Таълим даргоҳларида бир хил форма зарурати

23 Август, 13:53 • Муносабат, Партия лойиҳаси, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 81 марта кўрилди • Комментариев к записи Таълим даргоҳларида бир хил форма зарурати нет

Эрталаб турмуш ўртоғимни ишга, болаларни боғчага кузатиб, ишга шошилиб турсам, ҳозиргина дарсга деб чиққан академик лицейда таҳсил олаётган қайинукам қайтиб келиб қолди.

-Нега бунча тез қайтдингиз, дарс йўқми? – деб сўрадим.

-Бор, ўқитувчимдан маззам йўқ деб жавоб олдим.

-Нима безовта қилаяпти, шифокорга борамизми ёки бирор хил дори керакми? -яна сўрадим.

-Йўқ, дарсга боргим келмаяпти, доим бир хил формада бораман, тенгдошларим ҳар дарсда ҳар хил кийим кийиб келади, ҳаммасида зўр-зўр телефон бор.

Қайнотам бевақт вафот этганидан сўнг, тўнғич фарзанд бўлган турмуш ўртоғим рўзғорнинг кам-кўстини бутлаш билан бўлиб, қайинукамни тенгдошларидан кам қилиб қўйдикмикан деб анча вақт ўйланиб юрдим.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таълим тизимида олиб борилаётган ишлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботларини тинглаш мақсадида ўтказилган мажлис вақтида мактаб, лицей ва коллеж ўқувчиларининг формасига эътибор қаратгани халқнинг дилидаги, айни пайтида кутилган гап бўлди.

Ҳақиқатдан ҳам, таълим даргоҳларига формада келадиган ўқувчида энг аввало масъулият, жавобгарлик ҳисси шаклланади. Форма кийган ўқувчи ўринсиз ҳаракатланишдан ўзини тортади, ўзини тартибга келтиради. Бир хил форма ўқувчиларни ҳар жиҳатдан тенглаштириб, ўқувчиларни ўзаро бирлаштиради, эътиборини, диққатни бўлинмаслигига, дарсни тўлиқ ўзлаштиришга ёрдам беради. Демак, бу ҳолат унинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади.

Юртбошимизнинг ушбу сўзлари айниқса “Адолат” СДП аъзолари ҳамда фаолларига янгича руҳ бағишлади, чунки бу партиямизнинг “Таълим муассасаларида ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳасини амалиётга кенг жорий қилишга мустаҳкам асос бўлди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа доирасида халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги партия ишчи гуруҳимиз томонидан “Мактаб ўқувчиларининг кийиниш маданияти, умумтаълим мактабларида асоссиз равишда ортиқча маблағлар йиғиш тўғрисида”ги масала Самарқанд шаҳар мисолида ўрганиб чиқилди ва вилоят партия кенгашининг “Умумтаълим мактабларида таълим соҳасига оид муаммоларни бартараф этиш” юзасидан чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастур асосида мазкур масалани атрофлича ўрганиш, кенг жамоатчилик ва фуқароларнинг фикрларини билиш мақсадида ишчи гуруҳи тузилиб, 2015 йилнинг апрел-май ойларида жойларда сайловчилар билан учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Самарқанд шаҳрида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган аҳоли ўртасида анкета-сўровномалари ўтказилиб, кенг жамоатчилик фикри ўрганиб чиқилди. Учрашувлар натижаси ва анкета-сўровлари таҳлили аҳолининг аксарият қисми мазкур масалаларга жиддий муносабатда эканлигини кўрсатди. Ушбу масала Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши сессияси кун тартибида муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Бу борада Самарқанд шаҳридаги мактабларда ижобий натижаларга эришилганлиги айниқса қувонарли ҳол.

Албатта, жамият тараққий этиб боргани сайин, ҳар томонлама баркамол, етук инсонни шакллантириш талаблари ортиб бораверади. Зеро, миллат – маърифатли, ватан – виқорли бўлиши учун мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган, юрт тақдири учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга қодир, дахлдорлик ҳисси билан камол топган ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларимиз кўламини янада кенгайтириш биз адолатчиларнинг устувор вазифамиз ҳисобланади.

 Лола САЙИДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Таълим даргоҳларида бир хил форма зарурати was last modified: Август 23rd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »