Қодир ЖЎРАЕВ: Қонун мурожаатларга оид янги талаблар асосида тўлдирилмоқда

2 Август, 15:07 • Депутат минбари, Марказий аппарат, Янгиликлар • 141 марта кўрилди • Комментариев к записи Қодир ЖЎРАЕВ: Қонун мурожаатларга оид янги талаблар асосида тўлдирилмоқда нет

Маълумки, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари мамлакатимизда ислоҳотларнинг қандай амалга оширилаётганлигини баҳоловчи юксак мезон, инсон ҳуқуқларини таъминланиши ва ҳимоя қилинишининг, шунингдек, давлат органларининг аҳоли билан алоқаларини мустаҳкамланишининг муҳим воситаси ҳисобланади.

Шу маънода жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари жамиятнинг кўзгуси сифатида биринчидан, фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини қонун асосида ҳимоя этишнинг муҳим воситаси, иккинчидан, давлат ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш учун ахборот манбаи, учинчидан, бундай мурожаатлар фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кафолатлашнинг энг муҳим шаклларидан бири ва ниҳоят тўртинчидан, “халқ давлат учун эмас, балки давлат халқ учун” тамойилини тўлиқ рўёбга оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бугуннинг ўта долзарб, эътибор қаратилиши зарур бўлган ижтимоий-ҳуқуқий масалаларидан биридир. Конституциямизнинг 35-моддасида ҳар бир шахс ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Фуқароларнинг ушбу конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш механизми 90га яқин амалдаги қонунлар ва 200 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан мустаҳкамланган.

Шу билан бирга, ҳозирги шиддат билан ўзгариб бораётган замон, хусусан, Президент Ш.М.Мирзиёев бошчилигида барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Бизнинг фикримизча, амалдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг муржаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлигига эндигина 3 йил бўлганлигига қарамай, ҳозирги кун талабаларига тўлиқ жавоб бермаётганлиги боис, уни ҳозирги даврга мослаштириш, яъни замонавийлаштириш зарурлиги тобора аён бўлмоқда.

Чунки, 2014 йилда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун орқали умумий масалалар тартибга солинган бўлиб, унда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳуқуқий механизмлари тўлиқ очиб берилмаган. Унда фақат 2 та субъект, яъни  фақат давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига келиб тушаётган мурожаатлар билан боғлиқ муносабатларгина тартибга солинган.

Ваҳоланки, ҳозирги кунда одамларни ўйлантираётган аксарият муаммолар нафақат давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзи ўзи бошқариш органлари, балки давлат органлари тизимига кирмайдиган ташкилот ва идоралар фаолияти билан, хусусан, хўжалик субъектлари, тижроат банклари, жамоат ташкилотлари ва бошқа идоралар фаолияти билан ҳам боғлиқлиги барчамизга яхши маълум.

Бундан ташқари, амалдаги қонунда ҳозирда амалиётда ўзини тўлиқ оқлаган механизмлар, хусусан, “ишонч телефонлари” орқали мурожаатлар, видеоконференц алоқа ёрдамида фуқароларни қабул қилиш ва жойларга чиқиш каби замонавий ҳамда интерактив услубларни жорий қилишга қаратилган нормалар белгиланмаган. Айниқса, амалдаги қонунда бугунги кунда ўзини ҳар томонлама самарали механизм сифатида намоён этаётган “халқ қабулхоналари” ва “виртуал қабулхоналар”, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва Виртуал Қабулхоналари тизими билан боғлиқ мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги янги демократик институтлар ҳам назарда тутилмаган.

Таклиф этилаётган янги таҳрирдаги қонун ана шу каби камчиликларни бартараф этиш билан бирга жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқиш соҳасидаги муносабатларни тўлиқ тартибга солишни назарда тутади.

“Адолат” СДП фракцияси аъзолари куни-кеча ушбу Қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилиб, ҳар қандай мурожаат ортида инсон тақдири мужассам эканлигини, янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда замонавий иш услубларни жорий қилиш ҳамда соҳадаги муносабатларни тартибга солишни такомиллаштириши ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилиши билан “Адолат” СДП дастурий ғояларига ҳамоҳанг эканлигини таъкидладилар.

Муҳокамалар чоғида фракциямиз аъзолари ушбу қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан бирга, ўзларининг айрим таклифларини ҳам билдирдилар. Хусусан, қонун лойиҳасини 2-ўқишга тайёрлаш давомида унга баъзи таҳририй тузатиш киритиш лозимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, ҳозирда махсус ишчи гуруҳи томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш учун тайёрланаётган “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ушбу қонун лойиҳаси билан ўзаро мувофиқлаштириш лозимлиги ҳам алоҳида қайд этилди.

Қодир Жўраев,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

Қодир ЖЎРАЕВ: Қонун мурожаатларга оид янги талаблар асосида тўлдирилмоқда was last modified: Август 2nd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »