Ногиронлар давлат ҳимоясида

8 Август, 09:21 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 31 марта кўрилди • Комментариев к записи Ногиронлар давлат ҳимоясида нет

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш юзасидан Президентимиз томонидан бир қатор фармон, қарорлар қабул қилинмоқда. Уларнинг бир яхши хусусияти шундан иборатки, аввало, кам таъминланган оилалар, якка-ёлғиз кишилар, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишга, тиббий, моддий ва маиший жиҳатдан қўллаб-қувватлашга катта эътибор берилмоқда. Бундай инсонпарварлик сиёсати айни муддао, албатта. Чунки кучли ижтимоий сиёсатсиз мамлакатни мустаҳкамлаш уни кенг тараққиёт йўлига олиб чиқиш мумкин эмас.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтада қабул қилинган “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойишини ҳам нафақат биз ногиронлар, балки бутун халқимиз ҳаётий зарур ҳужжат сифатида қабул қилиб олди. Биргина мени ўзимда чуқур хайрихохлик ва жуда кучли ишонч туйғуларини уйғотди, десам асло  хато қилмаган бўламан.Энди ушбу қарор ногиронларнинг турмушини янада яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз, албатта. Бундан чексиз миннатдорман. Ҳозир вилоятимизда 51 минг нафар ногиронлар истиқомат қилади. Улар ҳам ушбу қарорни ўқиб, кўнгиллари шод бўлди.

Қарорда алоҳида қайд этиб ўтилганидек, ногиронликнинг олдини олиш, уларни ўзига хос ва мос иш ўринлари билан таъминлаш шу куннинг долзарб муаммоларидан биридир. Шунингдек, қарорда ногиронларни  соғломлаштириш борасида ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Уларни ижтимоий ҳимоялаш, касалликлар ҳолатини чуқур ўрганиш, ногиронларнинг саломатликларини тиклаш ва ишга жойлаштириш, дори-дармонлар билан таъминлаш, яратилаётган имтиёзлардан тўла фойдаланиши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Мен бир неча йиллардан буён “Адолат” социал-демократик партияси аъзосиман. Партиянинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам ҳисобланмиш ногиронларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган кенг қамровли ишларидан мамнунман. Айниқса, сиёсий кучнинг сайловолди дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимояси масаласи алоҳида боб сифатида киритилгани ва бу борада белгиланган вазифалар босқичма- босқич адо этиб келинаётгани биз ногиронларни беҳад қувонтирмоқда. Партия фаоллари, депутатлар ногиронлар манфаатларини  корхона, ташкилот, муассасаларда ўз ваколатлари доирасида ҳимоя қилмоқдалар. Бундан жуда-жуда бахтиёрмиз.

Бугун барча соҳада бўлгани каби албатта, ногиронлар олдида ҳам ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Агар атрофимиздаги ногиронларнинг кундалик талаб эҳтиёжлари, орзу истаклари ва турмушдаги муаммолари билан қизиқиб кўрсак, кўп масала ойдинлашади. Масалан, давлат ташкилоти билан хусусий ташкилотнинг ҳуқуқлари бир хил, яъни тенг этиб белгиланган. Ногиронлар учун давлат ташкилотларига тегишли имтиёзлар бору, негадир хусусий ташкилотларга улар учун бундай имкониятлар чекланган. Сабаби нимада?

Айтайлик биргина ногиронларнинг махсус ички ва устки кийим бошлари ҳақидаги масала ҳам кўндаланг бўлиб турибди. Ваҳоланки, булар ҳар томонлама мулоҳаза қилиб, ўйлаб кўришга арзийдиган масалалардир. Дарҳақиқат, туғма фалажлик, шикастланиш натижасида бир ёки иккала қўли, баъзида оёқнинг чўлтоқ бўлиб қолиши (ампутация), умуртқа поғонасидаги букрилик ёки қийшайиш ҳолати, бош ва орқа мия касалликлари ҳамда бошқа турли хил оғир дардлар оқибатида келиб чиққан, танадаги нуқсонларни ҳисобга олган ҳолда ногиронлар учун ҳар томонлама қулай ва хушбичим кийим-кечакларни тикиб бериш мумкин-ку?!

Бундан ташқари жамоат транспорти, поезд, самолётда юришда ҳам маълум имтиёзлар бериш керак, деб ҳисоблайман. Савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчаларида ногиронлар навбатсиз қабул қилиниши даркор. Уй-жой, дори-дармон, коммунал тўловларда ҳам қулайликлар яратилиши лозим. Назаримда, ногиронларнинг ижтимоий муҳофазасини қонун йўли билан мустаҳкамлаш вақти келди.

Мен юқорида тилга олиб ўтган таклифлар Президентимиз қарори асосида янгидан ташкил этиладиган ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш комиссияси томонидан инобатга олинса айни муддао бўларди. Қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ногиронларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш юзасидан янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишса ҳам мақсадга мувофиқ эди.

Ҳа, вазифалар улуғ, кўлами кенг. Уни бажариш эса муқаддас иш. Мехр-мурувват талаб бўлган ногиронларга қўлларидан келган ёрдамларини аямаётган ҳурматли Президентимизга бу савобли ишларида ҳамиша омад, ўзларига сиҳат-саломатлик тилаймиз.

Бахтиёр БОТИРОВ,

“Адолат” СДП фаоли,

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти
Қашқадарё вилоят бўлими раиси.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »