Мактаб-коллеж: фақат… аввал битта алифбони танлайлик (+Радио)

11 Август, 15:11 • Адолат газетаси, Адолат шарҳи, Янгиликлар • 152 марта кўрилди • Комментариев к записи Мактаб-коллеж: фақат… аввал битта алифбони танлайлик (+Радио) нет

Мазкур мақола “Ўзбекистон 24” радио каналининг «Матбуот ва интернет шарҳи» эшиттирилиши орқали ёритилди.

Умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежлари юртимизнинг 7-19 ёшдаги фарзандларига таълим-тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатиш билан бирга ёшларни талабаликка ва мустақил ҳаётга тайёрлайдиган ўқув даргоҳлари саналади. Маълумки, 12 йиллик мажбурий таълимга ўтилгач, ушбу тизим бир неча йил давомида ҳар томонлама шакллантирилди, моддий-техник базаси яратилди. Шунга мутаносиб тарзда республикамизда янгидан-янги корхоналар барпо этилди ва бу бунёдкорлик ишлари давом этмоқда, фуқароларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда.

11-синфни тамомлаб, етуклик аттестатига эга бўлиш олдида 12 йил ўқиш нисбатан узоқроқ муддат эканлиги аён. Аммо мустақил республикамизда саноатлашган иқтисодиётни шакллантиришда тор доирадаги мутахассисларга эҳтиёж ортганлиги ҳам бор гап. Шу билан бирга, мафкуралар кураши кучайган таҳликали даврда ҳаётга эндигина кириб келаётган, ўтиш ёшидаги ўғил-қизлар яна бир-икки йил коллеж ёки лицейда ўқитувчилар сабоғини олиб, тарбияланиб туриши мақсадга мувофиқ эканини кўпчилик кишилар бир қарашда англагандек эди. Коллежларда ўқитувчилар билан бир қаторда бошқа бир қатор мутахассислар ҳам иш билан таъминланди.

Эндиликда кўплаб ота-оналар, муаллимларнинг аксарияти ёшларнинг маънавий тарбиясида сезиларли муаммолар борлигини таъкидлаб, умумтаълим мактабларида 11 йиллик ўрта таълимни жорий этиш зарурлигини ёқлашди. Балки тарбиявий масалада аниқ ечим шудир. Республикамизда бу йил 9-синфни тугатаётган 466 минг ўқувчидан 352 минг нафари ўзи ўқиётган мактабларда ўқишни давом эттириш истагида бўлса, қолган 114 минг нафари касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқиш хоҳишини билдирганидан ҳам талаб ва таклифлар даражаси кўриниб турибди. Бу эса ҳозирча иккала тизимга ҳам аҳоли ўртасида аниқ талаблар борлигини кўрсатади.

Бизнингча, аксарият ота-оналар ўз молиявий имкониятларини ҳам назарда тутган, чунки фарзанди уйидан узоқроқдаги коллежми, лицейга бориши учун сарф-харажат қилинади. Шунингдек, фарзандининг оиладан узоқда бўлишидан хавотирга тушишини инобатга олсак, уларнинг мактаб таълимини маъқул кўрганлигини тушуниш қийин эмас. Қолаверса, кейинги пайтларда айрим касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларда тартиб-интизом, назорат бўшашганлиги оқибатида ҳар хил салбий ҳолатлар учраётганлиги, қизлар тарбияси, коллежлардаги маънавий муҳит билан боғлиқ ташвишланарли жиҳатлар ҳам кўпчиликда ўқувчиларнинг умумтаълим мактабида ўқишни давом эттиришига ижобий муносабат уйғотди. Албатта, бундай салбий ҳолатлар умумтаълим мактабларига “юқиб” қолишининг олдини олиш кераклигини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди.

Табиийки, ҳар йили мактаб битирувчиларининг бир қисми олий ўқув юртига ўқишга киради, қолганлари қўшимча 5-6 ойлик курслар бўйича турли ҳунарларни ўрганишлари учун шароит яратилади. Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида чуқурлаштирилган махсус тайёргарликни талаб этмайдиган чилангар, тикувчи, ҳайдовчи, ошпаз, сартарош, каштачи, кулол, қандолатчи, новвой, дурадгор, сувоқчи, бўёқчи каби жами элликдан зиёд касб-ҳунар ўргатилади. Демак, йилига минг-минглаб ёшларни ана шу касблар бўйича доимий иш билан таъминлаш зарурати пайдо бўлади. Чунки аксарият корхона, завод, фабрика, фирмаларга саноат соҳасидаги мутахассислар зарур, улар асосан мавжуд коллежлар ва олий ўқув юртларини тамомлаган ёшларни иш билан таъминлаши мумкин.

Маълумки, 2 август куни 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан касб-ҳунар коллежларида фаолият кўрсатаётган, дарс соатлари ҳажми камайган ҳар бир ўқитувчини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни янги ўқув йили бошлангунга қадар ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш масалалари юзасидан мутасадди шахсларга тегишли топшириқлар берилди. Демак, мутахассислиги ўрта мактаб таълимига мос келмайдиган ўқитувчилар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолганини назарда тутиб, бу борадаги ишлаб чиқилган чора-тадбирлардан жамоатчиликни хабардор қилиб бориш айни вақтда ўқитувчиларни ўйлантирадиган саволларга аниқ жавоб бўлади, албатта.

Таълим тизимини ислоҳ қилиш ҳақида сўз борар экан, аввало, бир таклифни билдириб ўтсак. Яъни демоқчимизки, келинглар, ҳозирда амалда бўлган икки алифбодан биттасини танлайлик: ё лотин, ё кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбоси. Барча билимлар манбаси бўлган китоблар, матбуот нашрларининг баъзилари лотин, баъзилари кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбосида чоп этилмоқда. Ҳатто миллий валютамиз ҳисобланган сўм ёзувларида ҳам шу каби ҳолат бор: 1000 сўмгача купюралар матнлари кирилл ёзуви, 5000 ва 10000 сўмлик купюралар матнлари эса лотин ёзувига асосланган алифбода ёзилган. Кўча-кўйдаги, лавҳалардаги турли ёзув ва эълонларни-ку, айтмасак ҳам бўлаверади…

Иккинчидан, асосий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган касб-ҳунар коллежларида ўқувчиларни мақсадли қабул қилиш ва масалан, энг кам иш ҳақининг 1,5-2 баравари миқдорида моддий рағбатлантириш орқали уларнинг касбларни пухта эгаллашига кўмаклашиш зарур, деб ўйлаймиз.

Шу билан бирга, умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларида таълим олувчи ўқувчилар сонининг мутаносиблигини таъминлаш келгусида асосий ишлаб чиқариш объектларида ишчи кучига талабни тўла қаноатлантиришга олиб келади.

ТЎртинчидан, академик лицей ўқувчиларини етарли равишда турар жойлар ва моддий ёрдам билан таъминлаш хусусида ўйлаш вақти келди, назаримда.

Бешинчидан, умумтаълим мактаблари 11-синфини ва академик лицей битирувчиларини муайян фанлар бўйича давлат имтиҳонидан ўтказиш тартибларини қайта кўриб чиқиш зарур, деган фикрдамизки, бу алоҳида мавзу. Хусусан, бунда уларнинг барчаси иншо ёзишлари имтиҳон тарзида белгиланса, ўқувчиларнинг саводхонлик борасида масъуллиги кучайган бўларди.

Бир сўз билан айтганда, таълим тизимини ислоҳ этиш жараёнида умумтаълим мактабларида шарт-шароитларни янгилаш, моддий-техник таъминот, зарур ашёлар билан боғлиқ масалалар аниқ дастур ва режалар асосида йилдан-йилга ўз ечимини топиб, пировардида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказишдек истиқболли мақсадларимиз рўёбга чиқади.

Гамзат БЕКБАЕВ,

тадқиқотчи.

Мактаб-коллеж: фақат… аввал битта алифбони танлайлик (+Радио) was last modified: Август 11th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »