ПРЕСС-РЕЛИЗ: Ёш олимлар

18 Август, 09:18 • Пресс-релизлар • 104 марта кўрилди • Комментариев к записи ПРЕСС-РЕЛИЗ: Ёш олимлар нет

18 август куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Ўзбeкистон Рeспубликаси Фанлар Акадeмияси ҳамкорлигида “Ёш олимлар ташаббусларни кўллаб-қувватлаш: муаммо ва таклифлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Республикамиз ёш олимлари билан ўтказилган ушбу бевосита мулоқотда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбeкистон Рeспубликаси интeллeктуал мулк агeнтлиги, Фан ва технологиялар Агентлиги масъул ходимлари, партия экспертлари, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари иштирок этди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Н.Умаров, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.Юлдашев ва бошқалар мамлакатимизда ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўз салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун уларга кенг имкониятлар яратиб берилаётганини алоҳида таъкидладилар. Айниқса, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш мақсадида ўтган йилларда қатор қонунлар, қарор ва давлат дастурлари қабул қилингани алоҳида қайд этилди.

Замонавий тараққиёт тенденцияси шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатнинг янада тараққий этиши учун юқори салоҳиятли, юрт равнақи учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган ёш олимларни етиштириш, уларнинг касбий, ижодий ва хизмат соҳаларида ўсиши учун олиб бораётган тадқиқот ишларининг амалиётга жорий этилишига имконият яратиб беришга қаратилган ҳамкорликдаги мақсадли чора-тадбирларни мунтазам равишда амалга ошириб бориш муҳим аҳамиятга эга.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаганларидан кейин биринчи бўлиб республикамиз илмий жамоатчилиги, академиклар, профессор-олимлар билан учрашгани ҳам бежиз эмас. Учрашувда республикамиз илм-фани, таълим тизимининг бугунги ҳолати ва эртанги келажаги билан боғлиқ бир қатор масалалар кўтарилган эди.

Ҳозирда жамиятимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида айниқса, илм-фан соҳасини босқичма-босқич ислоҳ қилишга, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёш олимлар ғояларини амалиётга жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳам Президентимиз долзарб йўналишлар қаторида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ёш олимларнинг муаммоларини ўрганиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратган эди.

Бинбарин, таълим тизимини ислоҳ этиш тарафдори бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси инновацион технология ва ишланмаларни тараққий эттириш масалалари мамлакатимизда илм-фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишига, уларнинг қўллаб-қувватланишига узвий боғлиқ, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда партия олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини кучайтириш, кичик инновацион корхоналар тузишни рағбатлантириш, уларнинг базасида тажриба ва экспериментал ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини ошириш, олий ўқув юртларининг илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтиришни долзарб масала деб ҳисоблайди.

Айниқса, докторлик диссертациясини ёқлаган ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, уларга тадқиқот ва изланишлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш учун докторликдан кейинги грантлар тақдим этиш партия Сайловолди дастуридаги муҳим вазифалардан бири саналади.

Партия томонидан ёш олимлар билан учрашув ўтказишдан мақсад ҳам республикамизда изланиш олиб бораётган ёш олимларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш ва янада кўллаб-қувватлаш борасида қонунчилик ташаббусларини илгари суриш, соҳанинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, илмий ихтироларга патентлар ажратилишига қулай шарт-шароит яратиш, илмий тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилишига эришишга қаратилди.

Очиқ мулоқот ва жонли мунозараларга бой бўлган учрашувда ёш олимлар ва талабалар ўзларини ўйлантираётган айрим масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирдилар.

Суҳбат давомида айрим ёш олимлар ўз илмий ғояси билан чет давлатларига чиқиб кетаётгани бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири эканлиги қайд этилди. Ушбу муаммони чуқур ўрганиш, уни бартараф этиш учун аввало иқтидорли ёшларга етарлича шароит яратиш, изланишларини қўллаб-қувватлаш ва уларни ҳаётга жорий этишнинг молиявий жиҳатлари билан боғлиқ ҳуқуқий асосларни яратиш зарурлиги партия депутатларининг муҳим вазифаси эканлиги таъкидланди.

Тадбир якунида илм-фан соҳасига масъул бўлган ташкилотлар билан “Адолат” СДП ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ёш олимларга амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг инновацион ғояларини амалиётга жорий этишда учраётган муаммо ва тўсиқларни аниқлаш, соҳага доир қонунчиликдаги бўшлиқларни ўрганиш, ишлаб чиқилган таклифларни партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясига тақдим этиш орқали ёш олимлар фаолиятини қўллаб-қувватловчи меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир истиқболли вазифалар белгилаб олинди.

ПРЕСС-РЕЛИЗ: Ёш олимлар was last modified: Август 18th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »