Мустақил мамлакатимизнинг буюк байрами

31 Август, 20:20 • Расмий хабарлар, Янгиликлар • 33 марта кўрилди • Комментариев к записи Мустақил мамлакатимизнинг буюк байрами нет

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган байрам тантанаси бўлиб ўтди

Мустақиллик – ҳар бир халқ учун улуғ неъмат, буюк иноят.

Мустақиллик – ўзликни англаш, ўз ота маконининг эгаси бўлиш, ор-номусини баланд тутиш ҳуқуқидир.

Мустақиллик – жаҳонда тенглар ичра тенг бўлиш, ўз тақдирини ўзи белгилаш, эркин ва фаровон яшаш имкониятидир.

1991 йил 31 август мамлакатимиз ана шундай тарихий ютуққа эришган буюк сана. Мустақилликнинг қадр-қимматини чуқур англайдиган халқимиз бу кунни катта шоду хуррамлик билан байрам қилади.

Бу йил ҳам шундай бўлди. Президентимизнинг 27 июндаги қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига катта тайёргарлик кўрилди. Жамиятимиздаги янгиланишларга мувофиқ байрам тадбирлари ҳам янгича шакл ва мазмун касб этди.

Асосий тантанали маросим 31 август куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар ходимлари, турли соҳаларда фаолият юритаётган юртдошларимиз, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Саройга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кириб келди. Давлатимиз раҳбари минбарга таклиф этилди. Президентимиз мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллиги билан халқимизни муборакбод этиб, нутқ сўзлади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради. Байрам аҳли қўлларини кўксига қўйиб, мустақиллик қўшиғига жўр бўлди. Оҳанг оғушида Ватан манзаралари, истиқлол тарихи тасаввурда гавдаланди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охири юртимиз учун ўта мураккаб давр бўлди. Халқимиз мустамлака тазйиқида наинки эркини, балки миллийлигини, тилини, динини, ўзлигини ҳам йўқотиш даражасига келиб қолганди.

Тарихимизнинг шундай таҳликали, туб бурилиш пайтида Ислом Каримов Ўзбекистонга раҳбар бўлди. Адолатсиз тузумга қарши мардонавор курашиб, халқимиз манфаатларини ҳимоя қилди. Ҳали собиқ тузум ҳукмрон пайтда биринчилардан бўлиб Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилди.

Ислом Каримов янги ўзбек давлатчилигига асос солди. Ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. Биринчи Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган иқтисодий дастурлар мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлади. Оқилона ташқи сиёсат, тинчлик ва ҳамкорлик принципи туфайли мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади.

“Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган эзгу ғоя, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ва улкан бунёдкорлик ишлари натижасида аҳоли ҳаёт даражаси изчил юксалди. Ҳуқуқий демократик ислоҳотлар ва маънавиятга эътибор халқимизнинг дунёқарашини, онгу тафаккурини ўзгартирди.

Истиқлолимизнинг 26 йиллигига бағишланган байрам тадбирида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотираси чуқур эҳтиром билан ёдга олинди.

Саҳна ортидаги улкан мониторда мусаффо осмонимиз, оппоқ кабутарларнинг самога парвоз қилгани тасвири акс этди. Гўё буюк Йўлбошчимиз руҳи жонажон Ватанининг янги парвозларига оқ йўл тилади.

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг янги даврига янги етакчи билан қадам қўйди. 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган умумхалқ сайловида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов сиёсатини давом эттириш, шу билан бирга, барча соҳалардаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадини баён этди.

“Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз”, деган тамойилга асосан мамлакатимизни модернизация қилиш, давлат бошқаруви тизимининг сифати ва самарасини ошириш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилди. Бошқарув органлари фаолияти такомиллаштирилди, кўплаб вазирлик ва идоралар қайта ташкил этилди, янги ташкилотлар тузилди.

“Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилга мувофиқ, халқ билан мулоқотнинг замонавий ва самарали тизими йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари, жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

“Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган ғоя асосида аҳолига кенг имкониятлар бериш, унинг реал даромадларини кўпайтириш, тадбиркорликни янада ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қўшни давлатлар билан муносабатларимиз янада яхшиланди. Президентимизнинг илк давлат ташрифлари қўшни давлатларга бўлди. Ўзаро рақобат эмас, ҳамкорлик қилиш тамойили иқтисодий имкониятларни кенгайтирди, минтақавий хавфсизлик, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлади.

Бу жиҳатлар байрам томошасида турли тилларда янграган қўшиқлар, миллий-этнографик гуруҳларнинг чиқишларида яққол намоён бўлди.

Ўзбекистонда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик олий қадрият даражасига кўтарилган. Жамиятимизда тинчлик-осойишталик қарор топган.

Тинчлик ва барқарорлик сабаб Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори тобора ортмоқда. Энг ривожланган давлатлар, дунёга донғи кетган банк ва компаниялар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга интилмоқда.

Байрам дастури ҳар қачонгидан бошқача бўлди. Куй-қўшиқлар шеърлар билан уйғунлашиб кетди. Болаларнинг чиқишлари барчага табассум улашди. Ҳарбийларимизнинг мардонавор овози дилларга кўчди. Жаҳон мумтоз мусиқалари завқ бағишлади. Тантанали маросим санъаткорлар жўрлигидаги “Ватан азиздир” қўшиғи билан ниҳоясига етди.

Дарҳақиқат, Ватан – азиз. Бизнинг ўзлигимиз, бугунимиз ва келажагимиз Ватан билан чамбарчас боғлиқ. Ота-боболаримизнинг ҳоки, мероси шу заминда. Бугун шу муқаддас диёрда оиламиз, дўстларимиз, касбу коримиз билан бахтлимиз. Келгуси режаларимиз, орзу-умидларимиз яхшиликка йўғрилган.

Буларнинг барчаси истиқлол шарофатидан. Давлатимиз мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда. Бу бойликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдиридаги аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бораверади.

Байрам тадбирларида янграган куй-қўшиқлар олис-олисларга таралмоқда. Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида байрам тантаналари, халқ сайиллари давом этмоқда.

Мустақил мамлакатимизнинг буюк байрами was last modified: Сентябрь 1st, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »