Меъёрни унутмаган яхши

18 Август, 10:02 • Андижон вилояти, Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 117 марта кўрилди • Комментариев к записи Меъёрни унутмаган яхши нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маданият, адабиёт ва санъат намоёндалари билан ўтказган учрашувида сўзлаган «Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш — халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг муҳим пойдеворидир» номли маърузаси халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлида катта қадам бўлди. Халқ депутатлари Андижон вилоят ва шаҳар ҳамда туманлар кенгашларининг видеоселектор тарзидаги қўшма сессия мажлиси кун тартибига айни шу масала асос қилиб олинди. Уни вилоят ҳокими, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов олиб борар экан, оилаларни, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, тўй хашам ва бошқа маросимларни тартибга солишга иштирокчилар эътиборини қаратди.

Таъкидланганидек, ўзбек халқининг болажон, оилапарвар, бағрикенг ва орзу ҳавасли эканлигини бутун дунё билади. Лекин кейинги пайтларда орзу ҳаваслар борасида хаддан ошаётганлигимиз яққол сезилмоқда. Бу албатта, ҳаётимиз фаровонлигидан, халқимиз тинч, соғлом эканлигидан далолатдир. Аммо оилага, турмушга енгил елпи қараш кўплаб муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Меҳнат нима, роҳат-пул нима эканлигини билмаган ёш оилалар оддий сабабларни рўкач қилиб, ажралиб кетишмоқда.

Шунингдек, чаласавод ноқонуний фаолият юритаётган муллаларнинг арзимаган пулга шаръий никоҳ ўқиб қўяётганликлари танқид остига олинди. Уларнинг нафси касрига бир эркак бир неча аёлга уйланмоқда, натижада оилалар барбод бўлиб фарзандлар ота меҳрисиз қолмоқда. Демак бу борада нафақат эр-хотинларнинг, балки ота-оналар, маҳалла, жамоатчилик масъулиятини ошириш ҳам талаб этилади. Айниқса, расмий имом-хатиблар эътиборли ва талабчан бўлишлари лозим.

Шу ўринда рақамларга эътибор қаратайлик. Бугунги кунда вилоятда 3 миллионга яқин аҳоли қарийб 769 мингта оилада истиқомат қилади. Уларнинг 25 фоиздан ортиғини ёш оилалар ташкил этади. Оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳит соғломлигини таъминлаш мақсадида республика миқёсида барча даражадаги раҳбарлар томонидан аҳоли хонадонларига ташриф буюрилиб, оилаларнинг аҳволи, фуқароларнинг кайфияти, уларни қийнаётган муаммолар, ечимини топиш зарур бўлган масалалар ўрганилиб, ҳал этиш чоралари белгиланди.

Вилоятда ҳар йили 25 мингтадан ортиқ янги оилалар барпо этилмоқда. 2017 йилнинг 6 ойи давомида 7 минг 779 та никоҳлар қайд қилинди. Афсуски, қонуний ажралишлар ҳам йўқ эмас. Демак, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, айниқса халқ вакилларининг масъулиятини ошириш  зарур.

Депутатлар томонидан айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари, имом-хатиб ва отинойилар фаолияти танқидий таҳлил этилди. Тўй ва бошқа маросимларни қисқартириш, тартибга солиш, оилаларни сақлаб қолиш, чет элдан кириб келаётган турли таҳдидларнинг олдини олиш энг муҳими, маҳалланинг ролини ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Тан олиб айтиш керак, чет элларга пул топиш учун кетганларнинг асосий қисми данғиллама уй солиш, ким ўзарга тўй қилиш, машина, қимматбаҳо мебель олиш мақсадида йўлга тушган. Аммо уларнинг кўплари ўша пулларга фарзандларига касб-ҳунар ўргатиш, олий ўқув юртларида ўқитиш, ҳеч йўқ уларга китоб ёки китоб жавони совға қилиш ҳақида ўйламайди. Энг ачинарлиси уларнинг кўпчилиги оғир ва бедаво хасталикларга чалиниб қайтмоқда.

Кун тартибидаги масала кўриб бўлингач, республика ҳукумати томонидан тўй ва бошқа маросимларни тартибга солиш бўйича меъёрий ҳужжат тайёрланаётгани, у асосида вилоятда ҳам чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишиб олинди. Бир сўз билан айтганда, тўй-маросимларни ўтказишда меъёр биринчи вазифа сифатида белгиланди.

Бахтиёржон КОМИЛОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати.

Меъёрни унутмаган яхши was last modified: Август 18th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »