Мурожаат: “Пулимга ғалва сотиб олдим”

1 Август, 19:00 • Адолат шарҳи, Марказий аппарат, Янгиликлар • 147 марта кўрилди • Комментариев к записи Мурожаат: “Пулимга ғалва сотиб олдим” нет

Газетамиз электрон ва юридик манзилига юридик ҳамда жисмоний шахслардан келиб тушаётган электрон, ёзма ва оғзаки мурожаатларни мунтазам равишда чоп этиб бормоқдамиз. Қуйида эътиборингизга яна газетхонларимиз йўллаган мактублардан бирини ҳавола этамиз ва унда тилга олинган муаммо юзасидан тегишли ташкилот-муассасалар раҳбарларидан жавоб кутиб қоламиз.

Шунча оворагарчиликлардан сўнг қувончимнинг чеки кўринмасди. Афсуски, хурсандчилигим кўпга бормади. 17 июнь куни Нуробод туман ФИБ суди раиси А.Болтаев чиқарган ажримга асосан хусусий мулкимга айланиб улгурган, давлат рақами 30L 648 OA, “Нексия-2 Донс” русумли автомобилим Булунғур туман суд ижрочилари томонидан жарима майдонига олиб кетилди. Автомобилнинг ўз номимга қонуний расмийлаштирилган техпаспортини ҳам олиб кетишди.

“Ассалому алайкум, ҳурматли “Адолат” газетаси таҳририяти ходимлари!

Мен, Абдурасул Раҳимбердиев 2016 йил июнь ойида “Диёр Олимхон” МЧЖга асос солдим ва жамият Булунғур туман ҳокимлиги томонидан №0003828 рақами билан рўйхатга олинди. Ишни туманимизда савдо дўкони ва маиший-хизмат кўрсатиш марказини қурдиришдан бошладим. Қишлоғимиз марказдан анча узоқ бўлгани боис оилам билан маслаҳатлашиб, енгил автомобиль сотиб олишга қарор қилдик.

Қариндош-уруғлардан қарз олиб, 2017 йил 23 апрелда Самарқанд шаҳар “Мароқанд” автомобиль бозоридан давлат рақами 30L 648 ОА, “Нексия-2 Донс” русумли автомобилни 5800 АҚШ долларига сотиб олдим (бозордаги бошланғич олди-сотдимизни исботловчи тилхатни хатимга илова қилаяпман). Келишилган сумманинг ҳаммаси қўлимда бўлмаганлиги сабабли 4000 АҚШ долларини тўлаб, қолган 1800 АҚШ долларини бир ойдан кейин беришга келишдик. Орадан 12 кун ўтгач, 2017 йил 4 май куни менга Самарқанд шаҳар Беруний кўчаси 12-уйда жойлашган 7-сонли давлат нотариал идораси ходимлари томонидан автомобилнинг ҳужжатлари тахт бўлганлиги айтилди ва телефон орқали чақиришди. Қўлимда пулнинг қолган қисми тайёр бўлмаганлиги сабабли эртаси куни, яъни 5 май куни боришимни айтдим.

2017 йил 5 май куни нотариус А.Норқулов гувоҳлигида машина икки томонлама шартнома асосида номимга расмийлаштирилди. Пулнинг қолган қисмини нотариуснинг гувоҳлигида санаб, зарур ҳужжатларни тўплаган шахс – Донияров Зокирга бердим. Бир ҳафтадан кейин яна икки миллион етмиш минг сўм пул топиб, Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ транспорт воситаларини қайд этиш ва расмийлаштириш идорасидаги кассага давлат божини тўладим ва автомобиль гувоҳномасини ўз номимга расмийлаштириб олдим.

Шунча оворагарчиликлардан сўнг қувончимнинг чеки кўринмасди. Афсуски, хурсандчилигим кўпга бормади. 17 июнь куни Нуробод туман ФИБ суди раиси А.Болтаев чиқарган ажримга асосан хусусий мулкимга айланиб улгурган, давлат рақами 30L 648 OA, “Нексия-2 Донс” русумли автомобилим Булуняғур туман суд ижрочилари томонидан жарима майдонига олиб кетилди, жумладан, автомобилнинг ўз номимга қонуний расмийлаштирилган техпаспортини ҳам олиб кетишди.

Айтишларига қараганда, машинанинг сотилгани ва номимга расмийлаштирилганидан автомобилнинг собиқ эгаси Ходжаева Манзура Нормаматовнанинг хабари йўқ эмиш. Ажабо, то автомобиль менинг номимга расмийлаштириб бўлингунча, нотариус А.Норқулов, Самарқанд вилоят ЙҲХБ ходимлари нимани ўрганиб чиқишди? Ахир, мен хатти-ҳаракатларимни яширинча эмас, давлат идоралари орқали амалга оширдим-ку!? Бу кимларнингдир лоқайдлигими ёки мен автомобилни бозорда сотиб олган Донияров Зокирнинг фирибгар шериклари давлат идораларининг айрим тармоқларига чуқур “илдиз отиб” олишганми?!

Очиғини айтганда, фуқаро Донияров Зокир билан Ходжаева Манзура ҳамда нотариус идораси ва вилоят ЙҲХБ ўртасида қандай ришта ёки боғлиқлик борлиги мени қизиқтирмайди. Мени минг азоблар билан топган-тутганимни сарфлаб сотиб олган автомобилнинг ўзимга қайтиши қизиқтиради.

Ҳурматли таҳририят ходимлари, “камбағалнинг оғзи ошга етганда, бурнини қонатиш”лар ҳақидаги аризамни газета орқали ёритиб, менга автомобилимни қайтариб олишга ёрдам берсангиз…

Абдурасул Раҳимбердиев,

Булунғур тумани.

Юқоридаги мурожаат ва унга илова қилинган ҳужжатлар электрон манзилимизга келиб тушган. Очиғини айтганда, мурожаатда қайд этилган ҳолат ҳаётда тез-тез кузатилаяпти, деб айтолмаймиз. Айниқса, илова қилинган ҳужжатлар орасидаги нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси нусхасига эътибор қаратсак, ушбу шартноманинг “имзолар” қисмида автомобилнинг эгаси М.Н.Ходжаева имзоси ҳам келтирилганлиги мурожаатдаги ҳолат юзасидан туғиладиган саволларни кўпайтиради. Умуман олганда, мазкур ҳолат юзасидан тегишли ташкилот ва органлар ўз ваколатлари доирасида суриштирув ишларини олиб боришади, деган умиддамиз.

Мурожаат: “Пулимга ғалва сотиб олдим” was last modified: Август 1st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »