Наманганда адолатли қайноналар аниқланди

18 Август, 15:33 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Наманган вилояти, Янгиликлар • 176 марта кўрилди • Комментариев к записи Наманганда адолатли қайноналар аниқланди нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида хотин-қизларимизни барча жабҳаларга ижтимоий фойдали фаолиятга жалб этиш, юқори билим ва касбий маҳоратга эга аёллар учун янада кенгроқ имкониятлар яратиб бериш жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиши лозимлиги белгиланган. Айниқса, оила мустаҳкамлигини таъминлашда, болалар тарбиясида, уларнинг миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топишида оналаримизнинг хизматлари катта. Бизда яна ўзига хос нарса борки, у кўп жиҳатдан ҳар бир хонадонда барқарор ва осойишта муҳитни шакллантиришда, ёшларга униб-ўсишлари учун қулай шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этади. Биз бу ўринда қайнона-келин муносабатларини назарда тутмоқдамиз. Албатта, аксарият ҳолларда мазкур масала оиланинг тинч-тотув яшашини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Лекин очиғини айтганда, баъзан тескари ҳолатлар ҳам вужудга келадики, у бутун жамиятдаги ижтимоий муҳитга салбий  таъсир қилиши мумкин.

 — “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловини ўтказиш ғоясини олға сурганда ҳам айнан мана шу ҳолатдан келиб чиққанди, — дейди партия вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Исроил Жўраев. — Шу кунларда мазкур тадбирнинг вилоят босқичлари бўлиб ўтмоқда. Уларда  ҳар жиҳатдан фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсатаётган, савияси, сиёсий онги юқори, хонадонларида тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган аёллар аниқланади ва  рағбатлантирилади.

Танловнинг вилоят босқичи Наманган шаҳридаги маданият ва аҳоли дам олиш марказида ўтказилди. Иштирокчилар  ўзларининг оила, маҳалла ва меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари, етакчилик ва нотиқлик қобилиятларига,   оилавий қадриятлар ҳақидаги чуқур тасаввурларга эга эканликларини ҳамда  маданият, маънавий-маърифатни янада юксалтириш орқали тарбиянинг энг самарали мақбул усулларини излаб топа олиш каби сифатларини кўрсатдилар.

“Адолатли қайнона” кўрик-танлови қатнашчилари саҳнада учта шарт бўйича ўзаро баҳс олиб бордилар.  Биринчи шартга кўра улар ўзларини ва оиласини  қисқача таништиришлари лозим эди. Иккинчи шарт эса  Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолияти ва мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир саволларга жавоб қайтаришни кўзда тутарди. Учинчи шартга кўра эса ҳар бир қайнона  эркин мавзуда  чиқиш қилиши талаб қилинарди.

  Танловда вилоят маркази ва туманлардан келган барча иштирокчилар пухта тайёргарлик кўриб келганлиги кузатиди. Ҳайъат аъзолари  уларнинг чиқишларини баҳолашда ташаббускорлиги, жамиятда кечаётган воқеа-ходисалардан хабардорлиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқарашининг мустаҳкамлиги, миллий ва умумбашарий қадриятларни қандай ўзлаштирганлиги, оилавий тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш  орқали оилада баркамол авлодни тарбиялашнинг энг самарали, мақбул усулларини излаб топа олиш каби жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бевосита танлов якунларига келсак, биринчи ўрин ва республика босқичида қатнашиш ҳуқуқи Чортоқ тумани вакиласи Ҳамрохон Эминозуновага насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринларга эса тўрақўрғонлик Мавлуда Розиқова ҳамда Наманган туманидан Башорат Ҳайитбоева эгалладилар. Ғолибларга дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди.

Шуни айтиш керакки, Ҳамрохон опа кўрик-танловнинг энг ёши улуғ қатнашчиси эди. Онахон ҳозир саксон ёшни қоралаб қўйдилар. Турмуш ўртоқлари вафот этгандан сўнг фарзандлар тарбиясини қўлга олганлар. Етти ўғил-қизни замонамизнинг муносиб кишилари бўлиб етишишлари учун бутун куч, билим ва ғайратларини сарфладилар. Бешта келин ва икки куёв ҳам оиланинг тенг ҳуқуқли аъзолари. Қирқ беш нафар набира ва чеваралар аҳил оиланинг порлоқ келажагини  таъминлаш  йўлида камол топмоқда.

 – Мен “Адолат” партияси мутасаддилари мана шундай танловни ўтказаётганликларини жуда маъқул иш деб ҳисоблайман, — дейди онахон. – Эркакларимиз оиланинг устуни, улар бизга фаровон турмуш учун шароитларни яратадилар. Аёллар, айниқса, қайноналарни эса бугунги кунда хонадонлаги маънавий муҳит учун жавобгар, деб ҳисоблайман.  Шунинг учун кўп нарса уларнинг оқилалигига, ишнинг кўзини билишига, ҳар бир соҳада адолатли бўлишларига боғлиқ. Мазкур танлов барчага ибрат бўлса, одамлар намойиш этилган саҳна кўринишларидан тегишли хулоса чиқарсалар  нур устига нур бўларди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Наманганда адолатли қайноналар аниқланди was last modified: Август 19th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »