ПАРТИЯ ТАШАББУСИ АМАЛДА: “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди (+Радио)

16 Август, 16:37 • Марказий аппарат, Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 304 марта кўрилди • Комментариев к записи ПАРТИЯ ТАШАББУСИ АМАЛДА: “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди (+Радио) нет

Мазкур қонун лойиҳасининг муҳокама тафсилотлари “Ўзбекистон 24” радио канали орқали ёритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида парламентда қабул қилинаётган ҳар бир қонун лойиҳаси сайловчилар, партия электорати, турли табақа ва гуруҳларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан атрофлича муҳокама қилиниши, фракциялар ушбу масалаларда принципиал позициясини намоён этиши зарурлиги юзасидан вазифалар белгиланган эди.

Шундан келиб чиқиб, бугун Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги ҳамкорлигида “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, экспертлар, олимлар, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда инновацион фаолиятни янада жадаллаштириш йўлидаги муаммолар ва уларнинг ечимини аниқлаш, миллий инновация тизимининг шаклланиш жараёнини таҳлил қилиш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жумладан, “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш билан боғлиқ вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизни янада тараққий эттириш, иқтисодиёти энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашда инновацияларнинг аҳамияти жуда муҳим.

Шу сабабдан сўнгги йилларда мамлакатимизда илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш ҳамда мамлакатни демократик янгилашда фаннинг ролини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Илм-фан эгаларини моддий рағбатлантириш бўйича жорий этилган механизмлар улар фаолиятининг самарадорлиги ошишига хизмат қилмоқда. Айни пайтда давлат қудратини оширишга, халқимиз фаровонлигини яхшилашга хизмат қилувчи инновацион технология ва ишланмаларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши, уларнинг муаллифлари ва буюртмачиларига оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Шу боис Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, давлат бюджети, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан Инновация жамғармасини тузиш, қолаверса, иқтисодиёт соҳаларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу дастурий вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракатлар дастурида “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қабул қилинишига эририш вазифаси белгиланган эди. Бир неча йиллик изланишлар натижасида мазкур қонун лойиҳаси партия депутатлари, экспертлари ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги кўмагида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритишдан олдин аввало партия электорати бўлган илмий жамоатчилик, олимлар, экспертлар ва фаоллар иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда. Жумладан, қонун лойиҳаси Фан ва технологиялар агентлиги тасарруфидаги ташкилотлар ва бўлинмаларда, барча вилоятлардаги олий таълим муассасаларида олимлар, маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлари ва фаоллари иштирокида муҳокама қилиниб, қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклифлар олинмоқда.

Қайд этилганидек, “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси аввало соҳага доир атамаларни бир хил талқин қилишга имкон берадиган тушунчалар ва меъёрларни ўз ичига олган. Унинг муҳим жиҳатларидан бири – бу инновацион фаолият соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари акс эттирилаётганидир.

Шунингдек, қонун лойиҳасида илм-фан ва инновациялар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича органлар ҳамда уларнинг ваколатлари, илмий ва инновациявий фаолият субъектлари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ баён этилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг алоҳида боби инновациялар ва инновацион фаолиятнинг молиялаштирилиши жараёнига бағишлангани ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётида янги жараён ҳисобланган венчур жамғармалар ҳақидаги тушунча ва жараённинг баён қилинаётгани эътиборга моликдир. Қонун лойиҳасини тайёрлашда хориж тажрибаси (АҚШ, Франция, Қозоғистон, Украина) чуқур ўрганилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича тузилган ишчи гуруҳи мутахассисларининг қайд этишича, янги қонуннинг қабул қилиниши инновациялар ва инновациявий фаолият соҳасида ҳуқуқий майдонни шакллантириш имконини беради. Инновациявий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи меъёрлар инновацион тадбиркорлик соҳасида зарурий ҳуқуқий муҳитни вужудга келтиради, унинг барча иштирокчилари ўртасидаги ўзаро самарали муносабатни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга имкон беради.

Тадбир давомида амалиётчилар, мутахассислар, олимлар ҳамда депутатларнинг қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир таклифлари тингланди.

Давра суҳбати якунида “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик иштирокида янада кенгроқ муҳокама қилиш ҳамда уни маромига етказиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш ҳамда қабул қилинишига эришиш юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати.

ПАРТИЯ ТАШАББУСИ АМАЛДА: “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди (+Радио) was last modified: Август 17th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »