Партия сиёсий форуми

26 Август, 12:33 • Марказий аппарат, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 226 марта кўрилди • Комментариев к записи Партия сиёсий форуми нет

Жорий йилнинг 25 август куни пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳамда барча туман, шаҳар кенгашлари раислари иштирокида сиёсий форум бўлиб ўтди.

Форумда Президент Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 12 июлда ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда партиянинг барча тузилмалари фаолиятини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш, белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида, самарали ижро этилишини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Партия депутатлик корпуси ҳамда вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари раисларининг иш фаолияти қайта кўриб чиқилиб, белгиланган режаларни самарали амалга ошириш механизмлари юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 9 август куни видеоселектор шаклида ўтказилган партия Сиёсий Кенгашининг VIII Пленумида давлат раҳбарининг маърузасидан келиб чиқадиган хулосалар ўрганилиб, амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Унда, айниқса, партия дастурида илгари сурилган энг муҳим ижтимоий йўналишлар, жумладан, тиббиёт ва таълим тизимида йиғилиб қолган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича амалий ташаббуслар илгари сурилди.

Бу борада партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан назорат қилинадиган давлат бошқаруви органлари доираси аниқланиб, уларнинг ҳисоботи ва ахборотини фракция мажлисларида ва партия гуруҳлари ташаббуси асосида маҳаллий Кенгашларда эшитиш бўйича иш режалари ишлаб чиқилди.

Хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандумларини имзоланди. Шу асосда эндиликда ҳудудий партия кенгашлари Халқ таълими бошқармалари, олий таълим муассасалари, Соғлиқни сақлаш бошқармалари билан, маҳаллий кенгашлар эса Халқ таълими бўлимлари ва тиббиёт бирлашмалари билан ҳамкорликда иш ташкил этадилар.

Тадбирда партиявий лойиҳаларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўяётган туман ва шаҳар кенгашлари фаолияти ҳам танқид қилинди. Жумладан, партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида таълим муассасаларида тиббий хизмат ҳолати Республика бўйича мавжуд жами мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларнинг 17 фоизи(851 та боғча, 1647 та мактаб)да танлов асосида, жамоатчилик назорати тартибида ўрганилган бўлиб, ушбу жараёнда Хонобод шаҳар, Булоқбоши, Қўрғонтепа, Ромитан ва Қоровулбозор туман партия кенгашлари қониқарсиз фаолият кўрсатганлиги танқид остига олинди.

Ўрганишлар натижалари бўйича партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан ушбу масалалар ҳозирга қадар 2 та вилоят ҳамда 28 та туман, шаҳар халқ депутатлари кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритилгани эътироф этилиб, бу борада натижага эриша олмаган кенгашларга аниқ кўрсатмалар берилди.

Шу билан бирга, “Мактабда ижтимоий тенглик” лойиҳаси доирасида ўқувчиларнинг ягона формасини жорий қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 16 август куни халқ таълими тизими масъуллари билан ўтказган учрашувида айнан ўқувчилар учун ягона форма жорий қилиш масаласини кўтарганлиги партия ташаббуси билан илгари сурилган муаммолар эътиборсиз қолмаётганидан далолат экани эътироф этилди. Ўз навбатида бу ўқувчилар ягона формасининг жорий этилиши устидан самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали кўзланган мақсадга тўлақонли эришиш учун катта имконият экани қайд этилди.

Партия чора-тадбирлар дастурига мувофиқ қонунларни қабул қилишда жамоатчилик, сайловчиларнинг кенг иштирокини таъминлаш, хусусан, қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида уларда партиянинг сайловолди дастурида белгилаб олинган устувор йўналишларнинг акс этганлигини таҳлил қилиш мақсадида партиянинг барча бўғинларида қонун лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича йўлга қўйилган амалиётни изчил давом эттириш ҳамда фуқаролар билан муҳокама қилиш орқали қонун лойиҳаларининг ҳаётий, халқчил бўлишига эришиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги, айниқса, туман Кенгашларидаги депутатларнинг масъулияти ва фаоллигини ошириш, уларнинг партия билан алоқаларини мустаҳкамлаш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Бу борада депутатлик гуруҳлари фаолиятини жонлантириш ва тизимли йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойидан халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари билан яқиндан фаолият олиб борадиган ижрочи котиб-мутахассис лавозими жорий этилгани, бу депутатлик гуруҳларига амалий кўмак бериши айтиб ўтилди.

Шунингдек, “Марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган янги тизимни жорий этиш баробарида “Фракция – марказ – вилоят – туман” тизими бўйича партия ташкилотлари ўртасидаги алоқадорликни кучайтириш кераклиги таъкидланди.

Тадбирда партия тизимида кадрлар билан ишлашни кучайтириш, етакчиларнинг сиёсий билим ва малакасини ошириш, бошланғич партия ташкилоти фаолиятини янада кенгайтириш, ёшлар билан ишлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Форум якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Матбуот хизмати.

Партия сиёсий форуми was last modified: Август 26th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »