Наримон УМАРОВ: Қонун ҳужжатларини тарқатишда ягона ёндашув зарур

2 Август, 15:00 • Депутат минбари, Марказий аппарат, Муносабат, Янгиликлар • 104 марта кўрилди • Комментариев к записи Наримон УМАРОВ: Қонун ҳужжатларини тарқатишда ягона ёндашув зарур нет

Мамлакатимизда кечаётган демократик янгиланишларга мос равишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.

Куни кеча буткул янгича шаклда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида жамиятимизнинг турли соҳаларини ислоҳ этишга қаратилган 20 дан ортиқ қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Ушбу йиғилишнинг ўзига хос муҳим жиҳати парламентимиз тарихида илк бор телевидения орқали тўғридан-тўғри жонли тарзда эфирга узатилгани бўлди. Замонга ҳамоҳанг равишдаги бу каби янгича ёндашув Олий Мажлис Қонунчилик палатасини халқимизга янада яқинлаштириш, депутатларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятидан фуқароларни кенгроқ хабардор этиш, муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари тўғрисида сиёсий партиялар фракцияларининг позициялари билан яқиндан танишиш имкониятини берди. Қолаверса, бу парламентимиз фаолиятини профессионал босқичга кўтаришда яна бир муҳим қадам бўлди, десак янглишмаймиз.

Ушбу йиғилишдан кейин партиямиз қабулхоналарига ва фракциядошларимизга сайловчилардан қатор телефон қўнғироқлари, электрон мурожаатлар бўлди. Ушбу янгиликни халқимиз томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинганлиги барчамизни қувонтиради, албатта.

Таъкидлаш лозимки, муҳокама қилиниётган ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари партия сайловолди дастури ва электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўзининг аниқ позицияларини билдирмоқда.

Хусусан, биринчи ўқишда қабул қилинган “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар даврида фуқароларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича олдимизга қўйилаётган вазифаларни ҳал этишда жуда муҳим ўрин тутади.

Президентимизнинг 12 июлдаги Парламент аъзолари билан учрашувида қонун лойиҳаларини аҳоли билан муҳокама қилиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда қабул қилиш муҳим вазифа этиб белгиланган эди.

Мазкур заруриятдан келиб чиққан ҳолда ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг вилоят ва туман Кенгашлари кесимида маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва бошланғич партия ташкилотлари фаоллари иштирокида кенг муҳокамадан ўтказилди.

Хусусан, партиянинг Бухоро вилояти кенгашида фракциямиз депутатлари билан биргаликда ўтказилган муҳокамада халқ депутатлари Бухоро вилояти, туман, шаҳар кенгашларидаги партия гуруҳлари ҳамда фаоллари иштирокида қонун лойиҳаси юзасидан қатор таклифлар олинди.

Қуйи бўғиндаги муҳокамаларда ҳамда фракция йиғилишида депутатлар томонидан билдирилган таклифларда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари билан муносабатларида замонавий усулларни жорий этиш партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар билан муштараклигидан келиб чиқиб қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан қўллаб-қуватланди.

Фракциямиз йиғилишида қонун лойиҳасининг бир қатор моддаларида ҳуқуқий ахборотни расмий тарқатиш, эълон қилиш ва уларни ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириш орқали тарқатиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, қўмиталар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органларига таклиф этилаётган мажбурият ва ваколатларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддасида қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матбуотда эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартлилиги белгиланган бўлиб, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзларининг қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини хос равишда эълон қиладиган расмий манбалари белгилаб қўйилган.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси моддаларида эса юқорида келтирилган органлар ва муассасаларга ўзлари қабул қилган ҳуқуқий ахборотларни расмий манбалардан ташқари норасмий манбаларда, хусусан веб-сайтларида эълон қилиши мажбурияти белгиланмоқда.

Аммо, бизнинг фикримизча Адлия вазирлиги тасарруфидаги давлат бюджети маблағларидан молиялаштирилаётган Lex.uz – Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси фаолият кўрсатиб турган бир вақтда қонун ҳужжатларини барча давлат органлари ва муассасалари томонидан такроран тарқатишга зарурият йўқ ва ушбу ягона базадан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси бу борада ўзининг қатъий позициясида қолади.

Албатта, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг сўзсиз ва ўз вақтида бажарилишида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида тарқатиш, ижрочиларга ва аҳолига уларнинг моҳияти ва мазмунини тушунтиришнинг самарали механизмларини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан бу борада ягона кафолатланган манбадан фойдаланиш келгусида турли номувофиқликлар келиб чиқишининг олдини олишга, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга, пировардида халқимиз фаровонлиги ва жамиятимиз ривожига хизмат қилади.

 

Наримон Умаров,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари.

Наримон УМАРОВ: Қонун ҳужжатларини тарқатишда ягона ёндашув зарур was last modified: Август 2nd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »