барчамизни фаол бўлишимиз ҳамда ташаббускорлик кўрсатишимиз, бу йўналиш бўйича турли тарғибот ишларни амалга оширишимиз бугунги куннинг долзарб вазифаси эканлигини алоҳида қайд этди.

Давра суҳбати давомида маҳалла фуқароларига табиатда ниҳоятда эътиборли бўлиши, экологик муаммоларни келтириб чиқармаслиги ҳамда ҳар қандай табиат неъматидан унумли фойдаланмоғи зарурлиги айтилди.

Тадбир қатнашчилари маърузачига ўзларининг берган саволларига тўлиқ ва батафсил жавоб олишди.

 

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Маҳаллам ободлиги – юртим ободлиги was last modified: Август 17th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »