“ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” – МАЪНАВИЯТСИЗЛИК СИНОНИМИ

23 Август, 15:20 • Давра суҳбати, Ёш адолатчилар, Навоий вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 130 марта кўрилди • Комментариев к записи “ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” – МАЪНАВИЯТСИЗЛИК СИНОНИМИ нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қизилтепа туман Кенгаши ташаббуси билан “Башир” МФЙда уюшмаган аҳоли ўртасида “Оммавий маданият”га муносабат” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Қизилтепа туман Кенгаши раиси Мунира Эшмуродова кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда турмуш тарзимизда намоён бўлаётган “оммавий маданият”нинг айрим кўринишлари ҳақида сўз юритди.

Мунира Эшмуродова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қизилтепа туман Кенгаши раиси:

Айниқса, ёш авлод қалби ва онгига Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини чуқур сингдириш, миллий анъана ва қадриятларимизни ривожлантириш ҳамда изчил тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Бу жараёнда ёш авлодни турли таҳдидлардан, хусусан, “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маънавий таҳдидлар асосан интернет тармоғи орқали кириб келаётганини ҳисобга олиб, ёшларимизнинг интернетдан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш борасидаги тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтирмоқ керак. Партиямиз томонидан ташкил этилган бугунги тадбирдан кўзланган мақсад ҳам ёшларни миллий менталитетимизга ёт бўлган ғоялар таъсирига тушиб қолишларини олдини олишдан иборат.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар бугунги глобаллашув жараёнида ёшларни нотўғри ахборот хуружларидан асраш долзарб масалалардан бири эканлигини таъкидлашди.

Ойбек Зарипов, МФЙ раиси:

“Оммавий маданият”, аслида маданиятсизлик, яъни маънавиятсизлик ва ахлоқсизлик синонимидир. “Оммавий маданият” шу боисдан, энг аввало, юксак истеъдод ва ўлмас маънавий-ахлоқий ғоялар байроқдори бўлган мумтоз маданиятга, санъатга, унинг бойликларига қарши тиш-тирноғи билан курашиб, уни инкор этиб келяпти. Ана шундай бир пайтда навқирон авлоднинг маънавий иммунитетини ошириш ёшларимизни ўз касбининг моҳир мутахассиси, ижтимоий-сиёсий фаол шахс сифатида вояга етказишда муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда турли соҳаларда билим ва салоҳиятини намоён этиб, Ватанимиз тараққиёти, унинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалишига муносиб ҳисса қўшаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани қайд этилди. Таълим муассасаларида ёшларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларда юрт равнақига дахлдорлик туйғусини тарбиялаш юзасидан олиб борилаётган ишлар, маънавиятимизга ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Садоқат ШАМСИЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Навоий вилояти Кенгаши матбуот котиби.

“ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” – МАЪНАВИЯТСИЗЛИК СИНОНИМИ was last modified: Август 23rd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »