Танқиддан тўғри хулоса – амалий натижаларга асос

31 Август, 15:34 • Адолат газетаси, Адолат шарҳи, Муносабат, Янгиликлар • 59 марта кўрилди • Комментариев к записи Танқиддан тўғри хулоса – амалий натижаларга асос нет

Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳамда барча туман, шаҳар кенгашлари раислари иштирокида сиёсий форум бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 июлда ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда партиянинг барча тузилмалари фаолиятини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш, белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида, самарали ижро этилишини таъминлаш масалалари форумда атрофлича муҳокама қилинди. Партия депутатлик корпуси ҳамда вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари раисларининг иш фаолияти қайта кўриб чиқилиб, белгиланган режаларни самарали амалга ошириш механизмлари юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.

Форумда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров маъруза қилди.

— Жорий йилнинг 9 август куни видеоселектор тарзида ўтказилган партия Сиёсий Кенгашининг VIII Пленумида давлатимиз раҳбарининг маърузасидан келиб чиқадиган хулосалар ўрганилиб, амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди, — деди Н.Умаров. — Унда, айниқса, партиямиз дастурида илгари сурилган энг муҳим ижтимоий йўналишлар, жумладан, тиббиёт ва таълим тизимида йиғилиб қолган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича амалий ташаббуслар илгари сурилди.

Бу борада партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан назорат қилинадиган давлат бошқаруви органлари доираси аниқланиб, уларнинг ҳисоботи ва ахборотини фракция мажлисларида ва партия гуруҳлари ташаббуси асосида маҳаллий Кенгашларда эшитиш бўйича иш режалари ишлаб чиқилди.

Хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шу асосда эндиликда ҳудудий партия кенгашлари халқ таълими бошқармалари, олий таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш бошқармалари билан, маҳаллий кенгашлар эса халқ таълими бўлимлари ва тиббиёт бирлашмалари билан ҳамкорликда иш ташкил этадилар.

Тадбирда партиявий лойиҳаларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўяётган туман ва шаҳар кенгашлари фаолияти ҳам танқид қилинди. Жумладан, партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида таълим муассасаларида тиббий хизмат ҳолати республика бўйича мавжуд жами мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларининг 17 фоизи (851 та боғча, 1647 та мактаб)да танлаб олиш асосида, жамоатчилик назорати тартибида ўрганилган бўлиб, ушбу жараёнда Хонобод шаҳар, Булоқбоши, Қўрғонтепа, Ромитан ва Қоровулбозор туман партия кенгашлари қониқарсиз фаолият кўрсатганлиги танқид остига олинди.

Ўрганишлар натижалари бўйича партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан ушбу масалалар ҳозирга қадар 2 та вилоят ҳамда 28 та туман, шаҳар халқ депутатлари кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритилганлиги қайд этилиб, бу борада ташаббус ва натижаларга эриша олмаган кенгашларга аниқ кўрсатмалар берилди.

Шу билан бирга, партиянинг “Таълим муассасаларида ижтимоий тенглик” лойиҳаси доирасида ўқувчиларнинг ягона формасини жорий қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 16 август куни халқ таълими тизими масъуллари билан ўтказган учрашувида айнан ўқувчилар учун ягона форма жорий қилиш масаласини кўтарганлиги партия ташаббуси билан илгари сурилган муаммолар эътиборсиз қолмаётганидан далолат экани эътироф этилди. Ўз навбатида, ўқувчилар ягона формасининг жорий этилиши устидан самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали кўзланган мақсадга тўлақонли эришиш учун бу катта имконият эканлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги, айниқса, туман Кенгашларидаги депутатларнинг масъулияти ва фаоллигини ошириш, уларнинг партия билан алоқаларини мустаҳкамлаш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Бу борада депутатлик гуруҳлари фаолиятини жонлантириш ва тизимли йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойидан халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари билан яқиндан фаолият олиб борадиган ижрочи котиб-мутахассис лавозими ҳудудий ва қуйи кенгашларда жорий қилингани, улар депутатлик гуруҳларига амалий кўмак бериши айтиб ўтилди.

Шунингдек, “Марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган янги тизимни жорий этиш баробарида “Фракция – марказ – вилоят – туман” тизими бўйича партия ташкилотлари ўртасидаги алоқадорликни кучайтириш кераклигига эътибор қаратилди. Бунда айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаларини партиянинг бошланғич ташкилотларида, маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар, экспертлар ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, йиғилган таклифларни шу тизим орқали фракцияга етказиш амалиёти йўлга қўйилади.

Тадбирда партия тизимида кадрлар билан ишлашни кучайтириш, етакчиларнинг сиёсий билим ва малакасини ошириш, бошланғич партия ташкилоти фаолиятини янада кенгайтириш, ёшлар билан ишлаш масалалари хусусида ҳам алоҳида сўз юритилди.

Форум якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Рустам ҲАЙИТОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши раиси:

— Президентимиз иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилиши сиёсий партиялар фаолиятида туб бурилиш ясади. Қолаверса, эндиликда ижро ҳокимиятининг ҳам партияларга нисбатан муносабати ижобий томонга ўзгариб, ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Ҳозирда ижро ҳокимияти бизга фуқароларнинг мурожаатларини жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш таклифи билан чиқиб, мансабдор шахслар эшитувини ташкил қилишда яқиндан кўмаклашмоқда. Бу эса жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда амалий натижа бермоқда.

Ўтган икки ой ичида “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида Навоий вилоятидаги жами 72 та мактабгача таълим муассасаси ва 123 та умумтаълим мактабларидаги ўқувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш, ичимлик суви билан таъминланиш, синфхоналардаги ўқувчилар сонининг белгиланган меъёрларга мослиги ва ўқув дарсликлари билан таъминланганлик ҳолати ўрганилиб, аниқланган муаммолар халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳамда 9 та туман, шаҳар кенгашлари сессияларига олиб чиқилган бўлса, “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида вилоятимиздаги давлат ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни архивларда сақланиш ҳолати бўйича ўрганилган масалалар ҳам халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳамда барча туман, шаҳар маҳаллий Кенгашлари сессияларида муҳокама қилинди. Ҳозирда “Жамоатчилик назорати — қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида маҳаллалардаги ички йўлларнинг ҳолатини ўрганиш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш борасидаги ишларни давом эттираяпмиз. Ушбу масала ҳам бугунги кунга қадар халқ депутатлари Навоий шаҳар ва Кармана туман Кенгашлари сессияларида кўрилган бўлса, қолган барча Кенгашларнинг тегишли доимий комиссияларида кўрилиб, навбатдаги сессиялар кун тартибига таклифлар берилди.

Шунга қарамай ҳали олдимизда турган вазифалар жуда кўп. Айниқса, бугунги форумда ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, ёшлар билан ишлаш масаласида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар мавжуд. Жумладан, уюшмаган ёшлар билан аниқ, манзилли ва доимий иш олиб борадиган тизим яратишимиз зарур. Айниқса, ёт оқимларга кириб қолган ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг дунёқарашини ўзгартиришимиз, оиласида маънавий муҳитни яхшилашимиз лозим. Ушбу жараёнда депутатларимиз ролини оширишимиз керак.

Меҳринисо КАРИМОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Асака туман кенгаши раиси:

— Давлатимиз раҳбарининг парламент аъзолари ва сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида сиёсий партияларга берилган танқидий баҳо биз, “адолатчи”ларни ҳам ўз фаолиятимизни танқидий руҳда кўриб чиқишга ундади.

Асака туманида бугун “адолатчи”лар маълум маънода ўз ўрнини яратган бўлса-да, ҳали олдимизда бажарилиши лозим бўлган кўплаб вазифалар турганлигини тушуниб етдик. Жамиятимизда барча соҳаларни янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнлари изчил давом этмоқда. Ушбу жараёнларда партия ва депутатлик гуруҳининг ўрни ва масъулияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, биринчи навбатда, амалий ишларимиз учун асосий механизм бўлган маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятини янада жонлантиришимиз зарур. Шу боис туман кенгаши депутатларининг ўз сайлов ҳудудида фуқаролар қабулини ўтказиш, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари билан хонадонма-хонадон юриб, сайёр қабуллар ўтказишлари йўлга қўйилди. Натижада 50 дан ортиқ муаммолар халқ вакилларининг аралашуви билан ўз ечимини топди.

Партиямизнинг барча ҳудудий ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган сиёсий форум фаолиятимиздаги камчиликларни яна бир бор сарҳисоб қилиб, режа ва дастурларимизни амалга оширишнинг механизмларини аниқ белгилаб олиш ҳамда бошқа ҳудудлардаги намунали партия ташкилотларининг иш тажрибалари билан ўртоқлашиш имконини берди.

Шаҳризод ҲАКИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Ўртачирчиқ туман кенгаши раиси:

— Фаолиятимизга берилган танқидий баҳодан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, ҳозирги кунда туман партия кенгашида иш услубимизни тубдан янгилашга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу борада чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, уни ҳаётга татбиқ этишга киришдик. Бунда халқ орасига кириб, уларнинг қувончу ташвишларига шерик бўлишга, мавжуд муаммоларни бартараф этиб, фуқароларга енгиллик яратиш орқали сайловчиларимизнинг ишончини оқлашни бош мақсад қилиб олдик.

Бугунги сиёсий форумда ҳам ҳудудий партия ташкилотлари фаолиятидаги камчиликлар танқид остига олинганлиги ўринли, деб ўйлайман. Айниқса, депутатларимизни фаолликка чақириш, уларни халқнинг дарди билан яшашга бошлаш бугунги даврнинг талабидир.

Албатта, бундай форумлар фаолиятимизни янада такомиллаштиришда, зиммамиздаги масъулиятли вазифаларни тўлақонли бажаришимизда, бир-биримиз билан тажриба алмашишимизда сиёсий майдон вазифасини ўтайди.

Илёс САХАТОВ,

“Adolat” мухбири.

Танқиддан тўғри хулоса – амалий натижаларга асос was last modified: Август 31st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »