МУҚОБИЛ ЭНЕРГЕТИКА – ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

23 Август, 12:48 • Партия лойиҳаси, Сурхондарё вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 48 марта кўрилди • Комментариев к записи МУҚОБИЛ ЭНЕРГЕТИКА – ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ нет

Бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбааларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Чунки қайта тикланувчан энергия манбааларидан унумли фойдаланиш ер ости бойликлари заҳираларини тежаш баробарида экологияга чиқарилаётган зарарли газларнинг миқдорини камайтириш имконини беради. Шу боис бутун дунёда иқтисодиётнинг турли соҳаларида муқобил энергия манбааларидан фойдаланишга катта эътибор қаратиляпти.

Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 26 майдаги “2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтарди, десак муболаға бўлмайди.

Ушбу ҳужжат 2017-2021 йилларда ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғимини янада қисқартириш, маҳсулот таннархини камайтириш ва қайта тикланувчи манбаалар энергиясидан фойдаланишни кенгайтиришга йўналтирилганлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларда энергия ҳажмини камайтириш, қатъий тежаш тартиби, ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини камайтириш, қайта тикланадиган ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланишни асослаш механизмларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва тадбиқ этиш масалалари ҳам партия диққат марказида бўлиши, ҳамда партия энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиши белгилаб қўйилган.

Шу мақсадда Олтинсой туманида ҳам партиянинг “Муқобил энергия манбалари – инновацион тараққиёт учун” лойиҳаси доирасида тарғибот ташвиқот тадбирлари ташкил этилмоқда. Тадбирда маърузачилар мамлакатнинг умумий энергетик балансига қайта тикланувчи энергия манбаларини жалб қилиш энергетик хавфсизликни узоқ муддатга сақлаб қолишга, айниқса, тоғ олди қишлоқларида ва олис жойларда энергия таъминотини яхшилашга, шунингдек, зарарли газларнинг ташланишини камайтиришга, бир сўз билан айтганда, барқарор ривожланишга хизмат қилиши ҳақида алоҳида таъкидлашди. Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан жавоблар олишди.

Тадбир сўнгида партия депутатлик гуруҳи аъзолари ҳудудда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини кенгайтириш ва ушбу соҳани янада такомиллаштириш, ресурс, тежамкор технологиялар ва муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ҳамда улардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш борасида тегишли вазифаларни белгилаб олишди.

Шоҳруҳ ТОШТЕМИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Олтинсой туман Кенгаши раиси.

МУҚОБИЛ ЭНЕРГЕТИКА – ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ was last modified: Август 23rd, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »