Муносабат: “Фуқаролар йиғини ҳузуридаги «Қайноналар кенгаши» жамоат тузилмаси” фаолияти

21 Август, 18:16 • Аёллар қаноти, Муносабат, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 180 марта кўрилди • Комментариев к записи Муносабат: “Фуқаролар йиғини ҳузуридаги «Қайноналар кенгаши» жамоат тузилмаси” фаолияти нет

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизни янгилаш жараёнида фуқаролик институтлари жумладан, ўзини ўзи бошқариш институтининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Оилаларнинг маънавий асосларни мустаҳкамлашда маҳалланинг таъсири катта, албатта. Ўз-ўзидан маҳалладаги маънавий муҳит бевосита мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳаётига таъсир кўрсатади. Маҳаллада соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришда аёлларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Айнан шу омилларга таянган ҳолда аёллар манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, оилаларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ўртасида қўшма қарор имзоланиб, унга кўра фуқаролар йиғинлари ҳузурида «Қайноналар кенгаши» жамоат тузилмаси ташкил этилди.

Фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги Хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссия раислари «Қайноналар кенгаши» жамоатчилик тузилмаси фаолиятини мувофиқлаштириб борадилар.

Мазкур жамоатчилик тузилмасига фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган масъулиятли, маҳаллада ўзининг қаттияти, фарзандларининг намунали тарбияси билан ҳурмат қозонган, етарлича ҳаётий тажрибага эга нуроний онахонлар, жамоага таъсир кўрсата олиш ва етакчилик қобилияти мавжуд бўлган аёллар жалб этилади.

Кенгашнинг бош вазифаси маҳаллалардаги ёш оилалар, нотинч, нотўлиқ, муносабатлар мувозанати бузилган оилаларнинг муаммоларини ўрганиш, оиладаги муҳитни соғломлаштириш ишларига яқиндан кўмаклашишдан иборат ва ўз навбатида фуқаролар йиғинларидаги «Ота-оналар университети» машғулотларида ҳам фаол иштирок этиб, ота-оналарнинг фарзанд тарбияси борасидаги ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва физиологик билимларини оширишга ёрдам беради.

Ушбу тузилмага белгиланган муҳим вазифалардан кўриниб турибдики, бугунги кунда давлатимиз томонидан томонидан оилаларни мустаҳкамлашга кучли эътибор қаратилган.

Бу борада бизнинг Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурида ҳам хотин-қизларга тааллуқли қонунчиликни янада такомиллаштириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга доир кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш каби муҳим вазифалар белгилаб қўйилган.

Ушбу дастурий вазифалар ижроси доирасида жорий йил юртимизнинг барча худудларида маҳалладан тортиб вилоят босқичига қадар “Адолатли қайнона” кўрик-танлови ўтказилмоқда.

Танлов шартларига кўра, аёлнинг оила, маҳалла ва меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари, иштирокчининг лидерлик ва нотиқлик қобилиятларига эгалиги, сиёсий фаоллиги ва тарғиботчилиги, урф-одатлар ва миллий қадриятларга содиқлиги, фарзандлар тарбиясида адолатлилик, оилада маданият ва маърифат ўрнатилганлиги, бой ҳаётий тажрибаси ва юксак маънавияти унинг қай даражада “Адолатли қайнона” эканини белгилаб беради. Мазкур танловларда биргина Фарғона вилояти мисолида тўрт юзга яқин онахонлар тадбир иштирокчисига айланди ва партиянинг хотин-қизлар фаоллигини ошириш йўналишидаги лойиҳаларида фаол қатнашдилар.

Ҳозирги кунда радио, телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали қайнона-келин муносабатларига бағишланган туркум кўрсатувлар, эшиттириш, мақолаларни эълон қилиш орқали ҳам ҳар бир оила соғлом маънавий муҳит маконига даъват этилмоқда.

Аслида биз яшаётган жаннатмакон заминда қадим тарихдан оила муқаддас ва аёллар эъзозимизда бўлгани жаҳон ҳамжамиятига яхши маълум. Ҳеч қандай жамоатчилик тузилмаларисиз маҳалладошлар иноқ ва ахилликда “бир майизни қирқ бўлиб” яшаганлар ва муаммоларни биргаликда бартараф этганлар. Онахонларимиз келинларига қайнона бўлиб эмас, ўз онасидай “фарзандим” деб меҳр кўрсатиб келган. Ўзининг келинлари қолиб, маҳалладаги бошқа келинларга ҳам йўл-йўриқ кўрсатгувчи нуронийлар ҳамма маҳаллаларда бўлган. Лекин шиддат билан ўзгариб бораётган давр ва қизиққон ёшлар кундан–кунга фаровон ҳаёт сари интилар экан, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини баъзи ҳолларда бошқача талқин этадилар. Янги ҳаёт остонасига эндигина қадам қўйган тажрибасиз ёшларга кекса онажонларимиз бермоқчи бўлган панд-насиҳатни улар гўёки эркинликларига қўйилаётган чекловдай қабул қиладилар. Мана шундай ўзбошимчалик ва шошқалоқлик оқибатида кўплаб ёш келинчаклар тушган хонадонига мослаша олмай янги бир оилага путур етади.

Айрим тез пароканда бўлаётган оилаларимизда содир бўлаётган жанжал-тўполонларнинг аксарияти қайнона-келин можароларидан келиб чиқмоқда. Оиланинг мустаҳкамлиги жамият учун муҳим саналади, чунки айнан мана шу оилада жамият аъзоси сифатида фарзанд тарбия топади.

Қайнона ва келинларимиз бир-бирларига нисбатан бағрикенг, сабрли бўлсалар фарзандлар бахтига муяссар бўладилар. Меҳр ва эътибор эса ҳар қандай муаммоларнинг оддий ечими ҳисобланади. Ўзга хонадонга яхши ниятлар билан кириб борган ҳар бир келинчак оиланинг қонун-қоидалари, ўзига хос анъаналарини, албатта, қайнонасидан ўрганади. Агар оилавий муносабатларда қайнона одилона иш тутса, келин ҳам шундай тарбия топади.

Қайноналик ҳам маъсулият, ўзга бир оила муҳитида тарбия топган қизни ўз қизидек қабул қилиш, унга ғамхўрлик кўрсатиш ҳам катта фидоийлик талаб қилади. Агар аёл бу фидойиликни уддасидан чиқа олса, унинг хонадони давомчилари бўлган ворислари ҳурматини қозонади. Икки ёшнинг бирга умр йўлларини боғлаши бу оиланинг асоси ҳисобланади. Асос эса қайнона онахонлармизнинг икки ёшга бергувчи тўғри тарбиясидир.

Комила ИСРАИЛОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Муносабат: “Фуқаролар йиғини ҳузуридаги «Қайноналар кенгаши» жамоат тузилмаси” фаолияти was last modified: Август 21st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »