Қонун лойиҳалари моддама-модда кўриб чиқилди

14 Август, 18:48 • Марказий аппарат, Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 120 марта кўрилди • Комментариев к записи Қонун лойиҳалари моддама-модда кўриб чиқилди нет

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари бир қатор долзарб қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқдилар.

Дастлаб, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари томонидан таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг 7-моддасида белгиланган тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишларини “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида”ги Фармоннинг нормаларига мувофиқлаштириш лозим.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг 23-моддасида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг ўринбосарининг мақоми белгилаб берилмоқда. Вакил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этилаётганлигини инобатга олиб, Вакил ва ўринбосарининг мақоми Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланиши тўғрисидаги норма билан чегараланиш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши амалдаги бир қатор қонунларга ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этишини таъкидладилар.

Кун тартибидаги “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин мунозараларга сабаб бўлди.

Қайд этилганидек, амалдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзларининг қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини хос равишда эълон қиладиган расмий манбалари белгилаб қўйилган.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида эса юқорида келтирилган органлар ва муассасаларга ўзлари қабул қилган ҳуқуқий ахборотларни расмий манбалардан ташқари норасмий манбаларда, хусусан, веб-сайтларда эълон қилишини мажбурий қилиб белгиланмоқда.

Фракция аъзолари Адлия вазирлиги тасарруфидаги давлат бюджети маблағларидан молиялаштирилаётган қонун ҳужжатлари миллий базаси – Lex.uz сайти фаолият кўрсатиб турган бир вақтда ҳуқуқий ахборотларни такроран барча давлат органлари ва муассасалари номидан тарқатилишини молиялаштириш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан талаб этиладиган харажатлар таҳлилига аниқлик киритиш лозимлигини қайд этдилар.

Қолаверса, қонун лойиҳасининг 20-моддасида давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган ҳуқуқий ахборот ишончли бўлиши кераклиги ҳамда у оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган ахборот билан бир хил кучга эга эканлиги белгиланган. Шундан келиб чиқиб, фракция аъзолари мазкур қоидани “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси билан мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш таклифини билдирдилар.

Йиғилишда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари қонун лойиҳасида нафақат мурожаатлар соҳасидаги муносабатларни балки Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналарнинг фаолиятини тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий нормалар мавжудлигини инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасининг 1-моддасини қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидладилар.

Шу билан бирга, депутатлар томонидан мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини кафолатлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат эканлиги эътироф этилган ҳолда қонун лойиҳасининг субъектлари қаторига нафақат давлат ташкилотлари балки нодавлат ташкилотларни ҳам киритиш таклифи илгари сурилди.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасига мувофиқ оғзаки мурожаатлар сирасига фақатгина ишонч телефонлари ва “тезкор телефон линиялари” орқали видеоконференцалоқа воситалари орқали келиб тушган мурожаатлар киритилган. Бироқ депутатлар ёхуд тегишли ташкилот раҳбарлари томонидан жойларга чиқиб, хонадонма хонадон юришда, фуқаролар билан суҳбат жараёнида келиб тушган оғзаки мурожаатлар ушбу қонуннинг таъсир доирасидан четда қолиб кетганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида мурожаатларнинг электрон шакллари белгиланган бўлсада, унда электрон мурожаатларнинг барчаси қамраб олинмаган. Масалан ташкилотларнинг турли ижтимоий тармоқлардаги (Facebook, Twitter ва ҳоказо) саҳифалари орқали келиб тушган мурожаатлар эътибордан четда қолиб кетган.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасидаги ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан асослантирилган таклифларни билдириб ўтдилар.

Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва ҳақиқат ғоялари партия депутатлик корпуси қонунчилик фаолиятининг асосий мезони эканлигидан келиб чиқиб, фракция аъзолари ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан позицион таклифларни илгари сурдилар ҳамда уларни иккинчи ўқишда маъқулладилар.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП
матбуот хизмати.

Қонун лойиҳалари моддама-модда кўриб чиқилди was last modified: Август 14th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »