Парламентда ёшлар билан учрашув

31 Август, 15:43 • Адолат газетаси, Ёш адолатчилар, Муносабат, Янгиликлар • 85 марта кўрилди • Комментариев к записи Парламентда ёшлар билан учрашув нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан ёш авлоднинг сиёсий, ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бевосита иштирокчисига айлантириш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари парламент фаолияти билан яқиндан таништирилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига саёҳат уюштирилди.

Партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида, “Парламент ва ёшлар” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида ёшларнинг сиёсий тафаккури, баҳс маданиятини ошириш, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида ўтказиладиган муҳокамаларда, қонун қабул қилиш жараёнларида ҳамда партиялар ўртасида бўладиган мажлис ва тортишувларда йигит-қизларнинг бевосита иштирокини таъминлаш, уларнинг таклифларини ўрганиш ҳамда депутатлар билан мулоқот ўрнатиш масалаларида қизғин мулоқот олиб борилди.

Тадбирда парламент томонидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиёти, жамиятимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, бугунги кунда ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга доир кенг кўламли ишлар, мамлакатимизда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, ёшларга доир қонунларнинг мазмун-моҳияти чуқур тушунтирилди. Шунингдек, тарихан қисқа даврда Ўзбекистон ёшлари эришган муваффақият ва ютуқлар замирида давлатимиз томонидан кўрсатилаётган катта ғамхўрлик, яратилган кенг имкониятлар, юксак эътибор мужассамлиги ҳамда уларда келажакка ишонч ҳисси тобора ортиб бораётганлиги ҳақида  сўз юритилди.

Қайд этилганидек, бугун мамлакатимизда ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, қобилиятларини рўёбга чиқариш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий позицияси, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, уларда турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш, спортга жалб қилиш орқали улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.

Учрашувда ёшлар парламентга  уюштирилган саёҳат таассуротлари билан ўртоқлашишди.

Салай МАТКАРИМОВ,

Тошкент шаҳар партия кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси:

— Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этишини инобатга олсак, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун жиҳатидан бевосита ёшларга нақадар дахлдор эканини англаймиз. Албатта, бугунги шиддатли замонда ёшлар истак-хоҳиши, қизиқиши, қандай касб билан бандлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳар биримизнинг зиммамиздаги масъулиятли вазифадир. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган учрашув ҳам бугунги кун ёшларининг фикр-мақсадлари, келажакдаги режаларини аниқлашда, замонанинг етук шахслари сифатида вояга етишларида айни муддао бўлди, десам янглишмайман.

Бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашининг 14 мингдан ортиқ аъзоси бўлиб, уларнинг 40 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шаҳар партия кенгашининг “Ёшлар қаноти” томонидан партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ёшлар билан “Қулай ахборот муҳитида ёшлар онгида ижтимоий-сиёсий жараёнлар”, “Интернет маданияти ва ахборот хавфсизлиги муҳим вазифамиздир”, “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз”, “Бугунги талаба — бўлғуси депутат”, “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз!” каби турли акция, учрашув, тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Мазкур тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ёшлар фикрини ўрганиш, иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариш,  ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, ёт ғоялар оқимидан ҳимоя қилиш ҳамда мустақил ҳаётий позицияга эга бўлишларида кўмаклашишдан иборат.

Чарос ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман партия кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли:

— Ёшлар билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига уюштирилган саёҳат ёш авлодни қонун ижодкорлиги, бу борада тўпланган тажриба билан яқиндан таништириш, ёшларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда керакли тажриба ва кўникмаларни эгаллаб, келажакда етук мутахассис сифатида вояга етишларига  хизмат қилади. Ўйлайманки, мен каби барча тенгдошларимнинг бу ерда тўғридан-тўғри қонун муҳокамалари ҳақида маълумот олиши, депутатлар билан фикр алмашиб, мулоқот қилиши, мажлислар зали, кутубхона, умуман, Олий Мажлиснинг қуйи палатаси биноси билан танишишлари унутилмас таассурот қолдиради.

Нодирабегим Абдусаломова, Самарқанд вилояти партия кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли:

— Кундалик ҳаётимизда парламентнинг иш жараёни, депутатлар фаолияти, қонун муҳокамаларини оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб борамиз. Аммо, таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан яқиндан танишиш, депутатлар билан мулоқот қилиш орқали юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси уйғониб, қабул қилинаётган қонунлар мазмунини теранроқ англар экансиз. Партиянинг фаол аъзоси сифатида кенгаш томонидан ўтказиладиган кўпгина тадбирларда иштирок этиб келаман. Бироқ, парламентнинг қуйи палатасида депутатлар билан бўлиб ўтган давра суҳбати аввалги учрашувлардан тубдан фарқ қилиши билан аҳамиятлидир. Чунки қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти, тайёрланаётган лойиҳаларнинг мақсад-вазифалари ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик.

Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга депутатлардан батафсил жавоб олишди. Муҳими, парламентга уюштирилган саёҳат иштирокчи ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданиятининг юксалишига, юртимиздаги сиёсий жараёнлардаги узвийликни чуқур англашига замин яратди.

Феруз ЖЎРАЕВ,

”Adolat” мухбири.

Парламентда ёшлар билан учрашув was last modified: Август 31st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »