ОАВга эътибор – давр талаби

17 Август, 09:53 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 130 марта кўрилди • Комментариев к записи ОАВга эътибор – давр талаби нет

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг оммавий ахборот воситаларига жуда катта эътибор қаратилди. Хусусан, аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини шакллантириш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ҳар бир фуқаронинг ахборот олиш ҳуқуқига эга эканлиги, янгиликдан ўз вақтида хабардор бўлиши лозимлиги бугунги кунда давр талабига айланиб қолди. “Тўртинчи ҳокимият” дея номланувчи ОАВнинг мавъқеи ва роли кучайди. Аҳолининг асосий қатлами қонун асосида ахборот олиш имкониятига эга бўлди.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда оммавий ахборот воситаларини, ноширлик, матбаа ва сўз эркинлигини таъминлаш мақсадида қатор қонун ва фармон ҳамда қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Шунингдек, уларнинг ривожланиши йўлида кўплаб амалий ишлар бажарилган. Хусусан, моддий-техник базаси янгиланиб, кадрлар салоҳияти шаклланди. Сони ҳам кўпайди. Бухоро вилояти мисолида оладиган бўлсак, унда 32 та босма оммавий ахборот воситаси, 4 та журнал, 1 та илмий ахборотнома, 1 та давлат телерадиокомпанияси ҳамда 2 та нодавлат телерадиокомпанияси бугунги кунда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Тўғри, ОАВлар қатор ютуқларга эришди. Аммо уларнинг сифати-чи, бу борада мавжуд камчиликлар йўқ эмас. Айни шу сингари, яъни уларнинг сон кўрсаткичини сифатга айлантириш, замонавий ахборот бозорини шакллантириш, фаолиятларини мувофиқлаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилнинг 11 августида “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур фармонни қабул қилинишидан асосий мақсад оммавий ахборот воситалари ҳамда матбуот, ахборот агентлиги фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан мамлакат раҳбари ушбу фармонда қатор вазифаларни белгилаб берди.

Жумладан, агентлик деб номланувчи Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига ОАВ фаолиятига доир қонунчилик ижросини таъминлаш, соҳа фаолиятини ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот-кутубхона фаолиятига эътибор қаратиш зарурлиги белгилаб қўйилди.

Дарҳақиқат, китоб – инсон дунёқарашини шакллантирувчи манба экан, Президентимиз фармонда бу масала борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар хусусида таъкидлаган. Хусусан, фармонда ҳам китоб тарғиботи орқали фуқаролар маънавий дунёқарашини бойитиш, китобхонлик анъаналарини шакллантириш, электрон китобларни яратиш, китоб тарқатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, матбаачилик ва ноширлик йўналишини тубдан такомиллаштириш, ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифалари кўрсатиб ўтилган.

Қабул қилинган ҳужжатда қайд этилишича оммавий ахборот воситалари учун тенг шароитлар яратиш, муайян тадбирларни ишлаб чиқиш, техник-технологик базани ривожлантириш, замонавий жиҳатдан янгилаш, инновацион технологияларни жорий этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга оширишга эътибор қаратиш, қатор оммавий тадбирларни ташкил этишга эътибор қаратилди.

Шунингдек, Президент фароминига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфидаги Алишер Навойи номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги таркибига, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги муассислигидаги “Тонг юлдузи”, “Класс” газеталари ҳамда “Гулхан” ва “Ғунча” журналлари эса тўлиқ Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ушбу фармон оммавий ахборот воситалари ривожига, матбаа ҳамда ноширлик фаолиятини шакллантириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади. Бу эса фуқароларнинг маънавий, маданий, сиёсий ва ҳуқуқий фаоллигини ошириш учун имкон беради. Шу билан бир қаторда соҳа ходимлари фаолиятига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

ОАВга эътибор – давр талаби was last modified: Август 17th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »